Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Йил номлашда нима ҳикмат бор?


Феруза Ўзбекистонда ҳар йил сўнггида кириб келаётган янги йилга ном бериш анънанага айланган. “Озодлик” мухбири турли қатлам вакилларининг мазкур анъанага муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

“Маҳалла” жамғармаси масъули Садриддин Ҳасановнинг сўзларига қараганда, у йилларга ном берилишига ижобий қарайди. Чунки бу анъана ҳар йил тарихда ўзига хос из қолдиришини таъминлайди. Маълум бир ном олган йилда миллион-миллион кишиларга шу йўналишда кўмак берилади.

Нафақахўр Сожида Миролимова йилларнинг номланиши на ўзи, на яқинлари ҳаётида ўзгариш ясаганини сезмаганини билдирди.

“Йиллар номланиши ҳеч қандай ўзгариш ясамаётир. Ундан кўра уйларни иситиш, таъмирлашга эътибор қаратилса, яхши бўларди. Пул тўлаганимизга яраша маиший таъминотлар яхшиланса, бизга катта ёрдам бўларди”, деди нафақахўр.

Олим Шоназар Ҳикматовнинг айтишича, турли ном олган йилларда халққа фойдаси тегадиган савобли ишлар сезилмаётир. Бунинг ўрнига катта-катта осмонўпар бинолар, 3-4 қаватли шахсий хонадонлар қад кўтаряпти.

Давлат муассасаларидан бирида ишловчи ходимнинг фикрича, йилларга ном берилиши жамиятнинг эътиборга муҳтож қатлами муаммолари кўндаланг қўйилиб ечилишини таъминлайди. Масалан, 2004 йил - Меҳр-мурувват йилида барча ишлар ёрдамга муҳтож қатламга меҳр-мурувват кўрсатишга қаратилган.

Ўқитувчи Бахтиёр Исабековнинг билдиришича, ҳозир мамлакат аҳолисининг барча қатлами доимий эътиборга муҳтож. Шунинг учун йилларга ном бериш мантиқан унчалик тўғри эмас. Зеро, бир йил муайян табақага, кейинги йилда бошқа қатламга эътибор қаратиш тушунарсиздир.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, йилга ном бериш анъанаси шўро давридан қолган кўникма бўлиш билан бирга жамоатчиликни чалғитиш сиёсатидир. Бундай анъана бирорта демократик давлатда йўқ. Мавжуд тузум раҳбарлари давлатни бошқаришни эплолмай қолганида халқни чалғитиш учун шиорбозликка ўтиб олади.
XS
SM
MD
LG