Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:38

Партия давлат таъминотига ўтса, кимга фойдаю кимга зарар?


Тўлқин 29 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг навбатдаги сессияси очилади. Хўш, мазкур сессияда муҳокама этиладиган қонун лойиҳалари аҳоли манфаатларига қай даражада мос тушади? Аҳолининг депутатларга муносабати қандай?

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган аксарият фуқароларнинг айтишича, депутатлар сайловчиларнинг манфаатларини, қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди. Чунки мамлакатда демократия йўқ.

Уларнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон сиёсий ҳаётида депутатларнинг ўрни билинмайди. Депутатлар ва аҳоли ўртасида ҳеч қандай муносабат ўрнатилмаган.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, кўпчилик депутатлар шахсий манфаатни кўзлаб парламент аъзолигига интилади. Депутатликка сайлангунча шахсий маблағларини сарфлайди, сайловчиларга ваъдалар беради. Бироқ кейин халқдан узоқлашиб кетади.

Олий Мажлиснинг собиқ депутати Ойгул Маматованинг билдиришича, сиёсий ғоя, сиёсий партиялар орқали сайланган депутатларгина қўрқмасдан муаммоларни кўтара олади. Ҳокимият изни билан парламент аъзоси бўлганлар эса халқдан узоқлашади ва самарали фаолият кўрсата олмайди.

О.Маматованинг айтишича, 1990-йиллар бошида айрим депутатлар “Бирлик” халқ ҳаракати саъй-ҳаракатлари билан сайлангани учун халқ иродасини ифода эта олган. Чунки улар демократия асосида сайланган эди. Бу депутатлар халқнинг муаммоларини кўтариб чиқишдан чўчимасди. Зеро, уларнинг ортида халқ, қолаверса, “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партияси турарди.

Олий Мажлиснинг 29 апрель куни бошланадиган навбатдаги сессияси кун тартибига сиёсий партиялар ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам киритилган.
О.Маматованинг таъкидлашича, бу қонун лойиҳасида сиёсий партиялар таъминотини давлат томонидан амалга ошириш кўзланган.

“Сиёсий партиялар ҳеч қачон давлат томонидан молиялаштирилмаган. Бу қонун нуқтаи назаридан ҳам мумкин эмас. Шу вақтгача улар аъзолик бадаллари, тадбиркорлик ишлари, ҳомийлар маблағлари кўмагида фаолият кўрсатган. Агар эндиликда сиёсий партиялар давлат томонидан молиялаштириладиган бўлса, у икки томонлама давлатга боғлиқ бўлиб қолади. Ҳозиргача рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг ишлаш имконияти йўқ эди. Уларнинг таъминоти ҳам давлатга ўтадиган бўлса, бундан баттарроқ қарамликка маҳкум бўлади”, - деди собиқ депутат.

О.Маматованинг сўзларига қараганда, сессияда мана шу қонун лойиҳаси тасдиқланса, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бешта сиёсий партия давлат бюджети, яъни аҳолидан ундирилган солиқлар ҳисобидан фаолият кўрсатади. Шундай экан, халқнинг пулига ишлайдиган партиялар одамларга нима қилиб бераётир, деган саволни ўртага ташлаш лозим.
XS
SM
MD
LG