Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Ташаббус гуруҳларининг номзодлари аниқ


Шайбон 7 октябрь куни Тошкентда мухолифат вакилларидан иборат “Давра кенгаши” ўтказган матбуот анжуманида декабрда Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда мустақил ташаббус гуруҳларидан кўрсатиладиган номзодларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Тадбирда маълум қилинишича, “Давра кенгаши” томонидан сайлов жараёнига оид йўриқномалар ишлаб чиқилган. Бу йўриқномаларда сайловда мухолифатнинг ташаббус гуруҳларидан кўрсатилган номзодлари иштирокини таъминлаш, улар учун сайловолди платформасини тайёрлашга кўмаклашиш назарда тутилган.

“Давра кенгаши” раиси, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси вакили Ҳамдам Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, сайловга пухтароқ тайёргарлик кўриш мақсадида “Ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш” мавзуида ўқув семинар-тренинглар ўтказилган. Айни пайтгача жойларда қирқдан ортиқ шундай тренинг бўлиб ўтган. Бугунги кунга келиб қарийб йигирмата ташаббус гуруҳи тузилган. Аммо сайлов округлари шу пайтгача тузилмагани боис ташаббус гуруҳлари рўйхатдан ўта олмаётир.

Ҳ.Сулаймоновнинг билдиришича, тартиб-қоидага кўра сайлов округлари тузилгач, ташаббус гуруҳлари йиғилиш ўтказади ва рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлари округлар сайлов комиссияларига тақдим этади. Шундан сўнг номзодлар учун имзо йиғиш ва сайловолди платформаларини тарғиб қилиш жараёни бошланади.

Ҳ.Сулаймоновнинг таъкидлашича, ташаббус гуруҳлари орқали кўрсатиладиган номзодлар маълум. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исм-шарифлари ошкор қилинмаётир. Хавфсизлик деганда номзодларга ўтказилиши мумкин бўлган тазйиқлар назарга тутилмоқда.

“Давра кенгаши” аъзоси, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев номзодларга таклиф этиладиган сайловолди платформасининг моҳияти ҳақида тушунтириш берди.

“Платформада асосий эътибор давлат тизимини ислоҳ қилиш ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган. Демократик кучлар мақсадини ифодаловчи ва биз билан бирга давлат тизимини ислоҳ қилиш жараёнида иштирок этмоқчи бўлган ҳар қандай мустақил номзод тавсия этилаётган платформадан ўзига керагича фойдаланиши мумкин. Демоқчиманки, номзодлардан платформани тўлиғича қабул қилиш талаб этилмайди. Уларнинг ўзлари ҳам қўшимчалар киритиши мумкин”, деди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошевнинг эътирофича, Сенатнинг 16 аъзоси Президент томонидан танланишини мухолифат вакиллари қўллаб-қувватламайди. Зеро, шундоқ ҳам ундаги ўринлар қўғирчоқ партиялар томонидан бўлиб олинган. Мухолифатга эса жой йўқ. Демократлар бундай ҳолатга ҳеч қачон рози бўлмайди.
XS
SM
MD
LG