Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:12

Элчи журналистлар билан учрашди


Шайбон 24 август куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тлеухан Кабдраҳмонов оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди. Гарчи учрашув Қозоғистон Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда мамлакат парламентининг қуйи палатасига сайловлар ўтказилиши муносабати билан ташкил этилган эса-да, унда бошқа мавзулар юзасидан ҳам савол-жавоб бўлди.

Элчининг сўзларига қараганда, Қозоғистоннинг 1995 йил 30 август куни қабул қилинган Конституцияси демократик тараққиёт йўлини танлаган қозоқ халқининг энг улкан ютуғидир. Айни пайтда эса мамлакатда сайловолди кампанияси ҳам авж олган. Парламентнинг қуйи палатасига сайлов сентябрь ойи ўрталарида ўтказилади. Ҳозир Қозоғистонда мавжуд 10 та партиянинг барчасига сайловда бир хил имконият яратилган. Парламентга 77 нафар депутат сайланиши керак. 19 август куни номзодларни рўйхатга олиш муддати тугаган. Номзод сифатида рўйхатга олинган 681 кишининг 421 таси мустақил номзод ҳисобланади.

Элчининг маълум қилишича, Ўзбекистонда март-апрель ойларида портлашлар содир этилгандан сўнг Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси тузилган. Комисия таркибида бу давлатларнинг Бош прокуратуралари, ички ишлар вазирликлари ва махсус хизматлари вакиллари бор. Бу комиссия аъзолари айни пайтда Қозоғистонда тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ўзбекистон Олий судида март-апрель ойларида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида амалга оширилган портлашларда алоқадорликда гумон қилинаётган шахслар устидан давом этаётган суд жараёнида мазкур жиноятларга алоқадор гуруҳлар Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларидан қўним топгани, ҳатто у ерда ўз лагерига эгалиги кўп бор таъкидланмоқда.

Элчи бу ҳақда айрим оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга муносабат билдирар экан, “Қозоғистон ҳудудида бундай тайёрлов лагерлари йўқ”, дея жавоб берди.

“Агар шундай лагерлар мавжуд бўлганида эди, ҳукуматлараро комиссия дастлабки тергов-суриштирув пайтидаёқ уларни аниқлаб, тегишли шахсларни ҳисбга олган ва жавобгарликка тортган бўлар эди”, - деди элчи.

30 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси фойесида портлаш содир этган худкуш Қозоғистон фуқароси экани ҳақидаги маълумотга муносабат сўралганда, элчи бу хусусда аниқ фикр айта олмаслигини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги вазият, фуқароларнинг чегарадан ўтишда дуч келаётгани муаммолар ҳақида ҳам мулоҳазалар билдирилди. Элчи Қозоғистон икки давлатнинг чегарадан ўтиш тартибларини бирхиллаштириш тарафдори эканини, айрим товарларни олиб кириш ёки олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон жорий қилган чекловларни қисқартириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Элчининг айтишича, бу масалада икки давлат расмийлари Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти доирасида музокаралар олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG