Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:56

Иқлим ўзгаришига оид янги ҳисоботлар эълон қилинди


Сўнгги чорак аср давомида дунё иқлимининг ҳар қачонгидан тез суръатда исиб бораётгани турли минтақаларда яшовчи миллионлаб аҳолига катта қийинчилик яратмоқда. Шу боис, турли ташкилотлар иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга таъсири борасида илмий текширувлар ўтказиб, ҳисоботлар чиқармоқда. 8 ноябр куни Америкадаги глобал иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланувчи “Pew” тадқиқот маркази иқлим ўзгаришининг АҚШга таъсири ҳақида ҳисобот эълон қилди. Айни пайтда, Норвегиядаги Иқлим ва атроф-муҳит тадқиқот маркази ҳам Арктика музликларининг эришига оид янги ҳисобот эьлон қилди. “Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида ана шу икки ҳисобот, шунингдек, тоғ музликлари эришининг Марказий Осиёга таъсири ҳақида сўз боради.

Глобал иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланувчи АҚШдаги “Pew” тадқиқот маркази намоёндаси Кэти Манделс ҳисобот мақсади ҳақида Озодлик радиосига шундай деди:

”Ҳисоботдан кўзланган мақсад, кузатилаётган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ҳақида, айниқса, АҚШ фуқароларини хабардор қилишдан иборат “.

Қирқдан ортиқ тадқиқот натижаларига асосланиб чиқарилган мазкур ҳисоботга кўра, охирги юз йил ичида ер иқлими Целсий ўлчови бўйича ярим фоизга илиган. 21 аср охирига бориб эса ҳароратнинг бир даражадан беш даражагача кўтарилиши тахмин қилинмоқда. Тадқиқот натижалари Америкадаги айрим ёввойи ҳайвон турлари иқлим ўзгаришига мослаша олиши, бошқаларининг эса мослаша олмай ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини кўрсатган. “Pew” маркази ҳисоботига кўра, Мексикада яшайдиган баъзи капалак турларини олдинлари АҚШда ҳам учратиш мумкин бўлган. Аммо ҳозирда улар аксарият штатларда йўқ бўлиб кетган. Қизил тулки эса доимий яшаб келган штатлардан АҚШнинг шимолий минтақаларига кўчмоқда.

Кэти Манделсга кўра, иқлим исишининг баъзи ижобий томонлари ҳам бор. Чунончи, иссиқ минтақаларда етиштириладиган экинларни АҚШнинг шимолий минтақаларида ҳам ўстириш мумкин:

”Об-ҳаво исишининг АҚШга таъсири сезила бошлагач, қишлоқ хўжалик экинларини экиш тартиби ҳам ўзгармоқда. Бошқача айтганда, баъзи шимолий минтақаларда олдин экилмаган экин турлари ўстирилиши мумкин “, - дейди халқаро ташкилот вакили.

Айни пайтда, Бош қароргоҳи Ослода жойлашган Иқлим ва атроф-муҳит халқаро тадқиқот маркази ҳам 8 ноябр куни глобал иқлим ўзгаришининг Арктикага салбий таъсири ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Уч юз тадқиқот натижасига асосланиб тузилган мазкур ҳисоботга кўра, ҳозирда Арктикада ҳаво ҳарорати дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан икки баробар тезликда илиб бормоқда. Тадқиқот натижалари, 21 аср охирига келиб Арктика ёзида музликлар қолмаслиги ва биологик ранг-баранглик кескин ўзгаришини кўрсатган. Шунингдек, асримиз охирига келиб Арктикада ҳароратининг ўртача тўрт – етти даражага илиши билдирилган.

Ҳисоботга кўра, тоғлардаги мангу музликларнинг эриши денгиз сатҳини 10 сантиметрдан 90 сантиметргача кўтариши, бунинг оқибатида денгиз соҳилида яшовчи миллионлаб аҳоли бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлади.

Айни пайтда, ҳисоботда тоғ музликларининг эриб йўқ бўлиши оқибатида миллионлаб аҳоли ичимлик суви муаммосига дуч келиши мумкинлиги таъкидланади.

Норвегиядаги Иқлим ва атроф-муҳит халқаро тадқиқот маркази чиқарган ҳисобот муаллифларидан бири Урин Гдан Озодлик радиосига дунёнинг бошқа минтақалари сингари Марказий Осиёдаги тоғ музликлари ҳам анча кичрайганини айтади:

”Мен яқинда олинган суратларни олдингилари билан солиштириб кўрдим ва Марказий Осиё минтақасидаги баланд тоғ музликлари қатлами анча кичрайганини кўрдим “ - дейди халқаро ташкилот вакили Урин Гдан.
XS
SM
MD
LG