Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Нега кўчиб кетяпсиз, қозоқ қардошлар?


Меҳрабон Қозоқлар Қорақалпоғистоннинг деярли барча туманларида яшайди. Баъзи қишлоқларда аҳолининг асосий қисмини ушбу миллат вакиллари ташкил этади. Кузатувчиларнинг эътирофича, сўнгги вақтларда қозоқларнинг ўз она юртини тарк этиб, ўзга мамлакатларга кўчиб кетиши кўпайган.

Хўжайли туманидаги Амударё овул фуқаролар йиғини раиси Мирзааҳмад Тунишевнинг билдиришича, овул аҳлининг 70 фоизи қозоқлардир. Қозоқларнинг бир неча йил илгари бошланган кўчиши кейинги пайтларда янада кучайган. Уларнинг асосий кўпчилиги Қозоғистонга кўчиб кетмоқда. Бир вақтлар Хўжайлида 140 минг киши яшаган бўлса, уларнинг 50-60 мингини қозоқлар ташкил этган.

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистонда ишсизлик даражасининг юқорилиги, ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида берилмаслиги ва маошлар миқдорининг ўта камлиги натижасида аҳолининг турмуш шароити ўта ночорлашиб бормоқда. Ҳатто олий маълумотли ёшлар ҳам иш тополмай мушкул аҳволда қолган. Бундай муаммоларга дуч келиб, кўчиб кетаётган қозоқларнинг аксариятини ҳам ёшлардир.

Қорақалпоғистонликларнинг билдиришича, экологик муаммолар туфайли нафақат қозоқлар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам республикани тарк этишни афзал билаётир.

Хўжайли туманидаги қозоқ тилида таълим бериладиган 9-ўрта мактабда беш юзга яқин ўқувчи ўқийди. Ўқитувчилардан бирининг айтишича, қозоқ тилидаги дарсликлар етишмаслиги анча қийинчиликлар туғдиради.

Қорақалпоғистонлик режиссёр Мейли Буруталиев турли соҳалардаги энг кўзга кўринган иқтидор эгаларининг кўчиб кетаётганидан ташвиш билдирди.

“Бастакорлар, дирижёрлар, актёрлар, ёзувчилар, журналистлар кетди. Таниқли кишиларнинг барчаси кетиб бормоқда. Қорақалпоғистонлик маҳаллий амалдорларнинг қозоқ миллатига мансуб шахсларга салбий муносабати оқибатида зиёлилар кўчиб кетишга мажбур бўляпти. Зиёлилар экологик муаммолардан қочиб кетаётгани йўқ. Улар шу ердаги амалдорларнинг тазйиқидан, ёмон муносабатидан тўйган”, дейди М.Буруталиев.
XS
SM
MD
LG