Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:56

Ўзбекистон аҳолиси кўпайяптими ёки...?


Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбири сўнгги марта бундан 15 йил муқаддам – 1989 йилда ўтказилган эди. Шунинг учун мамлакат аҳолисининг бугунги кундаги сони ва ўсиш суръати ҳақида аниқ маълумотлар йўқ деса ҳам бўлади.

Мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистонда аҳолининг ўсиши ва шу жараёнга боғлиқ муаммоларни ўрганадиган махсус илмий тадқиқот институти йўқ. Фақат олий ўқув юртларидаги демография кафедралари олимларигина бу иш билан маълум даражада шуғулланади. Лекин улар ҳам бугунги кунда мамлакат аҳолиси сони ҳақида аниқ бир нарса дея олмайди.

Ўзбекистон Статистика қўмитаси ходимининг таъкидлашича, мамлакат аҳолиси доимий равишда рўйхатга олиб борилади. Хусусан, 2003 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 25 миллион 428 минг аҳоли яшайди.

Жамиятшунос Комрон Алиев бу рақамларни шубҳа остига олди.

“1989 йилда ўтказилган рўйхатга олиш натижаси Ўзбекистонда 20 миллион 322 минг киши яшашини кўрсатганди. Ўшанда мамлакат аҳолиси йилига тўрт фоизга ошиб бораётгани айтилганди. Ўша рақамларни асос қилиб оладиган бўлсак, 2000 йилга келиб юртимизда 31 миллион киши яшаши керак эди”, деди жамиятшунос.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Насим Тумқоянинг билдиришича, Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши 1990-1995 йиллардаги 2,1 фоиздан 1,5 фоизга пасайган. Ўртача умр кўриш кўрсаткичи эса қарийб 2 фоиз ошган. Мамлакатда аҳолишунослик бўйича олиб борилаётган статистик маълумотлар ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмайди. Бу ҳақдаги маълумотлар эса ошкор этилмайди ва муҳокама қилинмайди.

Мазкур ваколатхонанинг репродуктив саломатлик бўйича маслаҳатчиси Феруза Фозилованинг сўзларига қараганда, Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта нуфусга эга Ўзбекистонда ўзига хос муаммолар бор. Мамлакатда аҳоли сони тез суръатлар билан ўсиб бораётир. 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси икки баробар кўпайиб, 50 миллиондан ошади. Ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ривожланиш суръати эса аҳоли сони ўсиши даражасидан ортда қолмоқда.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, агар чиндан ҳам 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси сони 50 миллиондан ошадиган бўлса, бу чинакам фожеа бўлади. Зеро, ҳозирдаёқ қабристонлар майдони шаҳарларникига тенглашиб бораётир. Мусулмонларда эса жасадни ёқиш мумкин эмас. Мазкур муаммоларнинг олдини олиш учун, энг аввало, оилани режалаштириш ҳақида ўйлаш лозим. Бу ҳақда гап-сўзлар собиқ иттифоқ даврида пайдо бўлганди. Лекин унинг ташаббускорлари салкам халқ душманига чиқариб қўйилганди. Аслида аҳолининг ўсиш суръати ва ижтимоий ҳаёт даражаси ўртасида мутаносиблик бўлиши шарт. Акс ҳолда ер ости ва ер усти бойликлари ҳам, халқнинг болажонлиги тўғрисидаги гаплар ҳам инсониятга ёрдам бера олмайди.

Б.Мусаевнинг айтишича, ҳозир бу муаммонинг яна қайта кўтарилаётгани айни муддаодир. Бугунги кунда мазкур муаммодан хавотирга тушгандан кўра, келажакдаги аниқ стратегия белгилаб олинмоғи керак.

Н.Тумқоянинг таъкидлашича, Аҳолишунослик жамғармаси олиб борган тадқиқотлар натижаси Ўзбекистонда аҳолининг қашшоқлашуви кучайганини кўрсатмоқда. Лекин бунда ҳам расмий ва мустақил тадқиқотлар натижалари бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Жаҳон банки маълумотларида Ўзбекистон аҳолисининг 27,5 фоизи қашшоқликда яшаши кўрсатиб ўтилган.

Аҳолишунос мутахассисларнинг эътирофича, Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиши сезиларли камайган. Бунинг асосий сабаби халқнинг моддий аҳволи оғирлашаётганидадир. Оналар ва болалар ўлими, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Тиббий хизмат сифатининг ёмонлашуви, пуллик бўлиб бораётгани оқибатида операцияга пул топа олмаётган беморлар вафот этаётир.
XS
SM
MD
LG