Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:03

НАТО Ироққа қўшимча куч юборадими?


Азизулло Арол АҚШнинг Жоржия штатида бўлиб ўтган "Саккизлик гуруҳи" саммитида Президент Жорж Бушнинг баëн қилишича¸ НАТОнинг Ироққа қўшин юборишига ҳожат йўқ. Бироқ¸ НАТО мутахассислари Ироқ хавфсизлик кучлари ходимлари малакаларини оширишларига ëрдам қилишлари мумкин. Одатда "Саккизлик гуруҳи"га аъзо давлатлар лидерларининг йиллик йиғинида иқтисодий масалалар муҳокама қилинади. Аммо бу йилги саммит кун тартибидан Ироқда хавфсизлик масаласи асосий ўрин эгаллади.

Ривожланган етти демократик давлат ҳамда Россияни ўз ичига олган "Саккизлик гуруҳи"нинг йиллик саммити ниҳоясида ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Президенти Жорж Буш НАТОнинг Ироққа қўшимча куч юборишини кутмаëтганини таъкидлади.

"Мен Ироққа НАТОнинг қўшимча кучлари юборилади¸ деб ўйламайман. Бу нореалдир ва буни ҳеч ким таклиф қилаëтгани йўқ. Биро Биз¸ агар Ироқ ҳукумати илтимос қилса¸ НАТОнинг Ироқ хавфсизлик кучларини тайëрлашга ëрдам беришига қарши бўлмаган бўлар эдик" - деб баëн этди Президент Буш¸ жумладан.

Маълумки¸ Ироқда АҚШдан ташқари "Саккизлик гуруҳи"га аъзо бошқа уч давлат – Британия¸ Италия ва Япония қўшинлари хизмат қилмоқда. Гуруҳнинг қолган тўрт аъзоси – Канада¸ Франция¸ Германия ва Россия бошидан Ироқ урушига қаршилик кўрсатиб келмоқда.
8-10 июн кунлари бўлиб ўтган "Саккизлик гуруҳи" саммитида Германия канцлери Герҳард Шрëдер¸ НАТОнинг Ироққа қўшимча қўшин юборишига қаршилик қўрсатмаслигини¸ бироқ¸ Германия бунга ҳисса қўшмаслигини таъкидлади.

Франция Президенти Жак Ширак эса¸ Ироқда НАТО кучларининг бўлишига қаршилик билдирди.

Унинг айтишича¸ минтақада НАТОнинг ҳар қандай кўринишдаги иштироки хавфли бўлиб кўринмоқда. Бу хавф насроний Ғарб билан мусулмон Шарқ ўртасидаги зиддиятнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

НАТОнинг Ироқда қандай рол ўйнаши шу ой охирида Истамбулда ўтказиладиган НАТО йиллик саммитида аниқ маълум бўлади.

АҚШ Президентидан¸ модомики НАТОнинг кенг кўламда ҳарбий ҳисса қўшиши кутилмаëтган экан¸ Ироқдаги хавфсизлик учун жавобгарликни АҚШ ўз зиммасига оладими¸ деб сўралганида¸ у жавобгарлик ироқликлар зиммасида бўлишини айтди.

"Ироқ хавфсизлиги ироқликлар зиммасида бўлади. Улар ўз мамлакатлари хавфсизлиги таъминлайдилар ва биз уларга бу ишда кўмаклашамиз. "Саккизлик гуруҳи" лидерлари Ироққа қандай ëрдам кўрсатиш масаласини кенг муҳокама қилдилар" - деди АҚШ Президенти.

Шунингдек¸ "Саккизлик гуруҳи" раҳбарлари Яқин Шарқ¸ Шимолий Африка¸ Афғонистон ва Покистонда демократик ва ижтимоий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини таъкидладилар. Айни пайтда саммит аъзолари дунëнинг уруш майдонига айланган минтақаларига ëрдам кўрсатиш мақсадида 75 минг аскардан иборат тинчлик сақловчи кучларни ташкил этишга келишдилар.

Иқтисодий масалаларда "Саккизлик гуруҳи" раҳбарлари дунëнинг ўта қашшоқ мамлакатларига қарз ва ëрдам бериш дастури муддатини яна икки йилга узайтиришга келишиб олдилар. Улар шунингдек¸ Ироқнинг Париж Клубидан 120 миллиард доллар ҳажмидаги қарзини енгиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқдилар. Бироқ¸ ушбу қарзнинг қанчасидан воз кечилиши ҳақида келишувга эришмадилар.
XS
SM
MD
LG