Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Принципиалликми ё...


Якунига етган ҳафтанинг иккинчи ярмида Қозоғистоннинг собиқ пойтахти – Алмати шаҳрида Евроосиё Медиа Форуми бўлиб ўтди. Форум ишида иштирок этган Президент Назарбоев оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги қонунни имзоламаслигини билдирди.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаси устидаги ишларни Қозоғистон ҳукумати 2002 йили бошлаган эди.

Янги қонун лойиҳасини республика жамоатчилиги жуда кенг муҳокама қилди. Лойиҳага 600дан зиёд тузатиш ва ўзгартишлар киритиш таклиф қилинди. Парламентнинг қуйи палатаси - Мажлис шунча ўзгартишдан 150 тасини инобатга олди. Охир-оқибат Сенат қонунни шу йилнинг мартида қабул қилди. Шундан сўнг, ҳамма гап Президентда қолган, агар у имзоласа, қонун кучга кирар эди.

Бироқ, Алматида бўлиб ўтган Евроосиё Медиа Форумининг биринчи иш кунида чиқиш қилар экан, Президент Назарбоев:
"Конституциявий Кенгашнинг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"га қонуннинг баъзи меъёрлари Конституцияга зиддир, деган хулосаси кеча қўлимга тегди. Қонунга кўра, давлат раҳбари сифатида мен Конституциявий Кенгаш қарорига вето қўйишга ҳақим бор, бироқ, мен масаланинг ҳуқуқий асосда ҳал бўлишини истаб, жамоатчилик билан журналистлар фикрларини инобатга олган ҳолда, Конституциявий Кенгаш қарорига вето қўймасликка қарор қилдим, - деди.

Хўш, Конституциявий Кенгашга янги қонуннинг нимаси ёқмади?

Кенгаш аъзоси Қабилсаят Абишев Озодлик мухбирининг мана шу саволига жавоб берар экан, қонундаги асосан 4 меъёр Конституцияга зиддир, деди.
"Улардан биринчиси шуки, - дейди жаноб Абишев, - қонунда "фуқаро" атамасига урғу берилган. Эртага Қозоғистонга келадиган бирон киши, россиялик бўладими, ўзбекистонликми, ахборот тарқатар бўлса, биз унга қилган ишинг қонунга зид, чунки сен Қозоғистон фуқароси эмассан, деймизми? Қозоғистонда ҳар бир киши, қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъиназар, ахборот тарқатиш ҳуқуқига эгадир".

Жаноб Абишевдан олинган маълумотларга қараганда, янги қонунда раддия бериш ҳуқуқи фақат Қозоғистон фуқароларига берилгани, чет элликлар эса, Қозоғистонда бундай ҳуқуқдан маҳрум қилингани, ахборотни эркин йиғиш ва тарқатиш ҳуқуқи нафақат қонун, балки юридик кучи озроқ бўлган бошқа меъёрий ҳужжатлар билан ҳам чеклаб қўйилиши белгилангани Конституцияга зид, деб топилган.

Конституциявий Кенгашнинг матбуот тўғрисидаги янги қонунни Асосий Қонунга зид, деган қарор чиқариши, бу қарорни мамлакат Президенти дарҳол қўллаб-қувватлаши, ўз қарорини у ташкилий жиҳатларига кўра анча бообрў анжуманда эълон қилиши Қозоғистондаги асл вазиятдан бехабар одамга кучли таъсир қилиши мумкин. Хўш, асл вазиятни билган одамгачи? Бундай киши Нурсултон Назарбоевнинг чиқишини ҳам, унинг қизи Дариға Назарбоева уюштирган медиафорумни ҳам жамоатчилик кўзини бўяш учун ўтказилган "PR", дейди холос. Ғарблик таниқли журналист, Transtions Online нашрининг бош муҳаррири Жереми Дрюкер 23 апрел куни эълон қилган мақоласини "PRнинг марказийосиёлик усталари", деб номлади. Дрюкернинг фикрича, "сўз эркинлиги шафқатсизларча бўғилаётган мамлакатда дабдаба билан анжуман ўтказиш, юмшоқроқ айтганда, кулгилидир".

Ғарблик журналистнинг фикри Қозоғистоннинг бошқа юқори лавозимли расмийси, Парламентнинг қуйи палатаси раиси Жармахан Туяқбайнинг мана бу фикрига ҳамоҳангдир.
"Оммавий ахборот воситалари устидан якка ҳокимликни бекор қилиш шу куннинг энг асосий муаммоси бўлиб турибди. Биз ана шу масалани ечишимиз лозим", - деди Парламент спикери.

Агар эътибор берган бўлсангиз, на Конституциявий Кенгаш вакили ва на Президент бу ҳақда гапирди. Хўш, нега? Ҳамма гап шундаки, маҳаллий мутахассисларнинг таъкидлашларича, Қозоғистондаги нуфузли оммавий ахборот воситаларининг мутлақ кўпчилигини Президент Назарбоев оиласи, хусусан, Евроосиё Медиа Форуми ташкилотчиси Дариға Назарбоева назорат қилади.
XS
SM
MD
LG