Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:53

Собиқ маҳбуслар сил тарқатяпти


Саида Маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларига сил касаллигининг кенг тарқалиши хавф солмоқда. Сўнгги йиллар давомида минтақада бу касаллик билан оғриганлар сони юқори суръатлар билан кўпайиб боряпти.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда сил касаллиги 15 ёшдан 52 ёшгача бўлганлар орасида кўпроқ тарқалаётгани кузатиляпти. Айниқса, Хоразм, Жиззах ва Тошкент вилоятларида касалликка чалинаётганлар сони кўпаяётир.

Норасмий манбаларда айтилишича, касаллик, асосан, собиқ маҳбуслар орқали тарқалмоқда.

Яқинда озодликка чиққан собиқ маҳбуснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида сил билан оғриганлар ОИТС ва ВИЧга чалинганларга нисбатан анча кўп. Силга чалинган маҳбус санитария қисмига ўтказилгунга қадар касалликни бошқа шерикларига юқтиришга ҳам улгуради. Чунки касалликни дастлабки босқичдаёқ аниқлаш қамоқхоналарда яхши йўлга қўйилмаган. Силнинг енгил тури билан оғриганлар эса кўп ҳолларда соғлом маҳбуслардан ажратилмайди ҳам.

“Қамоқхонада касаллар соғломлар билан битта баракда ётади. Ошхонада истайсизми-йўқми, бирга овқатланасиз. Чунки касалларни қамоқхонанинг ўзида даволашга ҳаракат қилинади. Аҳволи ўта оғирлашгандан сўнггина махсус колонияга ўтказилади. Тутқунларнинг 70-80 фоизи силнинг енгил тури билан оғрийди”, дейди собиқ маҳбус.

Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий текшириш институтидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сил тарқалишини камайтириш стратегияси ишлаб чиқилган. Мамлакатда 2001 йилдан буён Бевосита назорат остида қисқа муддатли даволаш курси - ДОТС дастури амал қилади. Бу стратегия касалликнинг 70 фоизини аниқлаш ва 85 фоизини даволаш имконини беради.

ДОТС дастури мувофиқлаштирувчиси Дилрабо Ўлмасова таъкидлашича, дастур мамлакатнинг Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида амалга оширилмаётган эди. 11 октябрдан бу вилоятларда ҳам дастур тадбиқ этила бошлайди.

Д.Ўлмасованинг билдиришича, сил билан оғриганлар сони Қорақалпоғистонда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўпроқ. Бу ерда касалликнинг кенг тарқалгани, асосан, экологик муаммолар билан боғлиқ. Бошқа вилоятларда эса касаллик носоғлом турмуш тарзи оқибатида тарқалмоқда. Афсусланарлиси шундаки, Ўзбекистонда силнинг дори-дармонга чидамли тури кўпайяпти.

ДОТС вакили Абдулла Йўлдошев 2005 йилдан мазкур дастур қамоқхоналарда ҳам тадбиқ этила бошлашини маълум қилди.

Айни пайтда сил касаллиги ўсмирлар орасида ҳам тарқалиб бораётгани кузатилмоқда.

Тошкент шаҳри силга қарши кураш диспансери бош шифокори Хурсаной Қудратуллаеванинг айтишича, ҳозир мамлакатда бола туғилганда, етти ёшда ва 14-15 ёшда эмланади. Илгари эса булардан ташқари 17 ва 27 ёшларда ҳам эмланган. Шунга қарамай, Ўзбекистонда силга қарши эмлаш Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан яхшироқ йўлга қўйилган.
XS
SM
MD
LG