Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Адлия вазирлиги IWPRни рўйхатга олмаётир


Феруза Ўзбекистон Адлия вазирлиги Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти – IWPRнинг қайта рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризасига, муддат ўтиб кетган бўлса-да, жавоб бермаётир. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ва хорижий ташкилотларнинг Адлия вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтиши 1 апрелда ниҳоясига етди. Маълумотларга қараганда, вазирлик бир неча шундай ташкилотлар, жумладан, IWPRнинг қайта рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги арзасига ҳамон жавоб бермаган.

IWPRнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоеванинг таъкидлашича, Уруш ва тинчликни ёритиш институти журналистик ташкилот бўлиб, унинг бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. IWPR 1991 йилда бир гуруҳ журналистларнинг Болқондаги воқеаларни холис ёритиш тўғрисидаги ташаббуси билан ташкил этилган. Бугунги кунга келиб бу ташкилот 23 та мамлакатда ўз офиси ва ваколатхонасига эга. IWPR 2001 йил сентябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Аккредитация муддати бир йил қилиб белгилангани сабабли 2002 йил сентябрда қайта рўйхатдан ўтиш бўйича муаммолар бошланган. Ташқи ишлар вазирлиги 2003 йил ноябргача ташкилотни турли баҳоналар билан рўйхага олмасликка ҳаракат қилган.

Г.Бухорбоева бу баҳоналар ҳақида шундай деди:

“Ташкилотимиз вакилларини, хусусан, мени журналистика одобига хилоф фаолият юргизишда, асоссиз танқидий мақола ёзишда айблашди ва шунинг учун рўйхатдан ўтказмасликларини билдиришди. Агар қўйилган айбларда заррача асос бўлса, унда нега менга нисбатан қонунчилик асосида иш кўришмайди? Биз руҳан тушкунликка тушмадик ва 2004 йил январда Адлия вазирлигига ҳужжат топширдик. Бироқ ҳунузгача жавоб олганимиз йўқ”.

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг фикрича, IWPR мухбирлари Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ва инсон ҳуқуқлари бўйича бўйича таҳлилий мақолалар ёзган. Бу ташкилотнинг рўйхатга олинмаётганига ҳам мамлакатдаги воқеаларни холис ёритгани сабаб бўлиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, Г.Бухорбоева Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни чуқур тушунади. У мамлакатда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни холис ёритиб келаётгани кимларгадир ёқмаган. IWPR ёпиладиган бўлса, бу Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга қарши ҳаракатдир.

И.Худобергановнинг сўзларига қараганда, хорижий ва халқаро ташкилотларни рўйхатга олиш ваколатининг Ташқи ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига берилиши ҳукуматга ёқмаган ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш учун бир баҳонадир.

Г.Бухорбоеванинг айтишича, IWPR аҳолини, қолаверса, маҳаллий ҳамкасбларни Ўзбекистонда ва хорижда рўй бераётган воқеалардан хабардор қилиб келган. Табиийки, аҳолининг маълум қисмини холис ахборот ва маълумотлардан хабардор қилиш Ўзбекистон ҳукуматига қандайдир хавф туғдиради.
XS
SM
MD
LG