Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:33

Суд қарори қандай бўлади?


Шайбон 9 сентябрь куни “Интерньюс” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси фаолиятини олти ойга тўхтатиш талаби билан Тошкент шаҳри адлия бошқармасининг пойтахт фуқаролик ишлари судига берган даъво аризаси юзасидан навбатдаги суд мажлиси ўтказилди.

Адлия бошқармаси вакили Ҳасан Саидовнинг сўзларига қараганда, жорий йилнинг июнь ойида “Интерньюс” фаолияти режали текширувдан ўтказилган. Текширув натижасида ваколатхона фаолиятида қонунбузарликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, бошқарма ваколатхонанинг манзили ўзгарганидан огоҳ этилмаган. “Интерньюс” Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилганига қарамай, республика ташкилоти мақомини берувчи “Интерньюс-Ўзбекистон” номи остида иш кўрган. Шунингдек, низомга хилоф равишда ташкилотни Бош директор бошқарган (аслида директор бошқариши керак). Ташкилот ўз рамзи тегишли идоралар томонидан тасдиқлатилмаган.

“Интерньюс” вакиллари адлия бошқармаси томонидан ваколатхонага қўйилган даъволарни рад этмоқда. Ваколатхона бош директори Холида Анорбоеванинг таъкидлашича, ташкилотга оид ўзгаришлар ҳақида Адлия вазирлиги ва бошқарма ўз вақтида огоҳлантирилган.

“Интерньюс” адвокати Фарид Абдршиннинг билдиришича, ташкилот муассисларининг 1999 йилнинг 4 октябрда бўлиб ўтган умумий йиғилишида ташкилот раҳбарига бош директор мақоми берилиши ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарор асосида Х.Анорбоева ташкилот бош директори сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Суд мажлисида адвокатнинг сўзларини тақдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилди.

Ф.Абдршиннинг маълум қилишича, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳақидаги қонунда рамзлар тасдиқдан ўтказилиши белгиланган. Лекин рамзларни қайси идора тасдиқлаши кўрсатилган. Шунинг учун “Интерньюс” ўз рамзини Республика патент идорасида тасдиқлатган. Бу ҳақдаги ҳужжатлар жорий йилнинг 29 июнь куни Адлия вазирлигига топширган.

Суд мажлисида адлия бошқармаси вакили “Интерньюс” томонидан оммавий ахборот воситалари ва журналистларга нисбатан бўладиган қонунбузарликлар юзасидан ўтказиладиган мониторингга ҳам тўхталди. Унинг даъвосича, гарчи ташкилотнинг фаолият доираси Тошкент шаҳри билан чекланилиши белгиланган бўлса-да, у бутун мамлакат миқёсида иш кўрган. Бунинг учун “Интерньюс” вилоятлардан махсус мухбирлар ёллаган, уларга иш ҳақи тўлаган.

“Интерньюс” адвокати эса бошқарма вакилининг барча даъволарига ўз эътирозларини билдирди. Унинг айтишича, ташкилот доимо қонун доирасида иш юритган. Барча камчиликлар текширувчи орган томонидан белгиланган муддат, яъни 30 августга қадар бартараф этилиб, бу ҳақда Адлия вазирлигига ҳисобот берилган.

Суд мажлисида мана шу ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинганини исботловчи далиллар – вазирлик муҳри туширилган қоғозлар намойиш этилди. Аммо, шунга қарамай, вазирлик судга ҳужжатларни олмагани тўғрисида маълумот берган.

Маълум бўлишича, процессуал қонунчиликка кўра ташкилот фаолият юзасидан даъво аризалари ўша ташкилот жойлашган туман судида кўриб чиқилиши лозим. Адлия бошқармаси эса тўғридан-тўғри шаҳар судига мурожаат этган.

Х.Анорбоеванинг таъкидлашича, нега шундай қилингани тўғрисидаги савол бошқарма вакилига берилганида, у: “Интерньюс” шаҳар адлия бошқармаси томонидан рўйхатга олингани учун шаҳар судига мурожаат этдик. Агар Адлия вазирлигида рўйхатга олинганида ишни Олий суд кўриб чиқарди”, дея жавоб қайтарган.

Х.Анорбоеванинг билдиришича, бу масала кўтарилгани бежиз эмас. Зеро, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди Адлия бошқармаси билан бир бинода жойлашган. Табиийки, бу икки муассаса вакиллари доимий равишда мулоқотда бўлиб туради ва бошқарма вакиллари судъяга ўз нуқтаи назарларини уқтираётган бўлиши мумкин.

Суд мажлиси якунида адлия бошқармаси вакили ва прокурор суддан “Интерньюс-Тошкент” шаҳар нодавлат-нотижорат ташкилоти фаолиятини олти ой муддатга тўхтатиб қўйишни сўради.

Судья адлия бошқармаси даъвоси юзасидан суд қарори тез орада маълум қилиниши таъкидлаб, суд мажлисини тугатди.
XS
SM
MD
LG