Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:16

Швейцария водий қишлоқларини ичимлик суви билан таъминлайди


Феруза Маълумотларга қараганда, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги Фарғона водийси қишлоқлари аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашга молиявий кўмак ажратмоқда.

Хабарларга кўра, Фарғона водийсида истиқомат қилувчи 60 фоиз аҳоли санитания талабларига жавоб берадиган сув билан таъминланмаган. Бу ҳудудда диария, дезинтерия ва сариқ касалликлари, болалар ўлими кўрсаткичларининг юқорилиги айнан аҳолининг яроқсиз ичимлик сувдан фойдаланиши оқибатидир.

“Озодлик” мухбири Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги халқаро сув котибияти раҳбарларидан бири Габриэл Ригаллет билан суҳбатлашди. Айни пайтда у Фарғона водийси қишлоқларида ичимлик сув муаммоларини ҳал қилиш ишлари билан банд экан.

“Биз Фарғона ва Андижон вилоятларида аҳоли истеъмол қиладиган ичимлик сув таркибининг бузилиб кетгани, унинг фойдаланишга яроқсизлигини ўргандик ва айни пайтда бу муаммонинг олдини олиш билан машғулмиз. Бунинг учун, энг аввало, жойлардаги мавжуд сув инфратузилмасини тиклаш ёки янгиларини қуриш керак. Ер усти сувларининг ҳаддан ташқари ифлосланиб кетганига қарамай, водий аҳолисини ер ости манбалари билан таъминлаш имконияти бор. Бунинг учун артезиан қудуқлари қазиш, тозалувчи фильтлар ўрнатиш лозим. Бу иш маҳаллий маъмурият ва аҳолининг доимий назоратида бўлиши керак”, - деди Г.Ригаллет.

Г.Ригаллетнинг билдиришича, агентлик лойиҳасидан мақсад аҳолини, айниқса, ёшларни бу ишга жалб этиш, улардан ташаббускор гуруҳлар тузишдир. Чунки қишлоқларда ичимлик сувининг яроқсизланишига аҳолининг ўзи ҳам сабабчи бўлмоқда.

Г.Ригаллетнинг сўзларига қараганда, биргина қишлоқни сифатли ичимлик сув ва санитария воситалари билан таъминлаш учун ўртача 30-40 минг доллар маблағ талаб этилади. Бу маблағнинг 75 фоизи грантлар шаклида ажратилади. 25 фоизи эса аҳоли томонидан йиғилиши керак. Бундан ташқари, лойиҳани амалга оширишдан мақсад нафақат аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, балки сув ресурсларини бошқаришнинг марказлашган моделини яратиш ва бутун вилоятга тадбиқ этишдир.
XS
SM
MD
LG