Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:54

Наманганликлар қатағон қурбонларини ёд этди


29 август куни Намангандаги Ўлкани ўрганиш музейида 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан йиғилиш ўтказилди. Унда маҳаллалар ва ҳокимликлар вакиллари, олимлар, журналистлар, талабалар, шоирлар иштирок этди.

Наманган давлат университети доценти, тарихчи олим Бахтиёр Исоқов қатағон қурбонлари ва ўша давр сиёсати ҳақида маъруза қилди. Олимнинг сўзларига қараганда, қатағон даврини фақат Сталин шахси билан боғлаш тўғри эмас. Чунки қатағон большевиклар ҳокимият тепасига келган кундан бошлаб авж олган. Биргина Намангандан минглаб ислом уламолари, оддий диндорлар, зиёлилар ватан хоини, халқ душмани сифатида қатағон қилинган. Большевиклар одамларни атайлаб бир-бирига қарши гиж-гижлаган. Уларни “қизиллар” ва “босмачилар” каби тоифаларга ажратиб ташлаган.

Йиғилишда қатағон қилинган ёки бошқа мамлакатларга қочиб кетган кишиларнинг яқинлари ҳам иштирок этиб, ўша давр хотираларидан сўзлаб берди.

Наманганлик қатағон қурбонларидан бири шоир ва ёзувчи Рафиқ Мўминнинг қизи Гулчеҳра Мўминованинг хотирлашича, НКВД ходимлари олиб чиқиб кетаётганида отаси онасига болаларни эҳтиёт қилишни тайинлаб, айби йўқлигини, уч-тўрт кунда қайтиб келишини айтган. Уч йилдан сўнг отасининг ўлгани ҳақида хабар келган.

Наманган вилояти Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Зиёвуддин Мансурнинг таъкидлашича, “Булбулқори” номи билан машҳур Исмоил Нормирзаев истеъдодли шоир бўлиш билан бирга ижтимоий ҳаётга бефарқ бўлмаган таниқли диний уламо ҳам эди.

Булбулқорининг фарзанди Ҳасан Исмоиловнинг эслашича, отаси устози, мударрис Ғофир қори қамоққа олинганини эшитгач, Ўш шаҳрига қочиб кетган.

Ўлкани ўрганиш музейи ходими Эргашбой Омонов вилоятда қатағонга учраганларнинг номи ҳозиргача тўлиқ тикланмаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG