Бироқ Феликс Қуловнинг ҳимоячилари унинг 2000 йилнинг 22 мартидан то 7 августига қадар Миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳисбхонасида ўтиргани ва бу муддат ҳам жазо муддатига қўшиб ҳисобланишини сўрашган эди. Биринчи май туман суди буни инобатга олмади. Шу йил 13 август куни Чуй вилояти, Сўқулуқ туман суди ҳам Қулов ишини кўриб чиқар экан, унинг ҳимоячилари талабини қондирмади.
Шу боис Қуловнинг партиядошлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу масалада халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига арз билан мурожаат қилишга мажбур эканликларини билдирди. Инсон ҳуқуқлари халқаро лигасининг Қирғизистон Президенти Ақаевга йўллаган мактуби ана шу мурожаатлар натижасидир, дейди “Ор-номус” партияси раиси ўринбосари Эмил Алиев. Унинг айтишича, аслида Феликс Қулов бу йил ёзда, нари борса кузда озодликка чиқарилиши керак эди.
“Қулов масаласида хатога йўл қўйилмаган. Атайлаб шундай уюштирилган. Жоғорқу Кенешнинг қонунчилик масалалари бўйича қўмита раиси Бекназаров ҳам яқинда масалани кўриб чиқиб, “мана бу ерда хато бўлган, мана бу ерда нотўғри моддалар қўлланган” деб аниқ айтди. Яъни, қонуннинг бошқа моддасини қўллаб туриб, Қуловни 2005 йилнинг 12-ноябрига қадар қамоқдан чиқмайдиган қилиб қўйишди”.
Президент Ақаев эса Феликс Қулов қилган жинояти учун қамоқда ўтирибди ва уни муддатидан аввал озод қилишга ҳеч қандай асос йўқ, деб келмоқда.
“Мендан сиёсий маҳбус, деб аталган Феликс Қуловни шартли равишда ёки тўла қамоқдан озод этишни сўрашмоқда. Мени шуни айтиб қўяйки, бизда Қулов исмли сиёсий маҳбус йўқ”.
Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Бўлўт Жонузақов эса “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати мухбирига интервю берар экан, Феликс Қулов миллионлаб маблағларни беҳуда совургани учун қамалган, деган гапни айтди.
“Мана биргина Сейтек шаҳарчаси учун 15 миллион сўм маблағ беҳуда сарфланган. Қулов губернаторлигида сарфлаган 16 миллион сўм ҳам ҳеч бир натижа бергани йўқ. Шу вақтга қадар қайтарилгани ҳам йўқ. Ахир бу коррупция эмасми?!”
“Ор-номус” партияси раиси ўринбосари Эмил Алиев эса бу айбловлар суд жараёнида исботланмаганини айтади.
“Суд вақтида бу айбловларнинг бирортаси исботини топгани йўқ. Ҳукуматнинг бир тийин пули йўқолмаган”.
Мамлакатда Президентлик сайлови яқинлашган сари Феликс Қулов масаласи нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам бот-бот кўтарилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича аксарият халқаро ташкилотлар Феликс Қулов сиёсий фаолияти учун тутқунликка солинган сиёсий маҳбус, деб ҳисобламоқда.
Қуловнинг ўзи бундан аввал “Озодлик” радиосига берган интервьюсида бундай деган эди:
“Бир йил, ярим йилдан кейин сайлов орқали ҳукуматга янги одамлар келади. Мен ўшанда оқланаман. Чунки, эртами-кечми, албатта, ҳукуматга яхши одамлар келади”.