Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:14

ЕХҲТ Марказий Осиё ва Кавказ минтақасига эътиборни кучайтириши керак


Ушбу хафта Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг раиси Соломон Пасси ўз чиқишида ЕХҲТ Марказий Осиё ва Кавказ минтақасига эътиборни кучайтириши кераклигини таъкидлади. Айни пайтда Болгария Ташқи ишлар вазири ҳам бўлган Пасси Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг муҳим анжуманларини кўроқ Марказий Осиёда ўтказиш кераклигини ҳам урғулади. Аммо, айрим минтақашунослар ЕХҲТнинг мазкур минтақда иштирокни кенгайтириши осон бўлмаслигини айтишмоқда.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бундай номланишига қарамай Марказий Осиёнинг бешта, Кавказ минтақасининг эса учта давлатини ҳам ўз ичига олади. Ташкилотнинг ҳозирги раиси Соломон Пасси ўзининг сўнгги қатор чиқишларида ЕХҲТ Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги иштирокини янада кенгайтириши кераклигини урғулаб келмоқда.
Бир неча ой аввал эса Пасси ташкилотга аъзо давлатларга келгуси режалари ҳақида мактубни ҳам жўнатган. Ташкилот матбуот вакили Михаил Евстафиев бу ҳақда "Озодлик" мухбирига шуларни маълум қилди.
"Ташкилотимиз раиси Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси давлатлари билан ҳамкорлик масалалари, ЕХҲТ фаолиятидан улар қандай фойда кўришлари мумкинлигини мухокама қилишга тайёрлигини билдирди. МДҲ давлатларининг ҳам ЕХҲТ идораларидаги иштироки, шу жумладан ташкилотга раислик қилиш орқали ташкилот ишларида қатнаша бошлашларига умид билдирди".
Евстафиевнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилишга қизиқиш билдирган ва Президент Нурсултон Назарбоевнинг шу йил сентябр ойида ташкилотнинг Венадаги қароргоҳига бориши кутилмоқда.
Шунингдек, Пасси ЕХҲТнинг икки муҳим йиллик анжумани, хусусан Иқтисодий Форум ва Инсоний меъёрлар бўйича конференцияни Марказий Осиё ва Кавказда ўтказишни таклиф қилмоқда.
Минтақашунос, Лондондаги "Жэйнс Интеллиженс" номли тадқиқот маркази тахлилчиси Алекс Ватанка ҳам ЕХҲТ Марказий Осиёда иштирокини кенгайтириши мантиқан тўғри эканини айтади. Чунки, буминтақадаги ҳар қандай нобарқарор вазият Европага ҳам салбий таъсир қилади. Бироқ, дейди таҳлилчи, бунинг амалга ошиши осон бўлмайди.
"Бу ерда авторитар режимлар, қаттиқ қўл давлат рахбарларига билан рўбарў келади киши. Иқтисодий интеграцияга эга бўлмаган, ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган минтақа давлатлари ҳақида гап кетяпти. Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари ҳар хил муаммоларга эгаларки - уларни бир мамлакатнинг ўзи ҳал эта олмайди. Масалан, Ўзбекистондаги терроризм масаласини Каримов режими якка ўзи барараф этолмайди. Қанчалик унинг сиёсати қаттиқ қўл бўлмасин, у қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистонга қўл узатишга мажбур", - дейди Ватанка.
Шу боис таҳлилчи ЕХҲТнинг ҳар қандай ташаббуси бу минтақа хусусиятларини инобатга олиши лозимлигини айтади.
"Ҳар бир масалада, ҳар бир даражада мана шу саккиз давлат, яъни Кавказдаги 3 давлат ва Марказий Осиёнинг 5 давлати орасида фарқлар бор. Масалан Қозоғистон ўзининг нефт бойликлари билан Туркманистонга қараганда эркинроқ сиёсат олиб боряпти", - дейди Ватанка.
Шу ўринда ташаббусларнинг амалга ошиши ошмаслиги маинтақа давлатларига ҳам боғлиқдир. Аммо ҳозирнинг ўзида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлиги Ташкилоти айрим дастурлар орқали бу минтақада фаолиятини кенгайтирган.
XS
SM
MD
LG