Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:11

АҚШ Россиянинг Чеченистондаги сиёсатини қўллай бошладими?


Абдуллоҳ Эргаш Шу йилнинг май ойида АҚШ суди Чеченистоннинг собиқ Ташқи Ишлар вазири Илёс Аҳмедовни сиёсий қочоқ деб топиб, мамлакатда яшаб қолишига рухсат берган эди. Бироқ, АҚШ Ички Хавфсизлик Департаменти ўз даврида Чеченистон-Россия урушининг олдини олиш учун кўп ҳаракатлар қилган Илёс Аҳмедовни террорчи деб атамоқда ва суддан қарорни ўзгартиришни талаб қилмоқда.

АҚШда Илёс Аҳмедовнинг тарафдорлари анчагина. Уларнинг орасида Конгресс аъзолари ва АҚШ Давлат Департаментининг собиқ раҳбарлари ҳам бор. Шунга қарамай, Жорж Буш ҳукумати Илёс Аҳмедовни Чеченистон муҳолифати вакили ва террорчи, деб атаб, уни мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Оқ Уй расмийларининг Илёс Аҳмедов борасидаги нуқтаи назарлари Кремл карчолонлари фикри билан уйғун келмоқда. Россия Президенти Владимир Путин ҳам кўп маротаба “ Аслан Масхадов раҳбарлигидаги Чеченистон собиқ ҳукумати террорчилар ҳукумати эди”, қабилида баёнот берган эди. Кузатувчиларга кўра, Вашингтон Илёс Аҳмедовни террорчи деб атаб, очиқдан – очиқ Россиянинг Чеченистонда олиб бораётган сиёсатини қўллай бошлаганлигини намоён этди.
“Вашингтон Пост” газетасининг сиёсий шарҳловчиси Энн Эплбаум, Жорж Буш ҳукуматининг бу талаби ғайриоддийдир, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Президент Буш маъмурияти Илёс Аҳмедов террорчи эмаслигини яхши тушунади ва Чеченистоннинг собиқ Ташқи Ишлар вазири сиёсий мақсадларда “қурбон” қилинаётир.
- Оқ Уй ёки АҚШ Ички Хавфсизлик Департаменти сиёсий жабҳада Путин қўлловига эга бўлиш мақсадида, Аҳмедовни мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Улар бу борада Путин фикрига қўшилишларини ва Аҳмедовни террорчи, деб тан олишларини билдирмоқдалар. Негаки, Путин Оқ Уйнинг мана шу тарзда ҳаракат қилишини анчадан бери кутаётган эди,- дейди “Вашингтон Пост” газетаси таҳлилчиси Энн Эплбаум.
Таҳлилчига кўра, Оқ Уй томонидан қабул қилинган бу қарор Россия матбуоти томонидан “Буш Россиянинг Чеченистондаги сиёсатини қўлламоқда” қабилида талқин этилиши мумкин. Шунингдек, Энн Эплбаум Вашингтон Илёс Аҳмедовни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш билан, ўзининг Чеченистон муаммосидан четлаганлигини кўрсатмоқда.
Айрим таҳлилчилар, Нега Жорж Буш ўзини Ироқ урушида қўлламаган ва шу кунгача ҳамкорлик тўғрисидаги кўп таклифларни назар-писанд қилмай келаётган Владимир Путинга марҳамат кўрсата бошлади, деган саволга жавоб изламоқдалар.
Вашингтондаги Като институтининг ҳарбий таҳлилчиси Чарлз Пэйн, бу саволнинг жавоби унча қийин эмас, деб шундай фикр билдиради:
- Россия жуда катта ядровий арсеналга эга. Биз айни пайтда уларнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам ядровий қуролларимизни қисқартириш борасида ҳамкорлик қилаяпмиз. Албатта, бу жараённинг тўхтаб қолиши АҚШ манфаатида эмас. АҚШ, шунингдек, постсовет ҳудудида таъсирини кенгайтириб олгач, Россия сиёсатида милитаризм (қуролланиш) элементлари пайдо бўлишини ҳам истамайди. Шунинг учун, баъзи масалаларда Россияга ён берилмоқда.
Чарлз Пэйнга кўра, Оқ Уйнинг бундай ён бериш сиёсати Чеченистоннинг собиқ Ташқи Ишлар вазири Илёс Аҳмедов, қолаверса Чеченистон халқи ва мужоҳидлари тақдирида кескин салбий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Вашингтоннинг Чеченистон муаммосидан ўзини-ўзи четлатганлиги эса, бу ўлкада инсон ҳуқулари аҳволининг янада ёмонлашувига олиб келади.
XS
SM
MD
LG