Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Ўзбекистонлик қуллар: “тиканли симлар, бетон барак, ифлос тўшаклар”


Жорий йилнинг март ойида пул ишлаш учун Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан Россияга йўл олган 24 фуқаро Москвадан 300 километр узоқликда жойлашган паррандачилик фабрикасида бир неча ой давомида қулликда сақланди.

“Тиканли симлар, бетон барак, ифлос тўшаклар… Соат 6 да уйғонилади. Чой ва нон танаввул қилингандан сўнг 16 соатлик иш куни бошланади. Ҳар кун шундай - бирор кун йўқки, калтаклашларсиз, ҳатто итларга талатишсиз ўтса. Бу даҳшатнинг барчаси Кавказнинг худо назаридан четда қолган қандайдир қишлоғида эмас, балки Москва шаҳридан 300 километр масофада, Владимир вилоятининг Александровск паррандачилик фабрикасида юз берди. Тўрт ой олдин бу ерга келган ўзбекистонлик 24 фуқаро ҳақиқий қуллик исканжасига тушди…”.

Бу иқтибос “Московский комсомолец” газетасининг 21 июл кунги сонидан келтирилди.

Мақола муаллифи Анна Грачёванинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ўзбекистонликлар Александровск шаҳрига март ойи охирларида келган. Лола исмли ўзбек аёли уларни мўмай пул ишлайсизлар, дея автобусда Россияга олиб келган. Бир ойда 4,5 минг рубль маош (қарийб 160 доллар), кунига саккиз соатлик иш, текин овқатланиш каби ваъдалар билан улар паррандачилик фабрикасида иш бошлаган. Улар фабрикада маҳбус сингари сақланган ва қул каби ҳаёт кечирган.

Мақолада ёзилишича, ўзбекистонликларнинг қулликдан қутулишига шу ҳудуддаги Майский қишлоқ округининг собиқ раисаси Ирина Хникова ёрдам берган.

“Озодлик” мухбири И.Хникова билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

“Менга ўзбекистонликлар жуда даҳшатли воқеаларни гапириб берди. Худди сизу биздек одамларга ваҳшиёна муносабатда бўлинган. Уларнинг айтишича, салгина итоатсизлик учун калтаклаган, ҳатто итларга талатилган. Бу фабрикада меҳнат қиладиган маҳаллий аҳолининг иш вақти соат 8 дан 17 гача. Ўзбеклар эса эрталаб 6 дан кечаси соат 23-24 гача ишлаган”, - деди И.Хникова.

И.Хникованинг таъкидлашича, фабрика хўжайини Владимир Ковтун ўзбекистонлик ишчиларга қулларча муносабатда бўлган.

“Уларнинг яшаш тарзи ва овқатланиши ҳақида кўз ёшларсиз гапириб бўлмайди, - дейди И.Хникова. - Мен уларнинг олдига борганимда ўпкам тўлиб кетди. Уларнинг яшаш жойидан оғилхона яхшироқ. Овқати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Нон, макарон, гуруч ва чиқитга чиқарилган синиқ-пачоқ тухумлар. Шакар фақат нонуштага берилади. Гўшт йўқ. Улар кунига икки марта овқатланган. Эрталаб чой ва нон, тушда эса овқат. Шунда ҳам уларни жуда кўп овқат еяпсиз, дея жеркиб туришган”.

И.Хникованинг сўзларига қараганда, ўзбекистонликларнинг паспортлари боргандаёқ олиб қўйилган. Улар ҳеч қаерга чиқарилмаган. Тунда фабрика ҳудудига қопоғон итлар қўйиб юборилган. Шундай бўлса-да, ўзбекистонликлардан беш киши фабрикадан қочиб чиқиб, унга ёрдам сўраб мурожаат қилган. У эса, ўз навбатида, фабрикадаги қонунбузарликлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган.

Александровск округи ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фабрикада ўтказилган текширув чоғида меҳнат қонунчилигининг қўпол равишда бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ўзбекларнинг қолганлари эса фабрикадан чиқариб олинди. Маълум бўлишича, фабрика хўжайини хорижлик ишчиларни ишлатиш тўғрисида рухсатномага эга эмас экан.

Александровск шаҳри прокурори Александр Шайкиннинг билдиришича, ўзбекистонлик фуқаролар Россия ҳудудида ноқонуний равишда яшаган. Бу ҳолат юзасидан маъмурий иш қўзғатилган. Суд фабрика директори В.Ковтунга энг кам иш ҳақининг 15 баробари миқдорида жарима белгилаган. Унинг меҳнат қонунчилигини бузгани ҳолати бўйича маъмурий жазо кўриш учун Владимир вилояти меҳнат инспекциясига тақдимнома жўнатилган. Фабрикада ўзбекистонлик фуқароларга қулларча муносабатда бўлингани факти тасдиқланмаган.

“Московский комсомолец” газетасининг ёзишича, собиқ милиционер, фабрика хўжайини В.Ковтунга берилган жазо адолатсиздир. У ўзбек ишчиларини қулдай ишлатган, бунинг устига, уч ой давомида уларга иш ҳақи тўламаган, уларни хўрлаган. Лекин унга нисбатан жиноят иши очилмаган.

И.Хникованинг маълум қилишича, ўзбекистонликлар қуллик исканжасидан озод этилгандан сўнг маҳаллий аҳоли уларга кийим-кечак, озиқ-овқат томондан ёрдам кўрсатган. Улар юртига қайтиб кетиш учун пул топиш мақсадида турли ишларни бажармоқда. Ўзбекистонликларнинг 10 нафари эса Москвага кетган. Улар Москва милицияси ўзларини ватанига депортация қилишидан умидвордир.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг айтишича, ўзбекистонликлар бошқа давлатга ноқонуний боргани афсусланарлидир. Аслида улар чегарадан ўтаётганда миграция ҳужжатларини олиши керак эди. Бу ҳужжатлар бошқа давлатларда ўзбекистонликлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ёрдам беради. Бироқ ўзбекистонликларнинг кўпчилиги шундай ҳуқуқлардан фойдаланмайди ва турли кўнгилсизликларга дуч келади.
XS
SM
MD
LG