Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

АҚШда президентлик сайловолди кампанияси якунланмоқда


2 ноябрда АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини нафақат америкаликлар ўзлари, балки кўплаб мамлакатлар кузатади. Сайловларга бир кун қолар экан президентликка даъвогар демократ Жон Керри ва республикачи, ҳозирги Президент Жорж Буш асосий эътиборни бир қатор кичик штатларга қаратди. Чунки айнан шу штатлардаги сайловчилар овози сайлов натижасини белгилаши мумкин.

Сайловолди кампанияси якуний паллага кирар экан, ҳар иккала номзод ўз тарафдорлари сони рақибиники билан деярли тенг бўлган штатларга борди. Жон Керри Висконсин, Айова, Оҳайо, Мичиган ва Флорида штатларида ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқда. Президент Жорж Буш ҳам айни штатларда ўз сайловчилари билан учрашяпти.

Сайловларга бир неча кун қолганида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши ҳужум уюштирганликда айбланган Усама Бин Ладеннинг америкаликларга қаратилган видеолавҳаси пайдо бўлди.

Керри мана шу воқеага изоҳ бериб, Жорж Бушни 2002 йилда Афғонистондаги Тўра Бўра тоғларида Усама Бин Ладенни қўлга ололмаганликда айблади.

АҚШда ўтказилган сўров натижаларига кўра, 2 ноябрда бўладиган сайловларда 2000 йилги сайловлардаги каби икки номзод деярли тенг овоз олиши мумкин.

Бу сафар ўтган галги президентлик сайловларига қараганда сайловчилар фаол қатнашиши кутилмоқда. Чунки муддатдан аввал овоз бериш бошланган штатларда америкаликлар ҳар қачонгидан кўра кўп қатнашмоқда. АҚШнинг барча штатларида рўйҳатга олинган сайловчилар сони рекорд даражага етгани айтиляпти. Овоз берувчилар орасида келиб чиқиши араб бўлган америкалик мусулмонлар ҳам бор.

Аввалги президентлик сайловларида Америкадаги араб жамоалари Жорж Буш номзодини қўллаб-қувватлаган эди. Лекин яқинда Флорида, Мичиган, Оҳайо ва Пенсилвания штатида 500га яқин араб сайловчилари ўртасида ўтказилган сўров натижалар, улар АҚШнинг Ироқ урушига қарши экани ҳамда Жорж Бушнинг Яқин Шарқда олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватламаслигини кўрсатган. Сўровларга кўра, ҳозирда америкалик араблар жамоаларининг учдан икки қисми демократ Жон Керри номзодини қўллаб-қувватламоқда.

Америкадаги мусулмон ташкилотлари раҳбарларидан бири Райид Тайининг Озодлик радиосига айтишича, 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШда терроризмга қарши қабул қилинган қонунларни араб жамоаларини таҳқирлаш сифатида қабул қилган. Тайи кўплаб исломий ҳайрия жамғармалари ёпилгани, арабларга виза бериш тартиби қаттиқ назорат қилина бошлангани ҳамда текширув путктларида араблар ва умуман мусулмонларга алоҳида эътибор қаратилишини бунга мисол қилиб кўрсатади:

”Ана шу нарсалар америкалик араблар жамоасига қаттиқ таъсир қилди. Одамлар ўз ҳатти ҳаракатларини назорат қила бошлади. Улар қаергадир учмоқчи бўлса, алоҳида сўроқ ёки тинтув қилинишдан ҳавотирда. Шу сабабли араб жамоаси келаси тўрт йил давомида Жорж Буш ва Жон Ашкрофтдан кўра, анъана бўйича фуқаролар эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Демократик партия номзоди Жон Керри араб жамоаси манфаатига кўпроқ хизмат қилади деган ҳулосага келган“ - деди Тайи.

Жорж Вашингтон университети профессори Натан Браун эса Озодлик радиосига Буш терроризмга қарши кураш доирасида кўрган чоралари америкалик араблар хафсаласини пир қилганини айтади:

”Тўрт йил олдин америкалик араблар Жорж Бушни қаттиқ туриб қўллаб-қувватлаган эди. Аммо Буш уларовоз берган Президент бўлиб чиқмади. АҚШда терроризмга қарши кураш, ички хавфсизлик, иммиграцияни назорат қилиш ва бошқа масалалар бўйича қабул қилинган қонунлар учун Жорж Буш масъул. Тўғрими-нотўғрими, америкалик араблар жамоаси бу ҳаракатларни айнан уларга қаратилган чоралар сифатида қабул қилдилар“ - дейди америкалик олим Натан Браун.
XS
SM
MD
LG