Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:14

Янги ҳужжат назоратни кўзлайдими?


Феруза Хабарларга кўра, 2004 йил 9 августдан бошлаб Ўзбекистонда Интернетдан умумий фойдаланиш пунктларининг Интернет тармоғига уланиш тартиби тўғрисидаги янги низом кучга киради.

Хабарларда айтилишича, мазкур ҳужжат Интернет провайдерлари ва уларнинг хизматидан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади, шунингдек, умумий фойдаланиш пунктларига қўйиладиган талаблар ва уларга Интернет хизматлари тақдим этиш тартибини белгилаб беради.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда халқаро ахборот тармоқларига тўғридан-тўғри чиқа оладиган, маълумот узатиш билан шуғулланувчи 10 та оператор мавжуд. 2004 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда рўйхатда ўтган сайтлар сони 2563 тани ташкил этган. 2002 йилда бундай сайтлар 575 та бўлган.

Ўзбекистонда аҳолига Интернет хизмати кўрсатувчи провайдерлар давлат рўйхатидан ўтиши, фаолият кўрсатишга рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлиши лозим. Хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган техника воситалари мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўзини таништиришни истамаган ходими янги низомнинг жорий этилиши кутилмаган ҳол эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, бунга сабаб ўзбек жамиятида беқарорлик ҳукм сураётгани бўлса керак. Провайдерлардан мувофиқлик сертификати талаб этилиши эса мамлакатда ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Янги ҳужжат талабларига кўра, аҳолига Интернет хизматларини тақдим этиш чоғида Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати тақиқлаган маълумотларни тарқатиш, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг махфий ёзишма ва махфий ҳаёт сирларини фош этувчи маълумотларни йиғиш, тарқатиш, қайта ишлашга йўл қўйилмайди. Ҳужжатда провайдерлар ва фойдаланувчиларининг ушбу талаблар юзасидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

Провайдерлардан бирининг ходими Розиқ Шароповнинг билдиришича, янги ҳужжат аҳолига Интернет хизмати кўрсатадиган пунктлар – Интернет кафелари фаолиятига тегишли. Провайдерлар энди ўзларида мавжуд техника воситаларини мувофиқлик сертификатидан ўтказиши лозим. Интернет кафеларига эса илгари бундай талаб қўйилмаган.

“Озодлик” мухбири янги низом хусусида муносабат сўраб, бир неча провайдерларга мурожаат этди. Улар ҳужжатдаги талаблар нима мақсадда белгиланганидан бехабарлиги, бироқ низомда нима талаб этилаётган бўлса, шунга риоя этишга мажбур эканликларини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG