Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:47

Қишлоқ болалари ўгайми?


Тўлқин Статистик маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда ўрта мактабларнинг 9 ва 11-синфларини битирганлар сони 894 минг 555 нафарни ташкил этади. Бу ўқувчиларнинг аксарияти 9-синфни битиради.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига қараганда, ўтган йили ўрта мактабларнинг 11-синфини 300 минг нафар атрофида ўқувчи битирган. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2003 йилда Ўзбекистондаги 61 олий ўқув юртининг (ОЎЮ) бакалаврлик курсларига 54 мингдан зиёд, магистрлик курсларига 5 мингдан ортиқ талаба қабул қилинган. Бу рақамларни қиёслаганда ҳар олти битирувчидан биттаси ОЎЮ талабалигига мушарраф бўлгани кўринади.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 181-ўрта мактаб илмий мудири Саодат Мукаррамованинг сўзларига қараганда, 2002-2003 ўқув йилида мазкур мактабнинг 9-синфини 248 ўқувчи битирган. Уларнинг 60 фоизи лицей ва коллежлар талабаси бўлган. 40 фоизи эса таълимни ўқув курсларида ёки ўз мактабида давом эттирган. 11-синфни эса 45 ўғил-қиз битирган. Битирувчилардан 10 нафари ОЎЮга ўқишга кирган. 20 таси касб-ҳунар мактабларида, 15 таси тайёрлов курсларида таҳсил олган.

Тошкентдаги 217-ўрта мактаб директори ўринбосари Феруза Карашированинг маълум қилишича, ўтган йили бу мактабнинг аксарият битирувчилари ОЎЮга ўқишга қабул қилинган. 217-мактаб Тошкентдаги олти намунали таълим муассасасидан бири бўлгани боис бу борадаги кўрсаткич бошқа мактаблардагидан анча юқори. Мазкур мактаб ўқувчиларидан бир нечаси Қозоғистон ва Россиядаги олий таълим муассасаларига ҳам қабул қилинган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистондаги аксарият ўрта мактаблар қишлоқларда жойлашган. Ф.Карашированинг таъкидлашича, олий ўқув юртларига кириш кўпроқ шаҳар, асосан, пойтахт мактаблари битирувчиларига насиб этади.

Кузатувчиларга кўра, қишлоқ мактаблари битирувчилари ўртасида ОЎЮга кирувчилар камлигига жиддий сабаблар бор. Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Холиқназар Ғаниевнинг фикрича, қишлоқ мактаблари ўқувчиларининг университет ёки институт талабаси бўлиши имкониятини йўққа чиқараётган биринчи омил уларнинг дала ишларига мунтазам жалб этилаётганидир. Қишлоқ мактабларида ўтилиши лозим бўлган дарсларнинг тахминан ярми қолиб кетади. Ўқувчилар йил давомида турли қишлоқ хўжалик ишлари билан банд бўлади.

Ўзбекистонда олий таълимнинг 60 фоизи пулли ҳисобланади. Х.Ғаниевнинг билдиришича, қишлоқларнинг аксарият аҳолиси бу маблағни тўлашга қобил эмас. Чунки ҳозир ОЎЮда бир йиллик ўқиш баҳоси ярим миллион сўмга етди. Бунча маблағни қишлоқдаги юз кишидан биригина тўлай олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG