Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Савдогарлар Олотдаги божхоначилардан дод демоқда


Басира Маълум бўлишича, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидан ўтиб-қайтиш тартиби ўзгарган. Эндиликда бир фуқаро 6 доллар тўлаб ҳар икки томонга ойига фақат бир марта ва уч кунга бориб-келиши мумкин.

Бир ойдирки, Олот туманидаги божхона постидан Туркманистонга қатнаётган бухороликларнинг чегарадан ўтиб-қайтиши анча оғирлашган. Янги ўрнатилган тартиб чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатяпти. Чунки чегарадош ҳудудда яшовчи фуқароларнинг кўпчилиги уй-рўзғор учун зарур маҳсулотларни Туркманистондан харид қилиб, Бухоро вилоятида сотиш билан рўзғор тебратади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухородаги учрашувигача фуқаролар олти доллар тўлаб, хоҳлаган вақтда чегарадан ўтиши ва қўшни давлат ҳудудида беш кунгача бўлиши мумкин эди. Мазкур учрашув сўнггида икки давлат раҳбарлари чегарадан ўтиб-қайтиш анча енгиллашишини айтганди. Лекин аксинча бўлиб, ўтиш оғирлашгани фуқароларнинг кескин норозилигини келтириб чиқаряпти.

“Божхона деганини йўқотиш керак. Пул берсанг ўтказади, бўлмаса ойлаб ушлаб ўтиради. Бир сумка юк учун беш долларгача сўрайди. Агар пора бермасак, очдан ўлсак ҳам уларнинг иши йўқ”, - дейди чегара ҳудудида яшовчи Шавкат Қурбонов.

Ўз исмини айтишни истамаган суҳбатдошлардан бирининг таъкидлашича, Туркманистондан хўжалик моллари, чинни идишлар олиб келиб сотиш билан тирикчилик қилади. Туркманистондан харид қилган 17 қути чинниси тўрт кундан буён божхонада ушлаб турилибди. Божхоначилар тўрт қути чиннини берса, ўтказиб юборишларини айтган. Тўрт қути чинни 80 минг сўм туради.

“Илгари ойига уч-тўрт марта юк олиб ўтар эдим. Энди бир ойга бир марта ўтказиладиган бўлди. Нима қилишни билмайман. Туркманлар ўтказади, лекин ўзбек божхоначилари ўтказмайди”, - деди у.

Фуқароларнинг билдиришича, божхонада келиб-қайтувчилар учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ. Меҳмонхона ишламаганлиги боис, фуқаролар ўз юки билан очиқ ҳавода навбат кутиб туришга мажбур. Баъзан навбат кутиб бир неча кун кўчада, совуқ ва қору ёмғирда қолиб кетилади.

Эрталаб саккиздан кеч соат 18 гача Олот божхона постида тўпланиб турган кўплаб фуқароларни кўриш мумкин. Уларнинг айтишича, кўпчилиги Туркманистондан олиб келинган, лекин божхоначилар томонидан ўтказилмаётган юкларини ёки савдогар оила аъзоларини бу ерда бир неча кунлаб кутиб қолади.
XS
SM
MD
LG