Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:10

Ўзбек уни нон ёпишга ярамайди


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришгани маҳаллий матбуотда кўп ва хўп такрорланади. Лекин етиштирилган ғалладан тайёрланган уннинг сифати қай даража экани ҳақида лом-мим дейилмайди. Кўпчилик истеъмолчилар Ўзбекистон унининг сифати ўта пастлигидан шикоят қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, маҳаллий ундан нон ёпишнинг иложи йўқ. Шунинг учун нонвойлар Қозоғистон унини ишлатишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон нонвойларининг донғи кетган. Шу боис бўлса керак, ўзбек нонвойлари хорижий мамлакатларга чақириб олиниб, ўша ерда нон ёпиш билан шуғулланмоқда. Нонвойлардан бирининг айтишича, у Исроилда олти ой бўлиб, ўша ерда нон ёпган. Ўзбекистонга қайтгач, уни Канадага чақиришган. У Канадада ўзбек тандирини ўрнатиб, ширмой нонлари билан канадаликларнинг эътиборига тушишга муваффақ бўлган. АҚШда ўзбек нонларини пиширишни йўлга қўйган тадбиркорлар ҳам топилади.

Нонвойларнинг сўзларига қараганда, улар Ўзбекистоннинг арзонроқ унини ишлатишдан аслида манфаатдор. Лекин бу ун нон ёпишга ярамайди. Ҳатто Қозоғистон уни билан аралаштириб ҳам бу ундан нон ёпиб бўлмайди.

Қишлоқ хўжалиги мутахассиси Султон Холназаровнинг таъкидлашича, ўзбек деҳқонларида сифатли ун олинадиган буғдой етиштириш учун тажриба йўқ. Чунки илгари Ўзбекистонда суғориладиган майдонда буғдой экилмаган. Қозоғистонликлар эса буғдой етиштиришда эллик йиллик тажрибага эга. Аммо улардан тажриба ўрганиш ҳам кўп ёрдам бермаслиги мумкин. Зеро, Ўзбекистоннинг иқлим шароити Қозоғистондагидан фарқ қилади. Шу боис, мамлакат иқлимига мос келадиган ғалла етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш даркор.
XS
SM
MD
LG