Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Наманганлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўпчилиги ёшлар


Куни-кеча Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Наманган вилояти бўлимининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ва ташкилий масала кўрилди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг бош қароргоҳи Германияда жойлашган. Жамият БМТ иқтисодий-ижтимоий кенгаши кузатувчиси мақомига эга. Унинг Ўзбекистондаги бўлим бир неча йиллардан буён фаолият юритади. Жамият мамлакатнинг кўпгина вилоятларида ўз бўлимларига эга.

Жамиятнинг Наманган вилояти бўлими таъсис қурултойида вилоятдаги инсон ҳуқуқлари муаммолари атрофлича муҳокама этилди. Тадбирда жамият фаолларидан бири Зоҳиджон Зокиров вилоят бўлими раислигига сайланди.

Жамиятнинг Наманган вилояти бўлимида, асосан, ёшлар фаолият кўрсатади.
З.Зокировнинг айтишича, вилоят бўлими сафида санъаткорлар, ўқитувчилар, деҳқонлар, компьютер мутахассислари бор.

Намангандаги “АКМ” студияси раҳбари Акмал Қодировнинг сўзларига қараганда, у фуқароларга ўз ҳуқуқини тушунтириш мақсадида мазкур жамият аъзоси бўлишга қарор қилган.

Компьютер бўйича мутахассис, жамият аъзоси Нурмирза Зокировнинг таъкидлашича, Наманганда инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари кўп содир бўлмоқда. Гуноҳсиз кишилар ваҳҳобийликда айбланиб, қамалиб кетмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Ўзбекистон бўлими раиси Марат Зоҳидовнинг билдиришича, жамият бўлимлари расмий рўйхатдан ўтиши шарт эмас. Чунки расмий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси низомига кўра, жамият қўмита таркибида фаолият кўрсатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG