Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:16

Биохилмахиллик камайиб бормоқда


22 май Биохилмахилликни сақлаш халқаро куни сифатида нишонланади. Олимлар ва табиат муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси бугунги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган техника асри қурбони бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги биохилмахиллик ўтган асрнинг 60-йилларидан сўнг жиддий бузила бошлаган. Минглаб гектар янги ерлар очилиши туфайли ўсимлик турлари кескин камайган, ҳайвонлар эса бошқа жойга кўчган, баъзан янги ерларга мослаша олмай нобуд бўлган.

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси миллий менежери Асҳад Ҳабибуллаевнинг таъкидлашича, мамлакатда бутун жаҳонда бўлгани каби биохилмахилликнинг камайиб бораётгани кузатилмоқда. Масалан, уч юздан ортиқ турдаги ўсимлик йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Шунингдек, бир қанча турдаги жонзотларнинг ҳам қирилиб кетиши хавфи мавжуд. Уларни сақлаб қилиш учун зудлик билан чора-тадбирлар кўриш лозим. Ўзбекистонда биохилмахилликни асраб қолиш мақсадида миллий дастур ишлаб чиқилган.

Менежернинг айтишича, биохилмахилликдаги мувозанатни сақлаш учун ҳар бир давлат ҳудудининг камида ўн фоизи ўрмонлардан иборат бўлиши ва қўриқланиши лозим. Лекин Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳозирги кунда атиги 4 фоизни ташкил этади.

Мутахассисларнинг фикрича, биохилмахилликдаги мувозанатни бузаётган асосий омиллардан бири инсонларнинг ўзларидир. Ривожланаётган мамлакатларда одамлар қашшоқлик оқибатида бевосита ёки билвосита табиатга ҳужум қилмоқда. Дарахтлар шафқатсиз кесилиб, ноёб ҳайвонлар қириб юбориляпти.

А.Ҳабибуллаевнинг билдиришича, Ўзбекистонда ҳам бундай ҳолат кузатилмоқда. Ғарбий Тяньшань ҳудуди ҳисобланадиган Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманларининг кўплаб қишлоқларига газ етиб бормагани, кўмирнинг қимматлиги сабабли аҳоли дарахтларни кесиб, ўтин сифатида фойдаланмоқда.

А.Ҳабибуллаев тоғ ёнбағрида яшовчи аҳолига кичик грантлар ажратиш дастури лойиҳалаштирилган бўлиб, бунга 200 минг доллар маблағ ажратилганини маълум қилди. Бу дастур тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолининг ўзига даромад манбаи яратиб олишига ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилган.

Мутахассислар Ўзбекистондаги биохилмахилликни сақлаб қолиш йўлларидан бири сифатида мамлакатда экотуризмни ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирмоқда. “Экосан” халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметовнинг таъкидлашича, экотуризм ривожланган ҳудудларда табиатга эътибор ортади, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Ю.Шодиметовнинг айтишича, 1991 йилда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига 163 турдаги ўсимлик киритилган. 1999 йилда китобда улар сони 301 тага етган. Бунинг асосий сабаби бир томондан иқлим таъсири бўлса, иккинчидан антропоген ва техноген таъсирлардир.
XS
SM
MD
LG