Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ўлим жазоси тарафдори


Тўлқин Яқинда Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда қатнашганларнинг деярли саксон фоизи мамлакатда ўлим жазоси сақланиб қолишини қўллаб-қувватлади.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган ушбу сўровда етти вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилувчи 1200 нафар респондент иштирок этди. Ушбу тадбир натижалари ҳақида эълон қилинган маълумотномада шундай дейилади:

“Сўров натижалари шуни кўрсатадики, ўзбек жамиятида ўлим жазосига нисбатан муайян муносабат шаклланган. Мамлакатнинг аксарият фуқаролари, яъни 78,2 фоизи энг оғир жиноят содир этганлик учун олий жазо сифатида ўлим жазоси қўлланилиши мумкин ва лозим, деб ҳисоблайди. Сўров иштирокчиларининг фақат 21,8 фоизи ўлим жазоси қўлланишини ёқламади. Ўзбекистон фуқаролари фикрича, ўлим жазоси агар жиноятчи содир этган жиноят шунга лойиқ бўлса, адолатли жазодир”.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раисаси Тамара Чекунова ўлим жазоси давлат томонидан қонунийлаштирилган қотиллик эканини таъкидлади.

“Инсонни қатл этиб, одам ўлдириш гуноҳини ўз бўйнига олган давлат одам ўлдирган жиноятчидан нимаси билан фарқ қилади? Жуда кўп мамлакатлар, ҳатто Туркия, Туркманистонда ҳам ўлим жазоси бекор қилинди. Бу мамлакатларда мазкур жазо бекор қилингани учун оғир жиноятлар сони кўпайиб кетмади, аксинча камайди. Ўлим жазосига ҳукм этилган жиноятчи бу дунёни тарк этади, лекин унинг фарзанди-чи? Демократик жамиятда шафқатсизлик ва қасос олишга ўрин йўқ. Давлат демократия интилаётган бир пайтда ўлим жазосини қўллар экан, бу билан у аслида қасос олиш амалини бажарган бўлади. Яъни ўлдирилган бир киши учун бошқасини ҳам ўлдиради”, деди Т.Чекунова.

Тамара Чекунова ижтимоий сўровлар нисбий характерга эгалиги, унда қатнашган кишиларнинг аксарияти ўлим жазоси тарафдори эканига сабаб Ўзбекистонда бу жазо қандай ижро этилиши ҳақида тасаввурга эга эмаслигидадир, дея фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда ўлим жазоси ҳақидаги барча маълумотлар сир тутилади. Аҳоли бир йилда неча киши ўлимга ҳукм этилишидан, уларга сўнгги бор қариндошлари билан учрашишга рухсат этилмаслигидан бехабар. Ота-оналар фарзандлари қачон қатл этилгани ва қаерда дафн қилинганидан ҳам хабарсиз қолади.

Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг сўзларига қараганда, Ислом динида инсон ҳаёти энг мўътабар ва қимматли ҳисобланади. Шунинг учун инсон ҳаётини сақлаб қолиш шариатнинг асосий мақсадларидан биридир. Ўлим тўғрисида гапирганда инсоннинг ҳукми ўтмаслигини таъкидлаш зарур. Аллоҳ таоло жонни сақлашга буюриш билан бирга уни ҳимоя қилиш маъносида уч ўринда ўлим ҳукмини чиқарган. Шулардан бири одам олдирган кишидан қасос олиш учун ўлдиришдир. Буни ҳукумат амалга оширади. Бунинг учун жиноятчининг айби тўла тасдиқланиши керак. Шунда ҳам, марҳумнинг яқинлари жиноятчини кечирса, ўлим ҳукми қолдирилиши мумкин. Оилали бўла туриб зино қилган ва буни эътироф этган ёки зиноси собит бўлган кишиларга ҳам ўлим ҳукми белгиланган. Шунингдек, катта хиёнат қилган, яъни ўз динидан чиқиб, бошқа динга кирганларга ҳам шундай жазо лойиқ кўрилган.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Олимжон Ўсаровнинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати ўлим жазосини босқичма-босқич бекор қилиш йўлидан бормоқда. Жиноят кодексида 1994 йилда 13 та модда бўйича ўлим ҳукми чиқариш мумкин бўлган. 1998 йилда бу жазо тури бешта модда бўйича бекор қилинган. Ўтган йили яна икки модда асосида ўлим жазоси бекор қилинган. Ҳозирги кунда фақат ўта оғир жиноятлар ва террорчилик бўйича бу жазо сақланиб қолинган
XS
SM
MD
LG