Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Ким кимга талпинмоқда, Ўзбекистон Хитойгами ёки аксинча?


Жорий йилнинг 14 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказади, шунингдек, 16 июнда Тошкентда бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этади. ХХР раисининг ташрифи 18 июнь куни ниҳоясига етади.

Тошкентда бўладиган учрашувларда бир неча икки томонлама музокаралар ўтказилиши ва ҳужжатлар имзоланиши назарда тутилган. Бу ҳужжатлар ичида икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган келишувга катта аҳамият берилаётгани айтиляпти.

Ўзбекистон Президенти девони матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Ху Цзинтаонинг ташрифи икки давлат муносабатларида жуда муҳим ўрин тутади. Бу Хитой раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи мақомидаги илк сафаридир. Шу боис, томонлар бу ташрифга катта умид билан қарамоқда. Ху Цзинтаонинг Ўзбекистонда беш кун давомида бўлиши кўп нарсадан давом беради.

Баъзи кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг илгари қалин алоқада бўлган Ғарбдан кўнгли совиб, энди Шимол ва Шарққа қараб интиляпти. Ш.Қудратхўжаевнинг фикрича, Ўзбекистон ўз сиёсатини белгилашда фақат Ғарбга ёки фақат Шимол ва Шарққа қараб иш тутмайди. Балки қайси томонда мамлакат манфаатларини кўрса, ўша йўналишда иш тутади.

“Озод деҳқонлар” партияси аъзоси Аҳтам Шоймардоновнинг таъкидлашича, илгари Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқаси илиқ эмас эди. Чунки Ўзбекистон стратегик ҳамкор сифатида фақат АҚШ билан қалин муносабатда эди. Энди эса бу алоқалар анча совуқлашиб, мамлакат янги ҳамкорлар излай бошлади.

“Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада кўзда тутилган инсон ҳуқуқлари масаласига риоя қилмади. Шунинг учун АҚШ Ўзбекистонга тазйиқ ўтказа бошлади. Ўзбекистон ҳукумати АҚШнинг бу борадаги талабларидан воз кечмаслигини англаб, инсон ҳуқуқлари масаласи иккинчи даражали бўлган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга уриняпти. Зеро, Хитойда ҳам авторитар тузум ҳукм суряпти ва бу икки мамлакатнинг ўзаро манфаатларига мос келади”, - деди А.Шоймардонов.

Маҳаллий кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг фикрича, Европада тикланиш ва тараққиёт банкидан умид бўлмагандан, АҚШнинг беоқибат эканини англагандан сўнг Хитой томон юз бериш Ўзбекистон учун зарурият туғдирди. Бу алоқа Хитой учун янги хомашё бозорига кириб келиши учун имконият беради.
XS
SM
MD
LG