Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:05

Урологик касалликлар кўпаймоқда


Маълумотларга кўра, экологик муҳитнинг ёмонлашиши муносабати билан Хоразм вилоятида турли касалликлар кўпаймоқда. Айниқса, ичимлик сув сифати пасайиши туфайли урологик хасталиклар тобора кенг тарқалаётир.

Хоразмда Соли Нафасовни қўли енгил уролог сифатида ҳурмат қилишади. 30 йиллик иш тажрибасига эга С.Нафасов вилоят клиник шифохонасининг урология бўлимини бошқаради.

Шифокорнинг сўзларига қараганда, вилоятда урологик касалликлар йилига 3-4 фоиз ошиб боряпти. Айниқса, буйрак ва сийдик йўлларида тош пайдо бўлиши, аномалия, простотага чалинган беморлар кўпаймоқда. Вилоятдаги шифохоналарда урологик хасталикка чалинган беморлар учун мўлжалланган мавжуд 70 ўрин кейинги пайтларда анча камлик қилаётир.

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, вилоят аҳолиси истеъмол қилаётган ичимлик суви аслида ичишга яроқсиз. Вилоят санитария ва гигиена соҳаси ходимлари ҳам ичимлик сувнинг қаттиқлик даражаси жуда юқорилигини тан олади. Хоразмда ичимлик сув таркибида ҳар хил зарарли тузлар миқдори 22-23 фоиз экани аниқланган.

С.Нафасовнинг айтишича, бир йилда урологик касалликларга чалингандан мингдан ортиғи операция қилинади. Агар бундан 30 йил илгари вилоят бўйича сийдик йўллари ракига дучор бўлганлар сони бир йилда 1-2 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб ойига 4-5 та бемор шундай касалликка чалингани аниқланмоқда.

Маълумотларга кўра, буйрак ва сийдик йўлларида тош пайдо бўлиши мамлакат бўйича Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда энг кўп учрайди. Мазкур минтақада оналар ўлимининг кўпайишига ҳам айнан урологик касалликлар сабаб бўлмоқда.

С.Нафасовнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда айрим чақалоқларнинг буйрак ва сийдик йўлларида тош билан туғилиши кузатиляпти.
XS
SM
MD
LG