Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:35

Қирғизстон мактабларида “Иймон сабоғи” дарси “Одоб сабоғи” деб ўзгартирилди


Тўлқин Ўтган йили Қирғизстон мактабларида ўқувчилар онггига одоб-ахлоқ, маънавият, дин тарихини сингдириш мақсадида “Иймон сабоғи” дарси ўқитила бошлади. Аммо бир йиллик тажриба давомида баъзи эътирозларга сабаб бўлган “Иймон сабоғи”, жорий ўқув йилида “Одоб сабоғи” деб ўзгартирилди. Хўш, бу эътирозлар нималардан иборат?

Ўтган ўқув йилида Қирғизстонда мактаб ўқувчиларига маънавият, одоб-ахлоққа оид билимларни бериш мақсадида “Иймон сабоғи” дарси ўқув дастурига киритилди. Тўрт йил ўқитилиши мўлжалланган бу дастур бир йил давомида тажрибада синаб кўрилиб, негадир кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Хўш, “Иймон сабоғи”, айниқса, дин вакилларига нимаси билан маъқул бўлмади? Қирғизстоннинг Аламудун туманида яшовчи Қодирали оқсоқол “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати мухбирига бу борада шундай фикр билдирди:
“Дарсликни варақлаганда шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, у деярли тўлиқ насронийларнинг “Инжил” китоби асосида ёзилган. Энди биз “Иймон сабоғи” деб ўқувчиларга шуларни ўргатадиган бўлсак, уларга аслида “Инжил”дан сабоқ берган ва насронийликни тарғиб қилган бўлиб қоламиз” .
Ўқув йили охирида — 2004 йилнинг 19 июнида Қирғизстон Таълим вазирлиги “Иймон сабоғи” номини “Одоб сабоғи” деб ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқарди. “Иймон сабоғи” тўрт йилга мўлжалланган дастур бўлса, “Одоб сабоғи” бир йил ўқитилади. “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати мухбирининг бу ҳақдаги саволига Қирғизстон Фанлар академияси вице-президенти Советбек Байқазиев шундай жавоб қилди:
“Ўқитувчилар, умуман, бутун педагоглар жамоаси талаби билан “Иймон сабоғи” “Одоб сабоғи” деб ўзгартирилди. Шунингдек, дастур “Манас”дан бошлаб, ахлоқ, иймон, миллий маънавият тарихига оид кўпгина янги мавзулар билан бойитилди. “Иймон” сўзи алмаштирилганлигининг яна бир сабаби шуки, изоҳли луғатларда “иймон” сўзининг “одоб” деган маъноси ҳам келтирилган, аммо унинг биринчи маъноси динийдир. Шу боисдан Қирғизстондаги айрим диний гуруҳлар ҳеч қандай вазирлик, ҳукумат билан ҳисоблашмай, баъзи туманларда чет элда чиқарилган “Иймон сабоғи” номли китобни мактабларга тарқатиб, Қуръон, дуо ўқиш, умуман, мактабни исломлаштириш ҳаракатига тушиб қолди” .
Қирғизстондаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш маркази дитектори Собир Ибтаров бу борада шундай фикр билдирди:
“Иймон сабоғи” деб аталишидаги бир қалтислик шу бўлдики, дин вакиллари: “бу арабча сўз, Қуръонда унинг аниқ изоҳи бор, бу дарс шундай тартибда ўтилиши керак”, каби маслаҳатлар билан мактабларга бориб, ўқитувчилар билан учрашувлар ўтказиб, ўзларича мактабларда ўқувчиларга иймондан дарс берувчи маърузачилар тайёрлаган ҳолатлар бўлди” .
Унга кўра, Қирғизстонда гарчи “Одоб сабоғи” дарслигини яратиш, унга янги мавзулар киритиш тўғрисида буйруқ чиқарилган бўлсада, ҳали бу фанни ўқитишнинг аниқ методологияси яратилмаган, уни ўқитадиган ўқитувчилар тайёрланмаган.
Ўзбекистонда эса айни шу мақсадда ўқув дастурига киритилган фан “одобнома” деб аталади. Хўш, Ўзбекистонда бу фан қандай ўқитилади? Шундай савол билан ўзбекистонлик мактаб ўқитувчисига мурожаат қилдик:
“Бу дарсда биз болаларга одоб-аҳлоқ, боболаримизнинг ўгитлари, ривоятлар ҳақида тушунтиришлар берамиз. Шунингдек, болалар бу дарсда ўзларини кўчада, синфхонада, кўпчилик ичида қандай тутиши лозимлиги ҳақида билим олади. Бу болаларни яхши томонга йўналтириш учун зарур билимларни ҳар томонлама қамраб олган фан” .
Аммо кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ҳам бу фан ўзининг мукаммал методологиясига эга бўлмаганлиги боис кўпчилик ўқувчиларни қониқтирмайди, кўп ҳолларда номигагина ўтилади. Бу фаннинг зарурати нимада? — деган саволга ўзбекистонлик мактаб ўқитувчиси шундай жавоб қилди:
“5-6 синфларда ўқувчиларнинг бошланғич таълимдан кейинги босқичга ўтган даври бўлади. Бошланғич таълимда, яъни 5 синфгача ўқувчилари фақат битта бошланғич таълим ўқитувчиси ўқитади. Кейинги босқичда эса фанлардан ҳар хил ўқитувчилар киради. Шу даврда ўқувчининг ўқитувчилар билан муносабати, умуман, катта ҳаёт ҳақидаги дарси муҳим рол ўйнайди” .
XS
SM
MD
LG