Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:07

Қўшқундиликлар кимдан ёрдам кутсин?


Маълумотларга қараганда, Тошкент вилоятидаги Қушқўнди қишлоғининг уч юзга яқин фуқароси 26 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловида иштирок этишдан бош тортган. Бунга маҳаллий ҳокимиятнинг улар яшаётган дала ҳовлиларни бузиб ташлаш ҳақида қарор чиқаргани туртки бўлган.

Бу дала ҳовлилар учун ер 1974 йилда Ўзбекистон Министрлар Советининг қарори билан ажратилган эди. Қарордан кейин турли давлат ташкилотларининг ишчи-хизматчилари ўз маблағи ҳисобига иморат тиклаганди.

“Ирригатор” боғ-узумчилик ширкати раиси Нажим Пармонқуловнинг сўзларига қараганда, ҳозир бу ерда ўнлаб оилалар муқим яшайди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараларини белгилаш бошланганда, мазкур дала ҳовлилар ҳам чегара ҳудудига тушиб қолган. Тошкент вилоятининг Тошкент туманига қарашли бу ҳудудда ҳозир 900 га яқин дала ҳовлини бузиб ташлаш режалаштирилган. Лекин бу тадбир шу ерда яшовчи аҳолини жалб этмаган ҳолда, фақат ҳокимликнинг қарори билан амалга оширилмоқда. Уйлар ва у ерда яшовчиларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаётир.

Н.Пармонқуловнинг таъкидлашича, 2005 йилнинг 1 февралигача барча уйларни бузиш тўғрисида буйруқ бўлган. Лекин аҳолига бузилган уйлар учун товон тўлаш кўзда тутилмаяпти.

Н.Пармонқуловнинг билдиришича, аввалига расмийлар келиб чегара чизиғига эллик метргача яқин бўлган барча дала ҳовлилар бузилишини айтган. Бу топшириқ бажарилган. Шундан кейин чегара чизиғидан 150 метргача, ҳозир эса 4 километргача бўлган масофада барча иншоотлар бузилиши айтилмоқда.

Н.Пармонқулов Вазирлар Маҳкамасида мана шу масалада ўтказилган йиғилиш баёнининг бир нусхасини “Озодлик” мухбирига ҳам тақдим этди. Мазкур ҳужжатда ёзилишича, Тошкент вилоятининг чегара ҳудудларида яшайдиган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва чегарани қўриқлашга қулай шароит яратиш мақсадида 1 февралгача барча истиқомат жойлари ва дала ҳовлилари кўчирилиши лозим.

“Ирригатор” ширкати аъзоси Виктор Калмиковнинг сўзларига кўра, мажлис баёнида чегара ҳудуди ва чегарага яқин жойлар аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, бузилган уйлар учун товон тўланиши ҳақида ҳам гап йўқ.

“Қозоғистон томони фақат чегара устунлари кўмиб қўйган, холос. Шундоққина чегарага яқин бўлган уйларга ҳам тегинилгани йўқ. Ўзбекистон томонидан эса ҳар 2,5 метрга биттадан устун кўмилиб, тиканли сим тортила бошланди. Аввалига чегарага 50 метргача бўлган жой очиқ бўлиши керак, деб ўнга яқин уйни булдозер билан суриб ташлашди. Энди эса 1,5 километргача жойдаги уй ва дала ҳовлилар бузиб ташланиши керак экан”, - деди В.Калмиков.

Н.Пармонқуловнинг маълум қилишича, уйи бузиладиганлар учун туманнинг “Ўзбекистон” ширкатлар уюшмасидан ер ажратилган. Бу ер паст-баландликлардан иборат бўлиб, кузи буғдой экилган. Ширкатлар уюшмаси раиси эса ер буғдой ўриб олингандан кейин ажратилишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG