Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:52

Олий Мажлис биноси маъмурияти Президентга қарши...ми?


Шайбон Ўзбекистон Олий Мажлисининг 29 апрель куни бошланган сессиясига таклиф этилган журналистларнинг ўз вазифасини бекаму кўст бажариши учун бу сафар ҳам шароит яратиб берилмади.

Барча ноқулайликлар сессия очилишидан бир соат олдин бошланди. Дастлаб журналистлар тадбирни бевосита мажлислар залида кузатиб бориш имконидан маҳрум этилди. Олий Мажлис биноси маъмурияти айни чекловни журналистлар барча ўринларни эгаллаб олиши натижасида дипломатларга жой қолмаётгани, бу эса уларни норозилик нотаси ёзишга ундаётгани билан изоҳлади.

Маъмурият журналистларга бинонинг пастки қаватидан махсус хона ажратиб берди. Бу ерда тахминан 100 кишилик ўриндиқлар, мажлисни кузатиб бориш учун махсус монитор ўрнатилганди. Аммо сессия бошланса-да, мониторда тасвир кўринмас, карнайдан фақат узуқ-юлуқ овоз эшитиларди. Журналистлар бу овозлардан Президент ўз маърузасини бошлаганини англади. Овоз узатиш қурилмаларининг ишламаслиги журналистларда эътироз туғдирди. Таажжубланарлиси шундаки, бу нуқсон Олий Мажлис биноси маъмуриятини саросимага солмади. Зеро, одатда улар Президент маърузаси вақтида бундай нуқсонлар бўлишидан худо асрашини тилаб яшайди.

Маъмуриятнинг ҳаракатсизлигини кўрган журналистларнинг ўзлари овоз ёзиш имкониятини қидира бошлади. Бундай имконият топилди ҳам. “Озодлик” радиосининг тожик хизмати мухбири Мирасрор Фарғонийнинг айтишича, журналистлар кичик бир хонага ўтиб, ўша ердаги карнайдан овоз ёзиб олишга мажбур бўлган. Бироқ хона тор бўлгани сабабли журналистларнинг барчаси у ерга сиғмаган.

Албатта, сессияда маъруза қилган Президент ҳеч вақт икки оғиз гап билан кифояланмайди. Кам деганда 50-60 дақиқа гапиради. Демак, журналистлар Ўзбекистон раҳбарининг нутқини қандай шароитда кузатиб борганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яна бир ҳамкасбимиз Жамшид Шомуродов сессиялар вақтида журналистлар доимо шундай ноқулайликларга учрашини таъкидлайди. Унинг айтишича, ҳатто бир сафар Олий Мажлис биноси маъмурияти ва хорижий ОАВ вакиллари ўртасида зиддият ҳам пайдо бўлган. Яъни маъмурият вакиллари журналистларни ўтирган жойидан турғизиб юборган. Натижада журналистлар норозилик билдирган. Шундан кейин журналистларга алоҳида жой ажратилган. Лекин бу ерда ҳам овоз ёзиб олишда қийинчиликлар мавжуд.

Президент сессияда ҳам, матбуот анжуманида ҳам журналистлардан ўзи айтган гапларни халққа етказишни сўраган эди. Бироқ маъмуриятга бу гаплар етиб бормаётгани кишини таажжубга солади.

Юзага келган вазият бир савол туғдиради. Журналистларни мажлис залидан чиқариб юбориб, ҳеч қандай қулайликларга эга бўлмаган хонага қамаб қўйишдан мақсад нима?

Ж.Шомуродовнинг фикрича, маъмурият “журналистларни чақирдингми, чақирдим” қабилида иш юритади.

Олий Мажлиснинг матбуот хизмати вакили юзага келган вазият техник сабабларга боғлиқ эканини таъкидлади. Бу техник камчиликларни сессия бошланиши олдидан бартараф этишнинг имкони йўқмиди, деган саволга эса у жавоб беришни истамади.

Шу ўринда Президентнинг: “Вақтни тўхтатиб бўладими? Ҳаётни тўхтатиб бўладими?” деган риторик саволи эсга тушади. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, вақтни ҳам тўхтатиб бўлмайди. Аммо, афтидан, Президент нутқини узуқ-юлуқ етказиш, унинг журналистларга қарата айтаётган илтимосига тўсқинлик қилиш мумкин кўринади.
XS
SM
MD
LG