Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:58

Путин МДҲ тақдирини башорат қилди


Тўлқин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини мустаҳкамлаш керак ёки унинг тарқалиб кетишини кутиш лозим. Россия Президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгашининг 19 июлда бўлиб ўтган йиғилишида шундай кескин фикр билдирди.

В.Путин ушбу тадбирда МДҲни мустаҳкамлаш масаласини жиддий ўйлаб кўриш вақти етганини таъкидлади.

“Биз МДҲни ривожлантириш йўлидаги маълум босқичга етиб келдик. Моҳиятан биз танлаш палласида турибмиз. Яъни биз ёки МДҲни том маънода мутаҳкамлаб, унинг негизида амалий фаолият олиб борадиган, дунёга таъсир ўтказиш кучига эга бўлган минтақавий тизим яратамиз ёки бизни мазкур геосиёсий ҳудудни муқаррар қўлдан чиқариш ва бунинг оқибатида аъзо давлатларнинг Ҳамдўстликка бўлган қизиқиши мутлақо сўниши кутади”, - деди Россия раҳбари.

В.Путиннинг ушбу гаплари турлича талқин этилмоқда. Баъзилар бу фикр орқали В.Путин Россиянинг собиқ иттифоқ ҳудудида ўз таъсирини кучайтириши лозимлигини назарда тутгани таъкидламоқда.

Умуман, сўнгги вақтларда МДҲ мамлакатлари, хусусан, Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар анча жонланди. Баъзи сиёсатшуносларнинг фикрича, бу жонланиш маълум маънода Владимир Путин шахси ва у танлаган сиёсий йўл билан боғлиқ.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, В.Путин буюк Россия, яъни Россиянинг қудратли салтанат бўлиши тарафдоридир. Бу у юритаётган ташқи сиёсатда ҳам ўз аксини топмоқда. В.Путин ўз ҳукмронлигининг дастлабки тўрт йилида Россия ичида олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган сиёсий вазиятни яратишга муваффақ бўлган. Навбатдаги тўрт йилда эса у ташқи сиёсатга алоҳида урғу беради.

В.Путин Кремлдаги йиғилишда Россия МДҲ доирасидаги фаолиятида яна қандайдир монополияга, ҳукмронликка интилишини гумон қилувчилар хато ўйлашларини таъкидлади.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фаразича, Россиянинг собиқ иттифоқ ҳудудида ўз сиёсатини фаоллаштираётгани бу ҳудуддаги мустақил давлатлар яна Россияга тобе бўлишини билдирмайди.

К.Раббимовнинг сўзларига қараганда, Россия нафақат собиқ иттифоқ ҳудудида, балки бутун дунё миқёсида ўз мавқеини тиклашга ҳаракат қилади. Хусусан, Марказий Осиёда ҳам Россия ўз манфаатлари учун кураш олиб боради.

Баъзи кузатувчилар МДҲнинг турли иқтисодий кўрсаткичларга, ички ва ташқи манфаатларга эга 12 мамлакати ўртасида кўп йўналишли ягона ҳудуд яратиш қийин вазифа эканига урғу беради. Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг билдиришича, МДҲ доирасида турли мамлакатни бирлаштирган бир қанча тузилмалар бор. Бу эса МДҲнинг бюрократлашиб кетиши, амалда самарасиз фаолият кўрсатишига олиб келган. Европа Иттифоқи, асосан, жамиятларнинг интеграциялашуви негизида вужудга келган. Бироқ МДҲда бу ҳолат сезилмайди. Масалан, Россияда Марказий Осиёдан борган иммигрантларга диний экстремистлар, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноятчилар сифатида қараш кайфияти мавжуд.

М.Абдураззоқовнинг фикрича, МДҲ доирасида тенглик бўлиши учун, аввало, тенг иқтисодий манфаатлар бўлиши лозим.
XS
SM
MD
LG