Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

Хавф остидаги матбуот


11-12 октябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида "Ўтиш даври матбуоти хавф остида" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Жаҳон газеталар ассоциацияси томонидан UNESCO ҳамда Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш халқаро ташкилоти кўмагида уюштирилди.

Форумда Марказий Осиёдаги ахборот воситалари ҳамда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи бошқа қатор ташкилотлар раҳбарлари, журналистлар иштирок этди.

Конференцияда постсовет мамлакатлари, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари матбуоти учун ўта долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчиларининг таъкидлашича, минтақа мамлакатларида сўнгги пайтларда сўз эркинлиги ҳокимият томонидан амалга оширилаётган баъзан ошкора, баъзан яширин цензура ёрдамида бўғилмоқда. Журналистлар устидан жиноий ишлар очиш, уларни ёлланма қотиллар қўли билан ўлдириш тенденцияcи тобора авж олмоқда. Бундай таҳликали фикрни далиллар экан, конференция иштирокчилари бир қатор фактларни санаб ўтди.

Журналистларни ҳам маънан, ҳам жисмонан маҳв этиш тенденцияси, айниқса, Тожикистонда кучлидир. Бу жараён бир неча йилдан буён давом этиб келмоқда. Бу ҳақда Тожикистондан келган вакиллар очиқ айтдилар.

Қолаверса, матбуоти қўшниларига қараганда, анчайин эркин бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам, шу мамлакатлар вакилларининг айтишича, матбуот ва журналистлар ҳукуматларнинг тазйиқига учрамоқда.

Тожикистонда чиқадиган "Вароруд" газетаси Бош муҳаррири Илҳом Жамолов бундай деди:

"Чиндан ҳам Марказий Осиё мамлакатлари матбуоти хавф остида эканлигини конференциянинг кўплаб иштирокчилари айтиб ўтди. Сўз эркинлиги бўғилаётганлигини минтақанинг ҳар бир мамлакатида кузатиш мумкин".

Форумда Марказий Осиёдаги постсовет мамлакатларида сўз эркинлиги сиёсий маданиятнинг бир унсури сифатида ҳалигача шаклланмагани тўғрисида гапирилди. Бу ҳолат эса, демократик жараёнларнинг олға силжимаётганлигига асосий сабабдир.

Олмаотадаги "Одил сўз" халқаро ташкилоти ўтказган тадқиқотлар натижаларига қараганда, сўнгги бир неча йил ичидаёқ журналистик фаолияти билан боғлиқ равишда Марказий Осиё бўйлаб тўрт журналист ўлдирилган. Журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини судга бериш, айниқса, расмийларнинг судга бериши, жиноий жавобгарликка тортиши одатий ҳолга айланиб қолган.

Журналистларни жиноий жавобгарликка тортиш фактлари Қирғизистонда 4, Тожикистонда 3, Ўзбекистонда эса, 11 марта қайд этилган.

Журналистларга солинган жарималарнинг умумий миқдори эса мана бундай: Ўзбекистонда
1 млрд. 160 млн. 5 минг сўм, Қирғизистонда 46 млн. 95 минг сўм, Тожикистонда 930 минг сомоний.

Минтақадаги вазиятни шарҳлар экан, Жаҳон газеталар ассоциациясининг директори Кайза Торнороуз хоним бундай деди:

"Марказий Осиё мамлакатлари демократия томон қадам ташлаганига 14 йил бўлган эсада, бу мамлакатларда сўз эркинлиги шаклланган эмас. Демак, биз бу мамлакатларда тўлақонли демократия ўрнатилди, деб айта олмаймиз".

Бишкек конференциясида минтақадаги бир қатор таниқли журналистлар иштирок этди. Улар қаторида яқиндагина озодликка чиққан қозоғистонлик журналист Сергей Дуванов ҳам бор.

Анжуманда иштирок этган баъзи ўзбекистонлик журналистлар форумда ўз исм-фамилияси билан эмас, тахаллуси билан қатнашаётганини билдириб, Озодлик мухбири саволларига жавоб беришдан ўзларини олиб қочди.

Ташкилотчилар тарқатган хабарномада билдирилишича, форумда ўзбекистонлик мустақил журналист Инера Сафарғалиева ҳам иштирок этган. Унинг айтишича, ўзбекистонлик журналистлар орасида ўзини ўзи цензура қилиш кўриниши катта муаммодир. Авторитар бошқарув, матбуотга оид қонунларнинг номукаммаллиги, журналистлар иш ҳақининг ўта озлиги, Инера Сафарғалиеванинг фикрича, Ўзбекистон журналистлари ва журналистикаси олдида турган муаммолардан баъзиларидир.
XS
SM
MD
LG