Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2020, Тошкент вақти: 19:22

Халқаро хабарлар

Исландия ҳукумати шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бобби Фишернинг мамлакатда яшашига рухсат берди.

Фишер АҚШ ҳукумати сўровига кўра Японияда қўлга олинган ва ҳибсда сақланмоқда. Собиқ чемпион Югославияга нисбатан жорий этилган санкцияни 1992 йили бузганликда айбланмоқда. Ўшанда Фишер азалий рақиби Борис Спасский билан Белградда шахмат ўйнаган. У 1972 йилда Исландияда Фишер ғолиб чиққан машҳур беллашувнинг жавоб ўйини эди.
Ҳозирда Фишернинг АҚШда берилган паспорти муддати тугаган. Отаси немис бўлгани учун Бобби Фишер фуқаролик берилишини сўраб, Германия ҳукуматига мурожаат қилган ва ҳозирда сўров жавобини кутмоқда.

Кун янгиликлари

Петро Порошенко яна украиналик миллиардерлар рўйхатига қайтди

Ўтган йили Украина президенти лавозимидан Петро Порошенко Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатига қайтди. Собиқ давлат раҳбари украиналик миллиардерлар рейтингида айни пайтда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг умумий бойлиги 1 миллиард 400 миллион долларга баҳоланган.

Forbes Порошенко президент бўлиб сайланганидан кейин бутун бизнесини сотиш ҳақидаги ваъдасини бор-йўғи 20 фоизга бажаргани ва фақат Киевдаги бир заводинигина сотганига эътибор қаратади. Собиқ президент ўзига қарашли агрохолдинг ва Roshen қандолат фабрикасини ўғлининг номига ўтказиб берган.

55 ёшни қоралаган Порошенко 2014 йил июнидан 2019 майигача Украина президенти лавозимида ишлаган.

Украиналик миллиардерлар рейтингида биринчи ўринни тадбиркор ва Донецкнинг “Шахтёр” футбол клуби президенти Ринат Ахметов (2 млрд 800 млн доллар), иккинчи ўринни эса бизнесмен ва филантроп Виктор Пинчук (1 млрд 400 млн доллар) эгаллаган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 9,5 мингдан ошди

Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизи Олмаота ва Нур-Султонда.

Сўнгги 24 соат ичида Қозоғистонда коронавирус юққан 272 киши аниқланди. Бу билан беморлар сони 9576 нафарга етди. Расман билдирилишича, беморлардан 4768 нафари соғайган, 37 бемор ўлган.

Янги касалланиш ҳолатлари Қозоғистоннинг барча ҳудудларида аниқланган. Аммо коронавирусга чалинганлар сони бўйича ҳамон Олмаота ва Нур -Султон етакчилик қилмоқда. Олмаотада 2 378, Нур-Султонда 1 820 бемор бор. Бу Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Нур-Султонда 27 май куни ўтгану чрашувлардан бирида Қозоғистон “коронавирус касаллигининг авж палласидан ўтиб бўлди, бироқ эпидемияга қарши кураш ҳали якунланмади”, деб айтди.

Қирғизистонда 1 июндан барча давлат ташкилотлари иш бошлайди

Қирғизистон ҳукумати биноси.

Қирғизистон ҳукуматининг 28 майда билдиришича, 1 июндан бошлаб барча вазирликлар, давлат ташкилот ва муассасалари, ҳукуматнинг вилоятлардаги махсус вакиллари ва уларнинг ходимлари ишга чиқиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Айни пайтда иш жойигача жамоат тарнспортида бориш имконияти бўлмаган ходимлар иш фаолиятини уйда қолган ҳолда давом эттириши мумкин.

25 майдан Қирғизистонда жамоат транспорти ҳаракатланишига рухсат берилган эди. Бундан ташқари бир қатор корхоналар ва бозорлар, супермаркетлар фаолиятига ҳам рухсат берилган.

Қирғизистонда 22 мартда фавқулодда вазият, 25 мартдан эса фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган эди. 11 майдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими якунланди. Бир қатор шаҳарларда, жумладан, Бишкек ва Ўшда комендантлик соати бекор қилинди. Айни пайтда 22 мартда жорий этилган “фавқулодда вазият тартиби” амалда қолдирилди.

Фавқулодда вазият ҳолатида Қирғизистонда озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан ташқари барча фаолият турлари тўхтатилган эди.

Қирғизистонда 28 май ҳолатига кўра коронавирусга чалинган 1594 бемор аниқланди, уларнинг 1066 нафари тузалди, 16 нафари вафот этди.

Ислом уйғониш партияси раҳбарларидан бири қамоқхонавда вафот этди

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда қамоққа олинган эди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси сиёсий кенгаши аъзоси бўлган Абдусаттор Бобоев қамоқхонада вафот этди. Расмий маълумотда айтилишича, Хўжанд қамоқхонасида сақланган Бобоев “юрак ҳуружи” оқибатида жон берган. Марҳумнинг жасади яқинларига топширилган. Жасадда зўравонлик ва қийноқ аломатлари бўлмаган.

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда “экстремистиликка чақириш”, “экстремистик гуруҳ ташкил этиш” айбловлари билан қамоққа олинган эди. 2016 йилда у суд ҳукми билан 11 йилга кесилган. Унга нисбатан суд жараёни ёпиқ ўтган.

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти 2015 йилда тақиқланган ва у “экстремистик ташкилот” деб топилган. Партиянинг қатор аъзолари қамоқларга олинган, айрим аъзолар эса хориждан бошпана излашга мажбур бўлган.

АҚШда SpaceX ширкати ракетасининг тарихий парвози бошқа кунга қолдирилди

“Крю Дрэгон” космик кемасини коинотга олиб чиқиши керак бўлган “Фалькон 9”ракета ташувчиси старт майдончасида.

SpaceX ширкатининг 27 май куни кечқурун учирилиши мўлжалланган “Фалькон 9”ракета ташувчи парвози об-ҳаво шароити тўғри келмагани боис 30 майга қолдирилди.

АҚШ 2011 йилдан бери коинотга астронавтлар томонидан бошқариладиган ракетани учирмаган эди. Чоршанба куни учирилиши керак бўлган ракетани ҳусусий космонавтика тарихида биринчи марта учувчи бошқариши керак эди.

Мазкур ракета ташувчи коинотга иккита астронавт бошқарадиган “Крю Дрэгон” космик кемасини олиб чиқиши керак эди. Флоридадаги Канаверал бурнидан амалга оширилиши режалаштирилган парвоз учирилишга 15 дақиқа қолганида бекор қилинди.

SpaceX NASA учун учувчи бошқарадиган ракета ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ягона ширкат эмас. Boeing ҳам муқобил "Старлайнер" лойиҳаси устида ишламоқда.

NASA режасига кўра, "Крю Дрэгон" ва "Старлайнер" АҚШ космонавтикаси учун XX асрнинг 60-йилларида СССР томонидан ишлаб чиқилган "Союз" кемасинининг ўрнини босиши лозим.

Ҳонконг АҚШнинг "алоҳида эътиборидан" маҳрум бўлиши мумкин

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Ҳонконг бундан буён АҚШнинг алоҳида ёндошувига умид қилмаса ҳам бўлаверади, чунки у Хитойдан етарлича даражадаги мухториятни сақлай олмаяпти. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео 27 май куни маълум қилди.

Унинг билдиришича, Пекин айни пайтда Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. “Бу ҳужжат Ҳонконг мухторияти ва эркинлигини қўпориб ташловчи сўнгги омилдир”, деди Помпео.

Ўтган йили АҚШ Конгресси Давлат депатраментини бир йилда камида бир марта Ҳонконг Хитойдан мустақиллигини сақлаётганини тасдиқлаши шартлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунга асосан, Ҳонконг мустақиллигини Давлат департаменти тасдиқласа, Вашингтон Ҳонконга алоҳида савдо имтиёзларини сақлаб қолади. Қонунга асосан инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган Ҳонконг расмийларига нисбатан санкциялар қўлланилади.

Хитой ҳукумати “Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани ортидан Ҳонконгда яна норозилик намойишлари бошланиб кетди. Якшанба куни ўтган намойишда 200дан ортиқ норози қўлга олинган.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган. Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.

АҚШ президенти Трамп ижтимоий тармоқларни танқид қилди

Дональд Трампнинг твитларига бағишланган ҳажвий кўргазма.

Twitter ўз обуначиларини АҚШ президенти твитларида ноаниқликлар бор экани тўғрисида огоҳлантира бошлаганидан сўнг, Дональд Трамп ижтимоий тармоқ сервисларини танқид қилди.

“Республикачилар ижтимоий тармоқ платформалари консерваторлар овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди. Биз бу иш амалга оширилишининг олдини олиш мақсадида уларнинг ишини қатъий бошқарамиз ёки бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўямиз”,-деди Трам.

Сешанба куни Трамп ўзининг икки твитида сайловларда почта орқали овоз бериш ғоясини танқид қилган ва бу жараён овоз бериш натижалари сохталаштирлишига хизмат қилади, деб ҳисоблашини билдирганди. Twitter бу твитларга “Почта орқали овоз бериш тўғрисидаги фактлар билан танишинг” деган маълумотни илова қилган.

Унда обуначилар экспертлариннг почта орқали овоз бериш жараёнида сайлов якунлари сохталаштирлиши деярли мумкин эмаслиги тўғрисидаги фикрлари билан таниша оладилар.

Трамп бунга жавобан ижтимоий тармоқни сўз эркинлигини бўғишга ҳамда 2020 йилнинг кузида ўтказиладиган АҚШ президентлиги сайловларига аралашишга ҳаракат қилаётганликда айблади.

Республикачи сенаторлар аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва Googleга цензура ҳамда улар фаолиятини федерал даражада мувофиқлаштириш билан таҳдид қилган.

Демократ сенаторлар эса, бунга жавобан, ижтимоий тармоқларнинг реал муаммолари “душманлик тилини” тарқатиш ва дезинформациядан иборат эканини билдиришган.

Еврокомиссия пандемиядан кейинги инқирозга қарши режасини тақдим этди

Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 27 май куни коронавирус инфекцияси пандемиясидан кейин Европа иқтисодиётининг тикланишига оид режани тақдим этди.

Брюссель амалдаги умумевропа механизмларига қўшимча сифатида 750 миллиард евролик жамғарма тузишни таклиф этмоқда. Бу маблағнинг 500 миллиардини грантлар, 250 миллиардини эса кредитлар ташкил этади. Бу пулларни Еврокомиссия молия бозорларидан қарзга олмоқчи. Агар тикланиш ва ислоҳотлар бўйича конкрет режалари маъқулланса, ёрдамдан ЕИнинг барча мамлакатлари фойдалана олишлари мумкин.

“Кейинги авлод Европа Иттифоқи” деб номланган жамғармадан ташқари Еврокомиссия 2021–2027 йиллар учун ЕИнинг 1 триллион 100 миллиард евролик узоқ муддатли бюджети янги лойиҳасини тақдим этди.

Кейинроқ Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель таклиф қилинган инқирозга қарши режа 19 июнь куни ЕИ саммитида кўриб чиқилишини билдирди.

Европа яқин-яқингача COVID-19 пандемиясининг маркази бўлиб турган, ҳозир марказ Лотин Америкасига кўчган. Италия, Испания, Франция ва Германия коронавируснинг ёйилиш даражаси бўйича ҳали-ҳамон жаҳон лидерлари ўнлигида турибди.

Грузияда бош вазир парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат митинг уюштирди

Георгий Гахария.

Тбилисида Грузия бош вазири Георгий Гахария 27 май куни парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат қонун чиқарувчи орган биноси олдида оммавий акция уюштирди. Митинг иштирокчилари бош вазирни россияпараст сиёсат юритаётганликда ва “евроатлантика йўналишига хиёнат қилаётганлик”да айбладилар. Фаоллар мухолифатнинг 2019 йил 20 июнидаги норозилик намойиши шафқатсизларча бостирилиши эслатиб турсин учун парламент биноси дарвозасини қизил рангга бўяшга ҳам уринишди. Акция иштирокчилари ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Гахария ўз ҳисоботида мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ва чекловларни босқичма-босқич бекор қилиш стратегияси ҳақида гапириб берди. Мухолифат партиялари аъзолари бош вазирни иқтисодий стагнация туфайли юз минглаб киши ишсиз қолган бир пайтда аҳолига инқирозга қарши амалий режа таклиф қилолмаётганликда айбладилар. Депутатлар ўтган йили парламент биноси олдидаги намойишчилар аёвсиз тарқатилганини ҳам эслатдилар. Улар бош вазирни “қонхўр жаллод” деб атадилар. Гахария мухолифатдаги “Асосий канал” телекомпанияси ҳаммуассиси Георгий Руруани қамоқдан озод қилишни истамаётганликда ҳам айбланди. Руруани мухолифат сиёсий маҳкум, деб ҳисоблайди.

Грузияда парламент биносига ҳужум 2019 йилнинг 21 июнига ўтар кечаси содир бўлган. Ўшанда мухолифат фаоллари Россия Давлат думаси депутати Сергей Гаврилов Грузия парламенти спикери креслосига ўтирмоқчи бўлгани ортидан стихияли митинг уюштиргандилар. Ҳужум чоғида юзлаб одам оғир тан жароҳати олган. Полиция норозиларни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Орадан бир неча кун ўтгач, Грузия Бош прокуратураси мухолифатнинг бир неча лидерига қарши жиноят иши очган.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони Ўзбекистондагидан ошиб кетди

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги 27 май оқшомида COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 3424 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатди, дея хабар қилади Озодликнинг тожик хизмати.

Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги кеча-кундузда 158 нафар киши инфекцияга чалинган, яна шунча бемор соғайган. Бу мамлакатда коронавирусдан тузалган кишиларнинг умумий сони 1575 нафарга етган. Эпидемия бошидан бери 47 бемор ҳаётдан кўз юмган.

Айни пайтда Ўзбекистонда расмий маълумотларга мувофиқ, 27 май соат 16:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 3355 нафарни ташкил этган. Хасталик ёйила бошлаганидан бери COVID-19 дан тузалганлар сони 2659 кишига, қурбонлар сони эса 14 кишига етган.

Франция маҳаллий автомобилсозликни дастаклаш учун 8 млрд евро ажратади

Citroën C-Zero электромобили.

Франция автомобиль саноатини қўллаб-қувватлаш учун 8 миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратмоқчи. Бу ҳақда мамлакат президенти Эммануэль Макрон билдирди.

Мазкур маблағ, энг аввало, электромобиллар ва гибрид моторли машиналар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бундан 1 миллион евро харидорлар учун субсидияларга кетади. Мулоҳазаларга кўра, тармоқдан заряд олиш имкониятига эга гибрид автомобиль сотиб олишни истаган харидорлар давлатдан 2 минг евро миқдорида пул олади.

Коронавирус пандемияси қабатида Францияда автомобиль ишлаб чиқариш 80 фоизга қисқарган. Сотувчилар тасарруфида ярим миллион янги ва ҳайдалган машиналар тўпланиб қолган. Макронга кўра, давлат нафақат сотувни, балки инновацион лойиҳаларни ҳам дастаклашга тайёр.

Давлат кўмаги эвазига, Макроннинг айтишича, автомобилсозлар ишлаб чиқаришни бошқа мамлакатлардан Францияга кўчириб келишга ҳамда мамлакатда мавжуд бўлган саноатни тўла ҳажмда сақлаб қолишга рози бўлганлар. Хусусан, Peugeot ва Citroën автомобилларини ишлаб чиқарувчи PSA концерни йилига 450 минг автомобиль ишлаб чиқаришга тайёр. 2021 йили завод гибрид ва электродвигателли 130 минг машина ишлаб чиқаради.

Россиялик врачларнинг 80 фоизи COVID-19 га оид ўлим статистикасига ишонмайди

Россиялик врачларнинг қарийб 80 фоизи мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ ўлимга оид расмий статистикага ишонмайди. RNC Pharma ва "Доктор на работе" ташкилоти томонидан ўтказилган ва "Медицинский вестник" нашрида ёйинланган сўров натижалари ана шундан далолат бермоқда.

Сўралган врачларнинг 61 фоизи коронавирус билан боғлиқ ўлим бўйича расмий маълумотлар ҳаққонийлигига шубҳа қилишини айтган. Уларнинг яна 17 фоизи статистика ва ташхис билан манипуляция қилинганини тасдиқлашга тайёрлигини билдирган. Врачларнинг 8 фоизи фикрича, ҳали маълумотларни ўзгартириб беришга ҳожат йўқ, бироқ коронавирус қурбонлари оша бошлаши билан рақамлар манипуляцияси бошланади.

Сўралганларнинг 9 фоизигина расмий статистикага тўла ишонини қайд этган. Уларга кўра, ўлим билан боғлиқ маълумотларни сохталаштиришнинг имкони йўқ. "Медицинский вестник" нашри сўров натижалари юзасидан изоҳ сўраб Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган.

Расмий статистика унинг ноаниқ ва қисман сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонга борган тадқиқотчилар томонидан бир неча марта танқид қилинган. Россия расмийлари бу иддаоларни рад этмоқда.

Май ойида Британиянинг The Financial Times ва АҚШнинг The New York Times нашрлари Москва ва Санкт-Петербургда коронавирусдан ўлганлар сони ҳақида материаллар ёйинлаган. Журналистлар фикрича, ўлим ҳолатларининг ҳақиқий сони Россия расмий статистикасида келтирилаётганидан 70 фоизга кўп бўлиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу мақолаларни “асоссиз чайқов” деб атаб, Россиядаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўлим статистикаси ҳақида улар ёйинлаган хабарлар юзасидан раддия талаб қилган.

27 май ҳолатига кўра, Россияда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 370 минг 680 та ҳолат қайд этилган. COVID-19 важидан 3968 киши ҳаётдан кўз юмган, 142 минг 208 нафар бемор эса соғайиб кетган.

Қирғизистонда эпидемия аввалидан бери 300 чоғли тиббиётчи коронавирусга чалинди

Қирғизистонлик врачлар коронавирусга чалинган бемор палатасида.

Сўнгги кеча-кундузда қирғизистонлик 12 нафар тиббиёт ходимида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди.

Мулозимга кўра, эпидемия бошидан бери тиббиёт ходимларидан 299 нафари коронавирус инфекциясини юқтириб олган, улардан 243 нафари соғайган.

27 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1520 та ҳолат аниқланган, беморлардан 16 нафари оламдан ўтган, 1043 бемор соғайиб кетган.

Чувашия собиқ президенти Владимир Путинни судга берди

Владимир Путин ва Михаил Игнатьев, Москва, 2014 йил 24 июль.

Россия Олий суди Чувашия Республикасининг собиқ раҳбари Михаил Игнатьевнинг президент Владимир Путинга қарши даъво аризасини кўриб чиқади. Бу ҳақдаги маълумот Олий суд сайтида мавжуд.

Игнатьев Путин томонидан ўзининг ноқонуний тарзда истеъфога чиқарилганини иддао қилмоқда.

58 ёшли Игнатьев 2010 йилда Чувашия президентлигига ўша пайтдаги Россия президенти Дмитрий Медведев тавсияси билан тайинланган эди. 2015 йилнинг июнида у истеъфо берган ва ўша йилнинг сентябрида сайловда номзод сифатида иштирок этиб, 65, 54 фоиз овоз олган ҳамда президентлик лавозимига қайта сайлаганди.

2020 йилнинг январида Путин Чувашия президентини ишончни йўқотганликда айблаб, ишдан бўшатган. Бунга Игнатьев матбуот кунида ҳукуматни танқид қиладиган журналистларни “адабини бериш”га чақиргани ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига янги ўт ўчириш машиналарини топшираётганда ўт ўчирувчиларни итдек ирғишлашга мажбурлагани сабаб бўлган. Бу икки видео ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг Игнатьев “Единая Россия” партияси аъзолигидан ҳам чиқарилган эди.

ЖМТ: Коронавирус пандемияси вазиятида ёзнинг иссиқ келиши саломатликка салбий таъсир кўрсатади

Иссиқдан сақланиш учун ўзларини сувга отаётган покистонлик болалар. 28 апрель, Карачи.

Жаҳон метеорологиия ташкилоти – ЖМТ жорий йилда ёзнинг ўта иссиқ келиши коронавируснинг тарқалишини ҳисобга олганда инсон саломатлиги учун катта салбий таъсир кўрсатиши ҳақида маълум қилди.

AFP агентлигининг ташкилотга таяниб хабар беришича, ўта иссиқда кондиционердан чиққан ҳаво коронавирус пандемияси даврида тавсия этиладиган санитария меъёрларига жавоб бермайди.

Жаҳон метеорологиия ташкилоти расмий вакили Клэр Нуллис 26 майда Женевада ўтган матбуот анжуманида бу йил метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлишини айтди.

Май ойининг ўрталарида ЖМТ 2020 йил ёзида Ер юзида аномал об-ҳаво - тропик кенгликлардаги окен сатҳи ҳароратининг кўпайиши,Жанубий Америка ва Ҳиндистон ярим оролида ёғингарчиликларнинг кўп бўлиши кузатилишини билдирган эди.

Қирғизистон Хитойдан қарзларни тўлашда енгиллик берилишини илтимос қилди

Хитой ва Қирғизистон байроқлари.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков хитойлик ҳамкасби Ван И билан 26 майда телефон орқали қилган мулоқотида Хитойга қарзни тўлаш масаласини муҳокама қилди.

“Чингиз Айдарбеков коронавируснинг Қирғизистон иқтисодиётига келтирган зарарини ҳисобга олган ҳолда, ҳамкасби Ван Ини Хитойдан олинган қарзларни тўлашда енгиллик бериш масаласига эътибор қаратишга чақирди”, - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида.

Жорий йилнинг апрелида президент Сўўронбай Жээнбеков ҳам Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Хитойдан олинган қарзларни тўлашда Қирғизистонга енгиллик берилишини илтимос қилган эди.

Расмий хабарларда айтилишича, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард 700 миллион долларни ташкил қилади. Бу қарзнинг 1 миллиард 700 миллион доллари Хитойдан олинган.

АҚШ Марказий Осиё муҳожирларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасига 2 миллион доллар ажратади

Ўзбекистонга қайтолмай Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган муҳожирлар.

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAID COVID-19дан жабрланган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари эҳтиёжларини таъминлаш учун 2 миллион доллар маблағ ажаратади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълум қилди.

Мазкур ёрдам айни пайтда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида берилади. Лойиҳани Winrock International ташкилоти амалга оширмоқда.

“COVID-19 пандемияси Марказий Осиёдаги миллионлаб муҳожирларнинг гуманитар ва молиявий инқирозига олиб келди, уларнинг аксарияти Марказий Осиё бўйлаб транзит ва ўтиш жойларида қийинчиликларга дуч келмоқда”- дейилади расмий маълумотда.

Билдирувда айтилишича, иш ва четдан юборилаётган пул маблағларини йўқотиш оилаларни тегишли ресурсларсиз ҳамда ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. Шунингдек, мигрантлар ўзларини вирусдан қандай ҳимоя қилиш тўғрисида маълумот ва ресурсларга эга эмас.

“USAID «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида жуда зарур бўлган ёрдамни тақдим этади, шу жумладан ахборот манбалари билан таъминлайди, асосий хизматларга йўлланмалар беради, муқобил турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, муҳожирларга ушбу қийин вазиятни енгишда ёрдам бериш учун кўникмалар ва тренинглар ўтказади. Шунингдек, лойиҳа юридик ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади”, - дейилади расмий билдирувда.

Пентагон Россия томонидан Ливияга жанговар учоқлар ташланганини билдирди

Ливияга йўллангани тахмин қилинаётган Россия жанговар учоғи.

АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги 26 май куни Россия яқинда генерал Халифа Ҳафтар қуролли гуруҳи томонида жанг қилаётган ёлланма аскарларни дастаклаш учун Ливияга жанговар учоқлар ташланганига оид баёнот тарқатди.

АҚШ қўмондонлиги сайтида, иддаоларга кўра, Ливияга келгани тахмин қилинаётган учоқлар суратлари келтирилган.

Баёнотда Россиядаги ҳаво базасидан парвоз қилган учоқлар даставвал Сурияга қўнгани, Сурияда улар Россия авиациясига мансуб экани билинмаслиги учун белгилари бўялгани айтилади.

Африка қўмондонлиги раҳбари генерал Стивен Таунсендга кўра, Россия анчадан бери Ливиядаги зиддиятга аралашганини рад этиб келган, бироқ эндиликда “буни яширмай қўйган”. Унинг таъкидлашича, Ҳафтар етакчилигидаги Ливия миллий армиясида ҳам, у томонда туриб жанг қилаётган “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма аскарларида ҳам Ливияга келган тўртинчи авлод жанговар учоқлари йўқ. “Россиялик ёлланма учувчилар Россиядан етказиб берилган учоқларда парвоз қилиб, ливияликларни бомбалайди”, деди америкалик генерал.

Баёнотда Россия хатти-ҳаракатлари Ливияда зиддият давом этиши ва қурбонлар сони кўпайишига олиб келиши урғуланади. Айни пайтда Ҳафтарни дастаклаш орқали Россия узоқни кўзловчи стратегик мулоҳазаларга таянмоқда. АҚШ қўмондонлигига кўра, Россия Ливия соҳилига яхшилаб ўрнашиб олиб, у ерда кириш ва манёвр учун чеклов ва тақиқ системасини жойлаштиришга уринмоқда, бу эса, ўз навбатида, жанубий Европани хавф остига қўяди. Россиянинг Ливиядаги хатти-ҳаракатлари Европага муҳожирлар оқими ошишига ҳам сабаб бўлади.

Россия Мудофаа вазирлиги АҚШ қўмондонлиги иддаолари юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Ливияга Россияники экани тахмин қилинган камида саккизта ҳарбий учоқ ташлангани ҳақида аввалроқ Bloomberg агентлиги хабар қилганди. Агентлик учоқлар Ливияга Суриядаги Хмеймим ҳарбий базасидан етиб келганини иддао қилган. Таъкидланишича, авиация Ҳафтар амалиётини дастаклаши лозим. Москва бу хабар юзасидан ҳам изоҳ берган эмас.

Ливияга келган учоқлар суратларини таҳлил қилган The Drive сайти аввалроқ уларнинг Россияга тегишлилигини шубҳа остига олган. Бу учоқлар ичида камида олтита МиГ-29 қирувчиси ва иккита Су-24 ҳужум учоғи бор, айни пайтда МиГ-29 учоқлари Суриядаги ҳаво кампаниясида қўлланилган эмас. Материалда, манбалардан олинган маълумотларга кўра, қирувчи учоқларни Ҳафтар қўшинларига Бирлашган Араб Амирликлари Беларусдан сотиб олиб, етказиб берган бўлиши мумкинлиги иддао қилинади. Уларни Мисрдан етказиб берилгани ҳам истисно қилинаётгани йўқ. Бу мамлакатлар Ҳафтарни дастакламоқда ва тез-тез қурол-аслаҳа билан таъминлаб турибди.

Ҳафтар ўзи билан курашаётган Миллий муроса ҳукумати қўшинларга қарши ҳаво зарбаларини кучайтиришга тайёрлигини билдирган. Бироқ Ҳафтар кучлари Триполи остонасидаги жангларда муваффақиятсизликларга учраётганига қарамай, ҳали Ливияга яқинда келган учоқларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақида хабар қилингани йўқ.

Аввалроқ Туркия матбуоти “Вагнер ХҲШ” жангчилари жанг майдонини тарк этиб, фронт орқасига эвакуация қилингани ҳақида хабар берганди.

Ливияда айни пайтда фуқаролар уруши кетяпти. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати ўз назорати остида тутиб турибди. Уни БМТ, ғарб мамлакатлари, Туркия ва Қатар дастакламоқда. Мамлакат шарқи ва жанубининг бир қисмини Ливия намояндалар палатаси назорат қилмоқда. 2014 йилда сайланган бу гуруҳ “Тобрукдаги ҳукумат” сифатида танилган. Уни яқинда ўзини мамлакатдаги ягона ҳокимият деб эълон қилган генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси дастакламоқда. Унга, ўз навбатида, БАА ва Миср кўмак бермоқда. Ҳафтар бир неча бор Москвага ташриф буюриб, россиялик юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар олиб борган. Россия расман ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳеч қайсисини дастаклаётгани йўқ.

Жорий йил бошида Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 12 январдан Ливияда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ташаббуси билан чиққан эдилар. Ҳафтар бу таклифни рад этган. Эрдўғон Ҳафтар томонида 2 минг чоғли россиялик ёлланма аскар жанг қилаётганини иддао қилган. Расмий Москва, Ливияда россиялик фуқаролар бор бўлган тақдирда ҳам, улар Россия куч ишлатар тузилмаларини тамсил этмаслигини билдириб келади.

Тожикистонда тантанали тўй маросимлари тақиқланди

Коронавирус пандемияси туфайли Тожикистонда тўй тантаналарини ўтказишга тақиқ қўйилди. Бунга оид қарор Дин, анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси томонидан олинган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати қўмита матбуот котиби Афшин Муқим сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимга кўра, муқаддас Рамазон ойи тугаганидан кейин қўмитанинг маҳаллий бўлимларига фуқаролардан тўй ўтказиш бўйича аризалар келиб туша бошлаган. Уларнинг ҳаммасига “COVID-19 га қарши кураш бўйича республика штаби тавсияларига мувофиқ” рад жавоби берилган. Тўйларга тақиқ эпидемиологик вазият яхшиланганидан кейин бекор қилишини режаланмоқда. Афшин Муқим ФДҲЁлар аввалгидек никоҳларни қайд этавериши, бироқ тантаналар бўлмаслигини қўшимча қилган.

Тўй ўтказишга тақиқ қўйилгани ресторанларни қийин аҳволга солиб қўйган. Душанбедаги “Дидор” ресторани ходимлари журналистларга тақиқ жорий этилганидан кейин мижозлар банкет ўтказиш учун гаров сифатида ташлаб кетилган пулларини қайтариб беришни талаб қила бошлаганлар. Шу важдан ресторан солиқ ва ойликларни тўлашда қийинчиликларга йўлиққан.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ҳар йили 80 мингга яқин никоҳ қайд этилади. Ҳар никоҳнинг олтинчиси эса ажралиш билан тугайди.

Аввалроқ Тожикистонда коронавирус инфекцияси ёйилишининг олдини олиш учун ўқув муассасалари, кийим-кечак бозорлари, масжидлар, гўзаллик салонлари, автомобилларни ювиш шохобчалари ёпилган. Айни пайтда тиббиёт муассасалари, дорихоналар ва фармацевтика ширкатларининг барчаси туну кун ишлаш тартибига ўтказилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 3266 нафарга етган, 1417 нафар соғайиб кетган, 47 нафари эса оламдан ўтган.

Европа Иттифоқи COVID-19 га қарши вакцина учун 9,5 млрд евро йиғди

Европа Иттифоқи коронавирус инфекциясига қарши эмдори ишлаб чиқиш учун 9,5 миллиард евро маблағ тўплади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билдирди.

4 май куни ЕИ лидерлари COVID-19 га қарши курашга маблағ йиғиш учун виртуал саммит ўтказгандилар. Урсула фон дер Ляйенга кўра, биринчи босқичда зарур бўлган 7,5 миллиард евро йиғилган. Кейин эса хусусий шахслар, давлат тузилмалари ва жамғармалар хайрияни давом эттирганлар.

ЕИ мулоҳазасича, жамғарилган маблағ коронавирусни глобал миқёсда тадқиқ қилиш ҳамда кейинги босқичда вакцина ва дори-дармонлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Дори-дармонлардан барча давлатлар, шу жумладан, энг қашшоқ мамлакатлар ҳам фойдалана олиши лозим.

Коронавирус вакцинаси синовини айни пайтда бир неча ўн тадқиқот гуруҳи олиб бормоқда. Бир неча препарат тест учун тайёр ёки аллақачон одамларда синалмоқда. Бироқ мутахассислар эмдори бозорда бир йилдан аввал пайдо бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 5,6 миллиондан ошган, қурбонлар сони эса 350 мингга яқинлаб қолган.

Москвада Ғалаба паради 24 июнь куни ўтказиладиган бўлди

Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуга Москвада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигига бағишланган Ғалаба паради ўтказишга тайёргарликни бошлаш ҳақида топшириқ берди. Парад 24 июнга режаланган. Президент иштирокидаги расмийлар мажлисини “Россия-24” телеканали трансляция қилган.

“Барҳаёт полк” юриши ва анъанавий Ҳарбий-денгиз паради 26 июль куни ўтиши керак, деди В. Путин.

Россия президенти, агар пандемия туфайли иштирокчилар учун хавф сақланиб қоладиган бўлса, юриш яна бир ой кейинга кўчирилиши мумкинлигини қайд этди.

1945 йил 24 июнида Москвадаги Қизил майдонда тарихий парад бўлиб ўтган. Парадни маршал Георгий Жуков қабул қилган, қўшинларга маршал Константин Рокоссовский қўмондонлик қилган.

Анъанавий парад ва “Барҳаёт полк” юриши май ойида коронавирус эпидемияси туфайли ўтказилмай қолганди. Даставвал расмийлар 9 май куни кенг кўламли тантана ўтказишни режалаган, ҳатто бу маросимга бир неча давлат лидерини ҳам таклиф қилиб қўйгандилар.

Бу йилги парадда 15 минг одам ва қарийб 400 дона техника иштирок этиши керак эди. Бу режага ўзгартиш киритилганми-йўқми – ҳозирча маълум эмас.

Кобул Толибон тарафдори бўлган яна 900 нафар маҳкумни озод қилади

Афғонистон хавфсизлик кучлари ходими Рамазон ҳайитининг илк кунида, Кобул, 2020 йил 24 майи.

Афғонистон расмийлари оташкесимнинг сўнгги куни бўлган 26 майда Толибонга алоқадор яна 900 нафар маҳкумни қамоқдан озод этишни режалаяпти. Душанба куни расмий Кобул 100 нафар маҳкумни озод қилганди.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан 24 майдан бошлаб эълон қилинган жанг ҳаракатларини вақтинча тўхтатиш амалиётига, расмийларга кўра, мамлакатнинг аксар ҳудудларига риоя қилинмоқда.

Толибон вакилларининг оташкесим таклифига жавобан Афғонистон ҳукумати мазкур ҳаракатга алоқадор икки минг нафаргача жангарини озодликка чиқаришни ваъда қилган.

“Бугун 900 кишини озод қилиш бўйича қарор қабул қилинган”, деди Афғонистон миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жовид Файсал 26 май куни. У ҳуқуқий процедуралардан келиб чиққан ҳолда якуний рақам ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилган.

Февраль ойида Қўшма Штатлар ва толиблар АҚШ тарихидаги энг узоқ ҳарбий амалиётни поёнига етказишга йўналтирилган битимни имзолагандилар. Ҳужжат Толибон зиммасига хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклаш эвазига АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тартибини белгилайди. Битим билан Кобул Толибон тарафдори бўлган тақрибан беш минг маҳкумни озод этиши, Толибон эса ҳукумат тарафдори бўлган мингга яқин асирни озод қилиши лозимлиги ҳам шартлашилган. Бу чоралар Афғонистонда ички музокаралар бошланишига туртки бериши керак, деб ҳисобланмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳукумат узоқ йиллардан бери давом этаётган урушни тўхтатиш учун асосий омил ўлароқ кўрилаётган толиблар билан тинч музокаралар олиб боришга ҳозирлигини билдирган.

Тожикистонга Ўзбекистондан яна 24 тонна дори-дармон йўлланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Душанбега галдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу сафарги 24 тоннали юк дори-дармонлардан, асосан, антибиотиклардан иборатдир.

Душанбе мэриясидаги манба Asia-Plus нашрига Душанбега етиб келган ёрдам юки пойтахт соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармасига топширилганини маълум қилган.

Манбага кўра, Душанбе мэри тегишли тузилмаларга олинган дори-дармонларни ўз ўрнида ва коронавирусга чалинганларни бепул даволаш учун ишлатилишини назорат қилишни топширган.

Қайд этилишича, инсонпарварлик ёрдами ўлароқ келган дори-дармонлар “Samarkand England Eco-Medical” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон Тожикистонга шу йил 9 апрель куни 18 вагонда ун, тозалаш воситалари, тиббий халатлар, қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар, респиратор ва пирометрлардан иборат гуманитар ёрдам йўллаганди.

Шу йил 8 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан қўшни мамлакатга яна 10 тонна тиббий жиҳоз ва воситалар, жумладан, 10 та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати етказилган. 9 май куни Душанбега Ўзбекистондан яна 144 та мобил тиббий контейнер етиб борган.

Россияда бир ҳафта ичида иккинчи Ми-8 ҳарбий вертолёти ҳалокатга учради

Ми-8 ҳарбий вертолёти.

Россиянинг Чукотка минтақасида Ми-8 ҳарбий вертолёти қўниш пайтида ҳалокатга учради. Оқибатда вертолёт экипажининг 4 аъзоси ҳалок бўлди.

Вертолёт ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлгани айтилмоқда. У ерга қўниши билан ёниб кетган. Россия Мудофаа вазирлигининг 26 май куни билдиришича,“Угольние Копи” аэродроми ҳудудида ҳалокатга учраган Ми-8 ўқув машғулотини амалга ошираётган эди.

20 майда ҳам Москва вилоятида Ми-8 ҳарбий вертолёти ўқув машғулотни амалга ошираётган пайтда ҳалокатга учраган ва экипажнинг 4 аъзоси ҳалок бўлгани хабар қилинган.эди. Вертолёт экипажи 2017-2019 йилларда ҳарбий билим юртини битирган ёш йигитлардан иборат бўлган. Мазкур вертолёт қулашига ҳам техник носозлик сабаб қилиб қўрсатилган.

Россияда жосусликда айбланиб қўлга олинган АҚШ фуқаросига прокурор 18 йил қамоқ сўради

Пол Уилан Москвада 2018 йилнинг декабрида қўлга олинган эди.

Прокурор Москва судидан АҚШ фуқароси Пол Уиланга 18 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс” Уиланнинг адвокати Владимир Жеребенковга таянган ҳолда хабар берди.

Судда жосусликда айбланаётган Уилан айбсизлигини ва шунинг учун уни озод этишни илтимос қилган.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Уиланга нисбатан якуний суд мажлиси 25 майда Москва шаҳар судида ўтган. Уиланга ҳукм 15 июнда ўқилиши айтилган. Уиланга нисбатан суд жараёни 20 апрелда бошланган эди.

Адвокатнинг айтишича, судда ўнга яқин гувоҳ кўрсатма берган ва улар Уилан ўзларини жосусликка ёлламоқчи бўлгани ҳамда махфий маълумотларни тўплагани тўғрисидаги тергов иддаоларини инкор қилишган.

АҚШ собиқ ҳарбий денгизчиси Пол Уилан Москвадаги меҳмонхоналарнинг бирида 2018 йилнинг декабрида қўлга олинган эди. 49 ёшдаги Уилан Канада, Ирландия ҳамда Британия фуқаролигига ҳам эга.

АҚШ ҳукумати бир неча маротаба Уиланнинг айбсиз эканига ишонишларини билдириб, Россия ҳукуматини уни озод этишга чақирган.

Россия қонунчилигига асосан жосусликда айбланганлар 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG