Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ислом Каримов: “Бизга ёқасизми, йўқми, сизни тинглашга мажбурмиз”


Ўзбекистонлик амалдорлар мамлакатда фаолият кўрсатаётган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашишни хуш кўрмайди. Бундан фақат мамлакат Президенти Ислом Каримов мустасно.

Журналистларнинг эътирофича, ОАВ эркинлиги қонун билан белгилаб қўйилган Ўзбекистонда вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари журналистларга ахборот беришдан ўзини олиб қочади. Олий Мажлиснинг куни-кеча бўлиб ўтган сессияси танаффусида Ислом Каримов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда ҳам сўз юритилди.

Президентнинг айтишича, айрим раҳбарларнинг фақат бир салбий жиҳати бор. У ҳам бўлса, Президент айтган гапга қулоқ соладию, бошқа фикрлар билан қизиқмайди. Жойлардаги раҳбарлар хилма-хил фикр билдирадиган пайт келди.

“Президент бир жойда қаттиқроқ гапирадиган бўлса, гўёки кимнингдир ташаббусини тўсаётгандек бўлади. Сизлар, албатта, Президент билан гаплашишни истайсизлар. Мен хоҳлардимки, сизларни иқтисод қизиқтирса, молия вазири ёки ташқи ишлар вазири билан гаплашиш мумкин. Матбуот анжумани ўтказмоқчи бўлсангиз, менга айтинглар, ташқи ишлар вазири билан неча марта учрашмоқчисиз? Мен буни ташкил қилишга тайёрман”, деди Ислом Каримов журналистларга қарата.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига қараганда, ўтмиш асоратлари амалдорлар онгида сақланиб қолган. Лекин журналист ҳам ўз нони учун курашиши керак. Албатта, улар ҳамма ерда қучоқ очиб кутиб олинмайди. Шунинг учун у қаерда ёпиқ мавзу бўлса, ўша ерга ўзини уриши керак.

“Мен сизлар шу ёпиқ мавзуларни очиб ташлашингизни истардим. Журналист кириб бориши мумкин бўлмаган махфий мавзулар бизда бармоқ билан санарли”, деди И.Каримов.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари журналистларга қўпол муомалада бўлаётгани ҳақида Президентга маълумот берди. Жумладан, орган ходимлари 30 июль кунги портлашлар вақтида “Рейтер” ахборот агентлиги вакилига ёмон муносабатда бўлган. Унинг Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтгани тўғрисидаги ҳужжати ҳам инобатга олинмаган. Журналистнинг айтишича, уни бир неча соат қамаб ҳам қўйишган.

Ислом Каримов мазкур факт юзасидан текширув олиб борилишини ва бу таассуфли ҳолат эканини таъкидлади.

“Бизда ҳамма ҳам сиз билан рисоладагидек муомалада бўлишга ҳали тайёр эмас. Ўзимизни демократик давлат деб атаётган эканмиз, демак бизга ёқадими, ёқмайдими, сизни тинглашга мажбурмиз”, деди Президент

Кузатувчи Сардор Ҳакимов Ўзбекистонда амалдорларнинг журналистлар билан мулоқотдан қочишига маълум сабаблар борлигини билдирди.

Унинг фикрича, яқин-яқинларгача Миллий матбуот марказида юқори мартабали амалдорлар билан мунтазам равишда матбуот анжуманлари ўтказиб турилган. Журналистлар бу ерда анча-мунча ахборот олиш имкониятга эга бўлган. Бироқ мазкур амалиёт кейинги пайтларда йўқолиб кетган. Бунга жамиятда асабийлашув ва кескинлик ҳолати юзага келгани сабабдир. Зеро, амалдорлар журналистларга ҳукуматга маъқул бўлмаган ахборотни айтиб қўйишдан, воқеа-ҳодисаларга мавжуд сиёсатга тўғри келмайдиган субъектив баҳо беришдан қўрқиб қолган. Бундан мулоҳазалар туфайли улар лавозимидан кетиши ва нуфузига салбий таъсир етиши мумкин.
XS
SM
MD
LG