Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:41

Газета ноқонуний тарқатилганми?


Феруза Маълумотларга қараганда, Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан “Цензура индекси” халқаро ташкилоти ҳомийлигида Тожикистонда рус тилида бир марта чоп этилган “Соседи” газетаси Ўзбекистонда тарқатилгани юзасидан суриштирувлар бошлаб юборилган.

Мазкур махсус сон юзасидан Ўзбекистонда текширув бошлангани муносабати билан газета ижодий жамоаси Интернет орқали баёнот тарқатди.

“Соседи”нинг махсус сонини тайёрлаш жараёнининг илк босқичидаёқ фаолиятимизни мазкур мамлакат қонунчилиги асосида юритиш юзасидан биз ўзбекистонлик тажрибали ҳуқуқшунослардан керакли маслаҳатлар олганмиз ва шу асосда иш тутганмиз. Сўз эркинлигини кафолатлайдиган Ўзбекистон қонунчилиги биз нашр қилган ахборотларга ўхшаш ахборотларни четдан олиб келиш ва уларни тарқатишга ҳам қаршилик қилмайди, деб эътироф этамиз. Шундай асослар билан биз “Соседи”нинг махсус сони бўйича олиб борилаётган суриштирувлар қонун доирасида ҳал этилишига умид қиламиз”, дейилади баёнотда.

“Соседи” газетасининг бор-йўғи бир марта чоп этилган сонида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақида маълумотлар берилган.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, “Евроосиё” жамғармаси ҳомийлигида ҳам айни номдаги газета чоп этилади. Бу газетанинг Ўзбекистондаги иловаси “Қўшнилар”, Қирғизистондагиси “Қўшнулар” ва Тожикистондагиси “Соседи” номи остида чиқади. Лекин “Цензура индекси” ҳомийлигида чиқарилган “Соседи” газетасининг бу иловаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Евроосиё” жамғармаси ҳомийлигида Ўзбекистонда чоп этиладиган “Қўшнилар” нашри айни пайтда Андижоннинг “Иқбол” газетасига илова сифатида ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. “Иқбол” газетаси вакиллари “Цензура индекси” ҳомийлигидаги “Соседи” газетасининг чоп этилганидан ва Ўзбекистонда тарқатилганидан мутлақо бехабар эканини билдирди.

“Озодлик” мухбири ҳуқуқшунослар билан ҳам суҳбатда бўлиб, “Цензура индекси” ташкилоти кўмагида нашр этилган “Соседи” газетасининг Ўзбекистон ҳудудида тарқатилиши мамлакат қонунчилигига қанчалик мос келишини сўради. Уларнинг таъкидлашича, мазкур газетанинг Ўзбекистонда тарқатилишида ҳеч қандай қонун бузилишига йўл қўйилгани йўқ. Зеро, газетадаги мақолаларда конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва миллатлараро зиддиятга чорловчи чақириқлар мавжуд эмас.
XS
SM
MD
LG