Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:58

Кичик жамоа бошидаги ташвишлар


Басира Бухоро вилояти Когон тумани ҳокимлиги муассислигида чоп этиладиган “Когон ҳаёти” газетаси тумандаги ягона нашр ҳисобланади. Йил бошида 1500 нусхада босилган бу газетанинг тиражи биринчи чоракдан сўнг мингтагача тушиб кетди.

Газета масъул котиби Сулаймон Шодиевнинг таъкидлашича, “Когон ҳаёти”нинг тиражи борган сари камайиб бормоқда. Бунинг ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Маблағ йўқлиги сабабли газета бир ойда одатдагидек тўрт марта эмас, балки икки марта чоп этилмоқда.

Газета таҳририятида тўрт киши ишлайди. Шундан икки нафаригина ижодий ходим. С.Шодиевнинг бир ўзи газетада ҳам масъул котиб, ҳам муҳаррир ва мусаҳҳаҳдир. Айни пайтда С.Шодиев Когон туманлараро суди томонидан жавобгарликка тортилган. Бунга сабаб “Когон ҳаёти”нинг 2003 йил 15 июль сонидаги “Кенгашли тўй тарқамайди” сарлавҳали мақоласида Когон шаҳридаги 3-маҳалла оқсоқоли Жўрақул Арабов ҳақида гўёки ноўрин, исботланмаган маълумотлар тарқатганидадир. Оқсоқол Ж.Арабов шаъни ва қадр-қиммати топталгани даъвоси билан судга мурожаат қилиб, С.Шодиевдан маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

С.Шодиевнинг айтишича, ўтган йилнинг июль ойида 3-маҳалла аҳлидан бир гуруҳи оқсоқол фаолиятидаги камчиликлар ҳақида таҳририятга шикоят йўллаган. Журналист хатга имзо чекканлар ва бошқалар билан суҳбатлашган, вазиятни ўрганган. Натижада шикоят хатида келтирилган айрим камчиликлар тасдиқланмаган. “Кенгашли тўй тарқамас” мақоласида тасдиқланмаган фактлар ҳам келтириб ўтилган. Шу билан бирга, маҳалла аҳлининг кўпчилиги оқсоқол фаолиятидан норозилигини айтган ва бу гаплар мақолага киритилган. Ж.Арабов эса ишдан бўшаб кетгандан сўнг мақола туфайли ўзининг шаъни топталгани ҳақида судга даъво аризаси берган. Ўтган йилнинг 4 декабрида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига кўра журналист жаримага тортилган ва газетага раддия эълон қилиш шарти қўйилган.

Айни пайтда газета зиммасида даъвогарга 50 минг сўм жарима тўлаш ва раддия эълон қилиш мажбурияти турибди. С.Шодиев эса суд қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб, юқори инстанцияга мурожаат этган.
XS
SM
MD
LG