Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Шерзод Қудратхўжаев сайлов холис ўтишини таъкидламоқда


Шайбон Яқиндагина Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот маркази раҳбарлигига тайинланган Шерзод Қудратхўжаев “Озодлик” радиоси мухбирининг сайлов билан боғлиқ айрим саволларига жавоб қайтарди.

20 сентябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида МСК раиси Бўритош Мустафоев бу йилги сайловда маҳаллий ва халқаро кузатувчилардан ташқари оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам кузатувчи мақомига эга бўлганини маълум қилган эди.

Ш.Қудратхўжаев журналистларга кузатувчи мақоми берилиши ҳақида кенгроқ тушунтириш берди.

“Ҳақиқатан ҳам, ОАВ вакиллари сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бу эса уларнинг нафақат жараённи ёритиши, балки унинг қанчалик холис ва қонуний ўтганига баҳо бериши учун ҳам имконият яратади. Уларнинг бу ҳақдаги фикрлари, албатта, бошқа кузатувчиларники каби МСК томонидан инобатга олинади”, деди Ш.Қудратхўжаев.

МСКнинг сайлов кампанияси бошланганини эълон қилиш ҳақидаги қарорида сайлов округларида йиғилган овозлар миқдорини сарҳисоб қилиш жараёнида журналистлар иштироки тилга олинмаган.

Матбуот маркази раҳбарининг сўзларига қараганда, овоз бериш якунларини ҳисоб-китоб қилиш жараёнида кимлар иштирок этиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунларда белгилаб берилган.

Ш.Қудратхўжаевнинг таъкидлашича, тўпланган имзоларнинг ҳаққонийлигини текшириш тегишли тузилмаларга юклатилган. Мана шу текширувлар жараёнида сохтакорликка йўл қўйилгани аниқланса, бу тузилмалар ўз хулосасини МСКга тақдим этади. МСК эса тегишли чора кўради. Бундай ҳолатлар ҳақида МСК очиқ ва ошкора маълумот бериб боради.

Ҳозир баъзи маҳаллий ҳокимликлар вакиллари хорижий ОАВ ходимларига нисбатан бироз салбий муносабатда экани кўпчиликка сир эмас. Ш.Қудратхўжаев жойлардаги барча сайлов комиссиялари фаолияти хоҳ хорижий, хоҳ маҳаллий бўлсин журналистлар фаолияти учун очиқ бўлишини билдирди.

“Албатта, беш қўл баробар эмас. Баъзи раҳбарлар орасида эски шўролар даврида бўлгани каби матбуотга муносабат сақланиб қолган. Аммо ҳозир бизда журналистлар билан мулоқот маданияти шаклланиб боряпти. Сайлов жараёнидаги эркинлик мана шу маданият шаклланишининг бир босқичи бўлади”, деди Ш.Қудратхўжаев.
XS
SM
MD
LG