Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:37

Россия Киото шартномасини қабул қилади.


Европа Иттифоқи иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган Киото шартномаси имкон қадар тез тадбиқ этилишига қаратилган ишларни давом эттирмоқда. 1997 йилда Япониянинг Киото шаҳрида имзоланган бу ҳужжат қонун кучига кириши учун зарарли газларнинг камида 55 фоизини атмосферага чиқараётган давлатлар уни ратификация қилиши керак. Дунё бўйича зарарли газларнинг тахминан 25 фоизини АҚШ ва 17 фоизини Россия атмосферага чиқармоқда. Шунга қарамай, бу икки давлат Киото шартномасини ратификация қилишдан бош тортиб келмоқда. Бироқ 28 сентябр куни Президент Владимир Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов Россия шартномани ратификация қилишини билдирди.

Шу пайтгача Киото шартномасини ратификация қилишни рад қилиб келган Россия ҳукумати ўз ёндашувини ўзгартирган кўринади. Хусусан, Президент Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов мамлакат Киото шартномасини қабул қилишини билдирди.

Илларионов бу қарор Россия ҳукуматининг 2010 йилга қадар мамлакатда ялпи ички махсулот ишлаб чиқариш хажмини икки баробар ошириш тўғрисидаги режага путур етказса ҳам, ҳужжат қабул қилинишини айтди.

Европа Иттифоқининг Артоф-муҳит агентлиги вакили Тони Кэррит Озодлик мухбири билан суҳбатда агар Россия Киото шартномасини ратификация қилса, ҳужжат ниҳоят қонун кучига киришини айтди:

”Россия Киото шартномасини ратификация қилиши жуда муҳимлигини ҳамма яхши билади. Агар Россия хужжатни қабул қилмаса, у қонун кучига кирмайди. Россия ва АҚШ ҳозиргача уни ратификация қилишдан бош тортиб келди” - дейди Европа Иттифоқи Атроф-муҳит агентлиги вакили.

Кўпгина кузатувчилар Россиянинг Киото келишувини ратификация қилиши бошқа масалалар билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган фикр билдирмоқда. Хусусан, Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун Европа Иттифоқи мададини қозониш мақсадида Киото келишувини ратификация қилиши мумкин.

вропа Иттифоқи агентлиги вакили ҳам бу фикрга қўшилади. Тони Кэррит расмий Москва Киото протоколини ратификация қилиш эвазига Европа Иттифоқига маълум талаблар қўйиши мумкинлигини айтади:

”Киото шартномаси кенг қамровли сиёсий масала экани хеч кимга сир эмас. Европа давлатлари ҳужжат кучга кириши учун Россиянинг уни ратификация қилишини хоҳлайди. Ўз навбатида, Россия, бунинг эвазига биз нимага эга бўламиз, деган саволни ўртага қўйиши мумкин. Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ва бошқа иқтисодий масалалар ана шу ўйиннинг бир қисми бўлиши мумкин” - дейди Европа Иттифоқининг Атроф-муҳит агентлиги вакили.

Агар Россия Киото протоколини ратификация қилса, у ҳолда АҚШ ҳужжатни қабул қилмаган ягона давлатга айланади. АҚШ сиёсатчилари Киото шартномаси борасида ягона бир позицияга эга эмас. Масалан, яқинда Республикачилар партияси қурултойида Жорж Бушнинг Президентликка номзодлигини қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаган сенатор Мак Кейн Киото шартномаси масаласида Оқ Уй сиёсатига қарши эканини билдирди.

Айни пайтда, АҚШнинг Калифорния штати расмийлари автомобиллар атмосферага чиқараётган зарарли газлар миқдорини 2016 йилгача тахминан 30 фоизга камайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Европа Иттифоқининг Артоф-муҳит агентлиги вакили Тони Кэррит Озодлик мухбири билан суҳбатда Калифорнияда қабул қилинган мазкур қонунни ижобий қадам сифатида баҳолади:

”Калифорнияда автомобиллар атмосферага чиқараётган зарарли газлар миқдорини камайтириш бўйича қонун қабул қилгани олқишга лойиқ. Ундан мамлакатнинг бошқа шататлари ва дунё давлатлари ҳам ибрат олиши мумкин ” - дейди Европа Иттифоқи Атроф-муҳит агентлиги вакили.
XS
SM
MD
LG