Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:44

Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонлик фуқаро Ўзбекистонга экстрадиция қилинди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакилининг бугун билдиришича, икки ойлар муқаддам мамлакатнинг жанубий вилоятларидан бирида диний экстремизмда айбланиб, ўзбекистонлик фуқаро қўлга олинган. Қозоғистон томонининг маълум қилишича, у асли намаганлик, Одилжон Мўминов исмли фуқародир.

28 октябр куни Одилжон Мўминов Ўзбекистонга экстрадация қилинди. Аммо ҳозирда қозоғистонлик кузатувчилар ва айни вақтда миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ҳам бу фуқаронинг кейинги тақдиридан хавотир билдирмоқда. Улар Одилжон Мўминов ҳақиқатда ҳам диний экстремистик фаолият билан шуғулланганми ёки оддий тақводор, диндор одамми — шу масалага охирига қадар ойдинлик киритилмаслиги мумкинлигидан ташвишда.

Хўш, қозоғистонликларнинг бу хавотирида қанчалик жон бор ва Одилжон Мўминов қачон, қай тариқа қўлга олинди?

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг жанубий вилоятлар бўйича департаменти маслаҳатчиси Нурлан Тасқинбоевнинг айтишича, 1999 йилнинг март ойида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан диний-экстремистик фаолият билан шуғулланганликда гумон қилинган ва Қозоғистонга ўтиб кетган ўзбекистонлик фуқаро ҳақида ахборот олинган. Мана шу ахборотга асосланган ҳолда текширув олиб бораётган Қозоғистон Милий хавфсизлик қўмитаси вакиллари бир ой муқаддам бу фуқарони қўлга олди, дейди Нурлан Тасқинбоев, “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати мухбирига:

“Бу фуқаро 2004 йилнинг 1 сентябрида қўлга олинган, асли Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида туғилган Одилжон Мўминовдир. Прокурор санкциясига биноан унинг уйида тинтув ўтказилганда, диний мазмундаги адабиёт ва аудио кассеталар топилди. Биз бу ҳақда Ўзбекистон томонига маълум қилдик ва улардан тегишли тартибдаги ҳужжатларни олганимиздан сўнг, шу йил 28 октябр куни халқаро шартномаларга асосланган ҳолда Одилжон Мўминовни Ўзбекистонга экстрадиция қилдик”.

Эндиликда Ўзбекистон томони уни диний экстремистликда айблайдими ёки бошқа айблов қўядими, бу албатта, у томоннинг ҳукмида, дейди Нурлан Тасқинбоев:

“Бироқ, Ўзбекистонда бир ваҳҳобийлик, бир “Ҳизб ут-Таҳрир” ҳаракатлари ҳақида гапириб қолишади. Президент Каримов ҳам бир гал у, бир гал бу диний оқим ҳақида кўп гапира бошлаганини эшитиб қоламиз. Ўзбекистонда ҳар икки диний оқим вакилларига бирдай қарашади. Лекин менинг фикримча, бу оқимлар бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Ваҳҳобийлик бошқа,” Ҳизб ут-Таҳрир” бутунлай бошқа”.

Қозоғистонлик сиёсатчи Азимбой Ғали экстрадация қилинган ўзбекистонлик фуқаро тақдири бўйича ўз фикрини билдирар экан, авваламбор аниқлаб олиш лозим — бу фуқаро ҳақиқатда ҳам диний экстремистми ёки оддий бир тақводор, диндор одамми, деган саволни ўртага ташлади.

“Бир тоифа одамлар фақат тоат-ибодат билан машғул, илм олаётган бўлиши мумкин. Яна бир тоифа одамлар бор, ҳақиқатда экстремистик фаолият билан шуғулланиб юради. Буни ажратиб олиш лозим. Ўзбекистонда эса мамлакат Президенти ўзига сиёсий мухолиф вакилларни ҳам диний-экстремизмда айблаб, жиноятчига айлантираётганини кузатаяпмиз”.

Сўнгги вақтларда қозоғистонлик сиёсатчи Азимбой Ғали каби аксарият сиёсий таҳлилчилар Ўзбекистонда сиёсий мухолифат вакиллари ҳам диний экстремизмда айбланиб, қамалаётгани ҳақидаги фикрларни билдиришмоқда. Биз айни фикрларга муносабат билдиришини сўраб, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовга юзландик. Суръат Икромов биз билан суҳбатда бундай фикрларни билдирди:

“1999 йил, 16 февралдаги воқеаларни эсга олайлик. Аввалига Президент буни суиқасд, деб билди. Кейин диний экстремистлар иши, яна бироз ўтиб, “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ иши, деб ҳисобланди. Худди шу ҳолатни ҳозир ҳам кўриш мумкин. Тошкентда бўлган охирги портлашларни, асосан, диний экстремистлар гуруҳи қилди, деб ҳисобланаяпти. Яқинда эса бунда “Бирлик” партияси ҳам қатнашган, деган гаплар айтилди”.

Минтақа кузатувчилари томонидан Ўзбекистонда Ваҳоббийлик ва “Ҳизб ут-Таҳрир” диний оқимларига бир хилда айбловлар қўйилаяпти, деган фикрларни эса суҳбатдошимиз тасдиқлади. Унинг айтишича, Ваҳҳобийлик ва “Ҳизб ут-Таҳрир” диний оқимларига алоқадорликда айбланган шахсларнинг деярли ҳаммасига, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг, асосан, 159, 244 моддаларига биноан айб қўйилмоқда.

“Ваҳоланки, қўлга олинганларнинг яқинлари билан суҳбатлашганимизда, уларда давлат тузумига тажовуз ёки қўлга қурол олиш ҳақида ҳеч қандай мақсад бўлмаганини айтишади. Яъни маълум бўладики, улар оддий намозхон, тақводор одамлар. Мана ҳозир Тошкент вилояти судида тўртта судланувчига бир вақтнинг ўзида учта диний оқим аъзоси, деб айб қўйилган. Ваҳоланки, бир одам бир вақтнинг ўзида учта диний ташкилотга аъзо бўлиши асло мумкин эмас”.

Шунинг ўзиёқ, диний экстремизмда айблаш аксарият сохта айбловларни тиркаш орқали уюштирилаётганини кўрсатиб турибди, дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG