Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Уруш фахрийсининг кўксидаги нишонда айб нима?


Яқинда бутун дунё фашизм устидан қозонилган ғалаба кунини нишонлади. Ўзбекистонда ҳам бу сана Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилинди. Лекин баъзи марказий газеталарнинг байрам сонларидаги суратларда уруш фахрийлари кўкракларидаги орден ва медаллар ретушь (бўёқ ёки қалам билан расмнинг кам-кўстини тузатиш) қилинди.

Мустақил журналист Эльмира Ҳасанованинг таъкидлашича, газеталарнинг байрам сонларида чоп этилган суратларнинг ретушь қилинишига фахрийларнинг орден ва медаллари собиқ СССРга тегишли бўлгани сабабдир. Масалан, “Правда востока” газетасининг 8 май кунги сонидаги уруш фахрийлари Пётр Глушков ва Мажид Рашидовнинг суратларидаги СССР орден ва медаллари кўз илғамаслиги учун ретушь қилинган.

“Биз мустақиллик йилларида чоп этилган газеталарда СССР орден ва медалларини кўрмаймиз. Бўлса ҳам бу суратлар узоқдан олинган ва нишонлар қанақалигини ажратиб олиш жуда қийин. Мен “Правда востока”нинг фотомухбири билан гаплашдим. Унинг айтишича, сураткашларга СССР орден ва медалларини йирик планда суратга олмаслик ҳақида кўрсатма берилган экан”, - деди Э.Ҳасанова.

Э.Ҳасанованинг эътирофича, бу ҳолат уруш фахрийларининг кўнглига жуда қаттиқ тегяпти. Улар учун бу орден ва медаллар бутун бир тарих, жанггоҳларда кечган суронли йилларнинг азиз хотираларидир.

“Озодлик” мухбири “Права востока”да уруш фахрийси Пётр Глушков ҳақида мақола ёзган журналист Лев Савельев билан ҳам суҳбатлашди. Журналистнинг таъкидлашича, фотомухбирларга совет орден ва медалларини ретушь қилиш, фахрийларни фуқаролик кийимида суратга олишга кўрсатма берилган. Жумладан, мақола қаҳрамони Пётр Глушковнинг нишонлари ҳам ретушь қилинган.

“Правда востока” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасановнинг сўзларига қараганда, бу анъана бир неча йиллардан буён давом этади.

Б.Ҳасанов ким бу ҳақда топшириқ берганини айтмади, лекин ташаббус ўзидан чиқмаганини ҳам таъкидлади.

“Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими маслаҳатчиси Иброҳим Расулов 9 май куни ўзини ҳам суратга туширишгани, лекин газетада бу суратлар ретушсиз босилганини билдирди.

Хўш, бу орден ва медалларни кўрсатишнинг нима ёмон жиҳати бор? Ахир уруш фахрийлари қандай тузумда яшаётганидан қатъий назар фашизмга қарши курашган-ку?

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов бу ҳолатни уруш фахрийларига бўлган ўта кетган ҳурматсизлик, дея баҳолади. Унинг айтишича, бу тарихни бўяб кўрсатишдир.

Расмий маълумотларга қараганда, ҳозир Ўзбекистонда 40 мингга яқин уруш қатнашчиси истиқомат қилади. Ўтган бир йил давомида уруш қатнашчиларининг 1,5 минг нафари вафот этган. Мамлакат Президенти Ислом Каримов 9 май куни Хотира майдонида қилган чиқишида бу ҳақда таассуф билан гапириб, ҳаёт бўлган уруш фахрийларини авайлаб-асраш лозимлигини айтганди.
XS
SM
MD
LG