Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:03

Бебахт кексаликдан худо асрасин


Меҳрабон Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида 150 мингдан зиёд қария истиқомат қилади. Улар орасида фарзандлари қуршовида роҳат-фароғатда яшаётганлари ҳам, ижтимоий қийинчиликлар туфайли зўрға кун кечираётганлари ҳам бор.

Кузатувларга қараганда, шундоқ ҳам оғир аҳволда яшаётган кўпгина қариялар нафақа пуллари ўз вақтида берилмаслигидан азият чекяпти.

Янгибозордаги Йўлдошевлар оиласида уч нафар нафақахўр бор. Уларнинг бошқа даромад манбалари йўқлиги сабабли фақат нафақа пулига кўз тикиб яшайди.

60 ёшли Гулсара Йўлдошеванинг айтишича, пенсия пули ўз вақтида берилмагани етмагандек, озиқ-овқат дўконларига расмийлаштирилиши оилага кўпгина қийинчилик туғдиряпти. Нафақа пули озиқ-овқат дўконларига ўтказилгани сабабли оила аъзолари уст-бош, оёқ кийим сотиб олишга қийналяпти. Уч ўғлини уйлантира олмаётир.

Қўшкўпир туманидаги “Хоразм” ширкат хўжалигининг 1-бўлимида яшовчи Матвафо Матёқубов кўп йиллар давомида ҳайдовчилик қилган. Бироқ кейинги йилларда оилада етишмовчилик кучайгандан сўнг у ёлғиз сигирини сотиб, ишлаш учун Россияга йўл олган.

“Россияда нопок кимсаларнинг қўлига тушдик. Паспортларимиз олиб қўйилди. Буюрган ишларини бажариб бўлмагунча, улар ҳеч кимни қўйиб юбормайди. Қул каби ишладик. Уч ой ишлатиб, уйга қайтиб келишга зўрға етадиган пул беришди”, дейди М.Матёқубов.

3 ўғил, 3 қизнинг онаси, 22 набира, 8 эваранинг бувиси 68 ёшли Солия Хўжабоева ижтимоий ночорликдан қутулиш учун уйма-уй юриб, гадойлик қилади. Қўшкўпирлик Солия момонинг айтишича, у тушадиган садақа ҳисобига тирикчилик қиляпти. Садақага ейишга нон, бир-икки минг пул тушади. 14 минг сўмлик нафақаси ҳеч нарсага етмайди. Болаларининг ўзи ночор бўлгани сабабли онасига ёрдам бера олмайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўрозгул Ғойипова 90 ёшни қаршилаётир. У Урганч шаҳридаги кўп қаватли уларнинг бирида ёлғиз истиқомат қилади. Асли Туркманистоннинг Тошҳовуз шаҳридан бўлган момонинг барча қариндошлари қўшни давлатда яшайди. Бироқ Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидан ўтишдаги мушкулликлар сабабли Ўрозгул момо қариндошларини кўргани бора олмаслигини айтади.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида экологик вазиятнинг ёмонлиги сабаб аҳолиси ўртасида турли хил касалликларнинг асоратли ва хавфли турлари кўпайиб бораётгани кузатиляпти. Айниқса, касалликка чалинган қариялар мушкул вазиятда қолмоқда. Уларнинг кўпчилиги даволаниш учун маблағ топа олмайди.
XS
SM
MD
LG