Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:50

Футбол ўйнаш хавфли..ми?


Шайбон Маълумотларга кўра, 3 май куни кечки соат еттиларда милиция махсус бўлинмаси аскарлари Собир Раҳимов туманидаги “Ниҳол” маҳалласида истиқомат қиладиган 20 га яқин фуқарони футбол ўйнаётган маҳалда ҳибсга олган.

“Ниҳол” маҳалласи фуқаролар йиғини вакилларининг таъкидлашича, милиция ходимлари йигитларни ушлаб тургани ҳақида хабар келиши билан улар стадионга борган. Стадион четида махсус бўлинма аскарлари 18-19 нафар йигитни ерга ётқизиб қўйганини кўришган. Бундай ҳаракатлардан мақсад нималигини сўрашганда эса вакиллардан бўлиб ўтаётган воқеаларга аралашмаслик талаб қилинган ва ҳеч қандай тушунтириш берилмаган. Ушланганлар орасида вояга етмаган ўсмирлар ҳам бўлган.

Маҳалла вакиллари милиция ходимларининг бу ҳаракатини “қонунга хилоф” ва “босқинчилик, зўравонлик” деб атади. Йигитларнинг бу тахлит ҳибсга олиниши маҳалла аҳлида ҳам кучли норозилик уйғотди.

Хабарларга қараганда, ушлаб кетилган йигитларнинг аксарияти 4 май куни кечга яқин қўйиб юборилган. Лекин уларга нима сабабдан ҳибсга олингани ҳақида тушунтириш берилмаган.

Қўйиб юборилган йигитларнинг сўзларига қараганда, футбол ўйнаётганлар орасида бўлган қўшни маҳаллалик бир йигитнинг қўлига кишан солиб олиб кетишган. Унинг кейинги тақдири ҳамон номаълум бўлиб турибди.

Айни пайтда маълум бўлишича, “Ниҳол” маҳалласида истиқомат қилувчи 43 ёшли Муҳаммаджон Абдуҳафизов ҳам милиция бўлимида олиб қолинган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, М.Абдулҳафизов паспортидаги суратида соқол бўлгани учун ҳибсдан бўшатилмаган. Стадиондан олиб кетилганларнинг аксарияти алоҳида-алоҳида хоналарда номаълум мақсадда сўроқ қилинган.

Маҳалла оқсоқолларининг билдиришича, шу вақтгача милиция томонидан ушлаб кетилган йигитларнинг ҳеч бирида ножўя хатти-ҳаракатлар кўзга ташланмаган.

“Озодлик” мухбири ушбу воқеа юзасидан муносабат билдиришни сўраб Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлимининг тергов бўлими бошлиғи Дилмурод Нуриддиновга мурожаат қилди. Бироқ у бирор изоҳ билдириш, М.Абдуҳафизовнинг тақдири ҳақида маълумот беришдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG