Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Мустақиллик фидоийлари нега эсланмайди?


Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши учун бир гуруҳ ўзбек зиёлилари шўролар давридаёқ курашни бошлаб юборган эди. “Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” демократик партиясининг ўша йиллардаги фаолияти бунга мисол бўла олади.

Хўш, шўролар Ўзбекистонида мустақиллик ҳақидаги илк ғоялар қачон пайдо бўла бошлаган? Бу ҳақда биринчилардан бўлиб фикр билдирган шахслар кимлар эди?

Журналист ва шоир Тоҳир Қаҳҳорнинг сўзларига қараганда, ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида ўзбек адабиётига мустамлакачилик тузумини фош этувчи асарлар яратила бошланган. Масалан, бу босмачилик ҳаракатига муносабатда кўринади. Ҳозир истиқлол фидоийлари сифатида маърифатпарварлар кўрсатиляпти. Аммо 20-йилларда босмачилик ҳаракати бошида турган шахслар истиқлол фидоийси сифатида тарғиб қилинмаётир. Босмачиликнинг ҳақиқий мақсади англатилган яхши асарлар, асосан, 91-йилгача яратилган. Бу мавзу дастлаб Мамадали Маҳмудовнинг “Бағдод қашқири” қиссаси, Шукур Холмирзаевнинг “Қилкўприк” романида очиб берилди. Кейин эса Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романида бу ҳаракатнинг асл моҳияти янада кенг англатилди.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг таъкидлашича, давлат мустақиллиги ғояси бир қанча шоирлар шеърларида ҳам пайдо бўлган эди. “Бирлик” халқ ҳаракати негизида вужудга келган “Эрк” партияси ўз дастурида мустақиллик учун кураш олиб боришни эътироф этган. Партиянинг 1990 йил 30 апрелда бўлиб ўтган таъсис қурултойидаёқ давлат мустақиллиги масаласи кўтарилган.

О.Ориповнинг билдиришича, “Эрк”нинг парламентдаги аъзолари талаби билан 1990 йил 20 июнь куни Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Ваҳоланки, ҳукумат бунга қарши турганди.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг айтишича, 1988 йилда тузилган “Бирлик” халқ ҳаракати атрофида жипслашган ўзбек зиёлилари мустақиллик ғояларини шўролар давридаёқ тараннум эта бошлаган. Таассуфки, бугунги кунда бу инсонларнинг номлари эсга олинмаётир. Чунки уларнинг баъзилари мавжуд тузум томонидан йўқ қилинган, айримлари руҳан синдирилган, бошқалари қамоқларда ўтирибди, хорижда қувғинда юрибди. Уларнинг номлари бадном этилиб, халқ хотирасидан ўчиришга ҳаракат қилинмоқда. Академик Мирзаали Муҳаммаджонов, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан, санъат арбоби Зоҳид Ҳақназаров, Мустақиллик декларациясини ёзган олим Отаназар Орипов, академик Бек Тошмуҳаммедов, “Эрк” етакчиси Муҳаммад Солиҳ, улкан заковат соҳиби Шуҳрат Исматуллаев, журналист Жаҳонгир Муҳаммад, таниқли ёзувчи Зоҳир Аълам мустақилликнинг ана шундай фидоийларидир.
XS
SM
MD
LG