Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Китоб ўқимай қўйди одамлар


Собик иттифоқ даврида ўзбекистонликлар энг китобхон халқлар қаторига кирар эди. Китоб дўконлари ҳар доим китобхонлар билан гавжум бўлар, талабалар янги чиққан асарларни излаб юрарди. Бугун эса бу манзаранинг мутлақо тескарисига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ўзбекистонлик зиёлилар одамларнинг китоб ўқимай қўйганига улар кундалик ташвишлардан ортмаётганини сабаб қилиб кўрсатади. Бугунги кунда энг катта ташвиш рўзғор тебратиш, бола-чақа боқиш бўлиб қолган.

Адабиётшунос олим Санжар Содиқовнинг таъкидлашича, мамлакатда ижтимоий ҳаётнинг оғирлиги кишиларни китоб ўқиш вақт ажратишга тўсқинлик қилмоқда. Асосий китобхонлар бўлиши лозим бўлган талабаларнинг аксарияти бугунги кунда тирикчилик ўтказиш учун ишлашга мажбур. Бундан ташқари, кўпгина асарлар саҳналаштирилган, кино қилингани учун кишилар уларни ўқишдан кўра томоша қилишни афзалроқ билади.

Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизга яқини қишлоқларда яшайди. Қашқадарё вилоятидаги қишлоқ мактабларидан бирининг ўқитувчиси сўзларига қараганда, болаларда китоб ўқишга қизиқиш сўнган. Бунга уларнинг эртадан кечгача рўзғор ишларида ота-онасига ёрдам бериши сабабдир. Ёзги таътил вақтида ўқувчилар мол боқади, ем-хашак жамғаради. Ўқиш бошлангандан сўнг эса улар пахта теримига сафарбар этилади. Бундан ташқари, кишиларнинг китоб харид қилишга молиявий имконияти йўқ.

Жамиятшунос Олимжон Маҳмудовнинг фикрича, иқтисодий муаммолар китоб ўқимасликка баҳона бўла олмайди. Мамлакатда китоб савдоси яхши ташкил этилмаган. Китоб рекламаси қониқарли аҳволда эмас. Кўпгина китоблар газета қоғозида чоп этилади. Юксак сифатли қоғозда босилган китоблар эса мазмунан анча саёз. Шунингдек, китоб дўконлари ва кутубхоналар жуда ночор аҳволда экани ҳам китобхонлик даражаси пасайиб кетишига сабаб бўляпти.

С.Содиқовнинг таъкидлашича, китоб ўқиш даражасининг пасайиб бориши кишиларнинг руҳига, билим савиясига, дунёқарашига, умуман маънавий дунёси ривожига салбий таъсир кўрсатади. Лекин бу таъсир дарҳол билинмайди. Унинг зарарли оқибатлари секин-аста юзага чиқади ва келажакда даҳшатли шаклда намоён бўлади.
XS
SM
MD
LG