Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:10

Халқаро Амнистия ташкилоти Беларус ва Ўзбекистон ҳукуматларини ўлим жазосини тўхтатишга даъват этмоқда


4 октябр куни Халқаро Амнистия ташкилоти собиқ совет республикалари орасида ўлим жазосига оид янги ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда фақат Беларус ва Ўзбекистон ўлим жазосини ҳозиргача қўллаётгани билдирилган. Ҳисоботда ёзилишича, бу икки мамлакатда суд тизими мустақил эмас, ҳибсга олинганлар ва маҳбуслар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан калтакланади ва қийноқларга солинади. Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа республикаларида ўлим жазоси бекор қилинган ёки унга мораторий эълон қилинган, яъни жазони ижро этиш тўхтатиб қўйилган. Халқаро Амнистия ҳисоботида қайд этилишича, инсон ҳуқуқлари бузилаётган Беларус ва Ўзбекистонда ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслар жуда ёмон шароитда сақланади. Маҳбуслар очиқ ҳавога олиб чиқилмайди, уларга бериладиган озиқ-овқатлар халқаро талабларга жавоб бермайди. Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, агар Беларус ва Ўзбекистон ўлим жазосига мораторий эълон қилса, Европа ва Марказий Осиё ўлим жазосидан ҳоли зонага айланади.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича мутахассиси, ҳисобот муаллифларидан бири Анна Сандер-Плассман Озодлик мухбири билан суҳбатда Беларус ва Ўзбекистон собиқ совет республикалари орасида ўлим жазосини бекор қилмаган ёки бу жазо ижросини тўхтатмаган сўнгги икки давлат бўлиб қолаётганини айтади:

”Собиқ Совет Иттифоқи республикаларида ўлим жазосини бекор қилишга мойиллик борлигини кузатишимиз мумкин. Сўнгги йилларда кўплаб мамлакатлар бу жазодан воз кечди ва унга мораторий эълон қилди. Ҳозирда фақат Беларус ва Ўзбекистон маҳбусларни қатл этмоқда. Биз Европа ва Марказий Осиё яқин келажакда ўлим жазоси бекор қилинган ҳудудга айланиши мумкинлигини тушундик ва шу йўналишда ҳаракат қиляпмиз“ - дейди Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили.

Ташкилотнинг 4 октябрда чиқарган ҳисоботида ёзилишича, Беларус ва Ўзбекистонда жиноий ишларни кўриб чиқиш жараёнидаги камчиликлар ҳакамлар хато қилишларига йўл қўйишига сабаб бўлиши мумкин.

“Ҳар икки мамлакатда қўлга олинганларни айбига иқрор қилдириш учун улар доимий равишда қийноқларга солиниши ва маҳкамалар адолатсиз тарзда бўлиб ўтаётгани тўғрисида Халқаро Амнистия ишончли далилларга эга” – дейилади ташкилот чиқарган ҳисоботда.

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти фаоли Дилобар Худойберганова Озодлик мухбири билан суҳбатда Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботида келтирилган фикрларга қўшилишини айтади:

”Ўз тажрибам, ўзим кўрганларимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, суд ноҳақ ҳукм чиқаради. Ўлим жазосига нисбатан бўлган ҳукмларнинг кўпи тергов вақтидаги тазйиқ остида олинган кўргазмалар, айнан мана шу кўргазмаларга асосланиб чиқарилади. Яъни, суд давомида жиноят исботланмаса ҳам айблов ҳулосасига асосланиб, шундай юзаки кўчирилиб, охирига бориб ҳукм ёзиб қўйилади холос “

“Халқаро Амнистия ташкилоти ўлим жазоси дунё бўйлаб тақиқланишига даъват этади. Ўлим жазоси инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг қуйи кўришинидир. Ўлим жазоси қўлланар экан, бегуноҳ одамлар ҳам қатл этилиши эҳтимоли доимо мавжуд бўлади” – дейилади ташкилотнинг сўнгги ҳисоботида.

Совет Иттифоқи даврида ўлим жазосини бекор қилишга уч марта уриниш бўлган. Аммо ҳар гал бу жазо тарафдорларининг қўли баланд келган ва ўлим жазоси жиноят кодексида сақланиб қолган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин ҳам ўлим жазоси кўпгина мустақил давлатлар, жумладан Ўзбекистон Жиноят кодексида қолдирилди. Лекин ҳозирда бу мамлакатларнинг аксари, ушбу амалиётдан воз кечмоқда. Ўзбекистон қонунларига кўра, фақат қасддан одам ўлдирганлик ва терроризмда айбланган шахсларгина ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Халқаро Амнистия вакилларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда ҳар йили қанча одам қатл этилиши ҳақидаги статистик маълумотларни эълон қилмай. Дилобар Худойберганова бу фикрга қўшилишини айтади:

”Ўлим жазоси шунақангги ёпиқ мавзуки, хаттоки бу ҳақда очиқ бир маълумот йўқ“

Халқаро ташкилотлар Беларус ва Ўзбекистон ҳукуматларини ўлим жазосини бекор қилишга чақириб келаётганига қарамай, ҳозирча бу ҳеч қандай натижа бергани йўқ.

Халқаро Амнистия ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Омбудсмени Сайёра Рашидова Ўзбекистон ҳукумати ўлим жазосини йўқ қилиш учун босқичма-босқич чора кўриш сиёсатини олиб бораётганини ташкилотга 1998 йилда маълум қилган. Лекин бу соҳадаги вазият ҳамон ўзгармаган.

Анна Сандер-Плассман Озодлик радиосига ўз ташкилоти Беларус ва Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқининг бошқа республикаларидан ўрнак олишига умид қилаётганини айтади:

”Беларус ва Ўзбекистон ҳукуматларининг ўлим жазосини бекор қилишга қаршилик қилиб келаётганини кўришимиз мумкин. Бу давлатлар ҳозиргача ўлим жазосига на мораторий эълон қилган ва на бу жазони бекор қилган. Бу икки давлат ҳукуматлари ўлим жазоси ижросини тўхтатиб қўйган бошқа собиқ совет республикаларидан ўрнак олишига умид қиламиз“ - дейди Анна Сандер-Плассман.
XS
SM
MD
LG