Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:16

Бишкекда туркийлар йиғилди


4 октябрь куни Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида "Туркий халқлар цивилизациясининг дунёда тутган ўрни ва аҳамияти" мавзуида халқаро конгресс ўз ишини бошлади. Уч кун давом этадиган улкан илмий анжуманда дунёнинг 16 мамлакатидан келган олимлар туркийлар тамаддуни тарихи ва бугунги аҳволи тўғрисида фикр алмашмоқда.

Конгресс Бишкекдаги "Манас" қирғиз-турк университети ташаббуси билан уюштирилди. Анжуманнинг очилиш маросимида чиқиш қилган Президент Ақаев туркийлар цивилизацияси дунё цивилизациясининг таркибий қисми сифатида уни бойитиб, шу кунда ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Асқар Ақаев ўз халқи тарихига ҳар доим катта қизиқиш билан билан ёндошганини, Ленинградда ўқиб юрган чоғларида таниқли олим Лев Гумилевнинг пассионар назариясига - миллатлар шаклланиши тўғрисидаги назарияга қизиқиб, бир қатор тарихий асарларни ўқиганини эслади.

"Кейинги пайтларда цивилизациялар тўқнашуви тўғрисидаги ғоя тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Бундай тўқнашув-зиддият эса, охир-оқибат инсониятнинг заволи гарови бўлиб қолиши мумкин. Қадим замонлардан бери халқлар ўртасидаги ўзаро алоқалар тирикликнинг асоси бўлиб келган. Дунё сиёсий луғатидан "цивилизациялар зиддияти" деган атамани сиёсий жиҳатдан зарарли, амалий жиҳатдан таҳликали атама сифатида чиқариб ташлаш зарур,"- деди Қирғизистон раҳбари. У дунё олимлари орасида "турк цивилизацияси" тушунчаси ҳозирча кенг ёйилмаганини, бироқ шунга қарамай,
тамал тоши қадимий Марказий Осиёда қўйилган туркий тилли халқлар цивилизацияси умумжаҳон цивилизацияси босиб ўтган қонуний йўлни босиб ўтганини, шу кунда эса, баркамол цивилизация даражасига етганини таъкидлади. Қирғизистон Президенти "Туркий халқлар цивилизацияси тадқиқот маркази"ни тузишни таклиф қилди.

Анжуман иштирокчиларидан бири, таниқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов туркий халқлар цивилизацияси, айниқса, сўнгги 20-асрда гуллаб-яшнаганини таъкидлаб: "20-аср кечаги кўчманчи халқларнинг тарихида пассионар симфония тарзида жаранглади. Бу Марказий Осиёдаги советча цивилизация билан Ота Турк асос солган замонавий давлатнинг айнан шу асрда гуркираб ривожланишидир,"-деди.

Туркий халқлар цивилизациясининг дам гуркираб ривожлангани, дам инқирозга юз тутгани, бугунга келиб эса, тили бир бу халқларнинг бир-бирига яқинлашаётгани тўғрисида анжуман иштирокчилари – Австралия, Япония, Туркия ва бошқа қатор мамлакатлардан келган олимлар эҳтирос билан гапирдилар.

Озодлик мухбири анжуман иштирокчиларидан бири, туркиялик олим, профессор Ахмад Билон Эржиласунни суҳбатга торди.

"Туркийлар цивилизацияси, туркийлар маданияти туркий тилли халқларнинг барчаси учун ғоят аҳамиятлидир. Бу цивилизация Туркия турклари учун ҳам, Ўзбекистон, Қирғизистон турклари учун ҳам, уйғур турклар учун ҳам муштарак қадриятдир. Қадимий туркийлар маданиятининг, бугунги туркийлар цивилизациясининг дунё маданиятига, цивилизациясига қўшган ҳиссаси бор,"- деди туркиялик олим, профессор Ахмад Билон Эржиласун.

Бишкек шаҳрида ўз ишини давом эттираётган "Туркий халқлар цивилизациясининг дунёда тутган ўрни ва аҳамияти" мавзуидаги халқаро конгресс иштирокчилари анжуманни цивилизациялараро ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида резолюция қабул қилиш билан якунламоқчилар.

***
XS
SM
MD
LG