Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

Одам савдоси Ўзбекистон учун жиддий муаммо


2-6 август кунлари Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда мамлакатнинг турли вилоятларидан келган прокуратура, ички ишлар ва суд ходимлари иштирок этди. Семинардан асосий мақсад Ўзбекистонда одам савдосининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича фаолият кўрсатадиган мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ушбу муаммони бартараф этиш йўлларини муҳокама қилишдир.

Мутахассислар эътирофича, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш анча оғир. Шунга қарамай, Ўзбекистонда мазкур жиноят бўйича айбланганлар бор. Бош прокуратуранинг халқаро алоқалар бўлими ходимаси Надежда Маслованинг сўзларига қараганда, 2002-2003 йилларда Жиноят кодексининг 135-моддаси (одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш) бўйича 51 киши, 137-модда (одам ўғирлаш) бўйича 13 киши, 121-модда (аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) бўйича 6 киши судланган. Қул савдоси ёки ноқонуний эксплуатация қурбонлари, асосан, аёллардир. Ушбу жиноятлар ҳам кўп ҳолларда аёллар томонидан содир этилади. Юқорида зикр этилган моддалар бўйича судланганларнинг ҳам асосий қисми хотин-қизлардир.

ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Пэр Нурмаркнинг таъкидлашича, ўтган йили Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари одам савдоси муаммоси бўйича ҳамкорликни таклиф этган. Тошкентда бўлиб ўтган семинар-тренинг ҳам мазкур ҳамкорлик доирасида ташкил этилган. Ушбу тадбир айни мавзуда ўтказилган илк тренингдир

Тренингда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда катта тажрибага эга бўлган мутахассис - буюк британиялик Пол Ҳолмс иштирок этди. Унинг айтишича, бўлиб ўтган мулоқотларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларида муайян тажрибалар борлиги маълум бўлган. Бироқ бу тажрибалар жиноятга қарши курашиш учун етарли эмас. У ўзбекистонлик тренинг иштирокчиларини хориж тажрибаси ва муаммога қарши замонавий тактикалар билан таништирган.

П.Ҳолмснинг билдиришича, одам савдоси Ўзбекистон, умуман бутун Марказий Осиё учун жиддий муаммо. Чунки жиноят қурбонлари шу ерлик аҳоли ҳисобланади. Жиноятчилар эса аксарият ҳолларда ҳорижда бўлади.

Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, ҳар йили ўзбекистонлик бир неча минг киши одам савдоси қурбонига айланади. Улар мамлакатдан олиб чиқиб кетилиб, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Малайзия каби давлатларда сотилади.
XS
SM
MD
LG