Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:04

Ҳукумат аҳолидан қарзини қачон узади?


Тўлқин Собиқ совет ҳукумати томонидан ўтган асрнинг 90-йилида давлат заёмлари чиқарилганига бу йил 15 йил тўлди. Ўзбекистонликларнинг 70 мингдан ортиғи ҳам мақсадли фоизсиз заёмларни сотиб олган эди.

Уларнинг минг нафари бу заёмни турли русумдаги автомобиллар олиш мақсадида харид қилганди. Давлат бир йил ичида автомобиль бериш, иложи бўлмаса, пулни қайтаришга ваъда берганди. Мустақилликдан сўнг - 1993 йилда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига бу қарзларни тўлаб бериш мажбуриятини олганди. Лекин орадан 15 йил ўтса ҳамки, пуллар эгаларига қайтарилгани йўқ.

2003 йилда заём харид қилганлардан бири уни қайтаришга мутасадди бўлган Молия вазирлигини судга берган эди. Ўшанда молия вазири ўринбосари Ботир Ашрафхоновнинг судга тақдим этилган хатида 90-йил займи ҳақида бундай дейилганди:

“Давлат мақсадли фоизсиз заёмлари аҳоли орасида узоқ муддат қўлланиладиган маҳсулотлар билан қарзни узиш мажбуриятини олган ҳолда тарқатилган. Ўзбекистонликлар харид қилинган заём бўйича турли русумдаги 10 минг 674 дона автомобиль, 29 минг 106 дона рангли телевизор, 9 минг 30 дона тикув машинаси, 7 минг 414 дона совутгич, 1226 дона кир ювиш машинаси ва бошқа маҳсулотлар берилиши керак эди. Давлат мақсадли фоизсиз заёмлари облигацияларини ҳозирги нархларда тўлаш жуда катта маблағ талаб қилади”.

Маълум бўлишича, 1993 йилда МДҲ мамлакатларининг Москвада бўлиб ўтган йиғилишида аксарият давлатлар собиқ иттифоқнинг аҳолидан мустақилликкача бўлган қарзларини, шу жумладан, 90-йил заёмларини ҳам ўзи тўлаш мажбуриятини олган. Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларига қарзни тўлашни зиммасига олган.

Автомобиль олиш мақсадида 90-йил заёмидан харид қилган кишилардан бирининг сўзларига қараганда, собиқ иттифоқ марказий банки ўшанда “Жигули” русумли бир дона автомобилни 14 000 АҚШ долларига баҳолаган. Қозоғистон, Россия каби давлатлар бу қарзларини аҳолига қайтарган. Ўзбекистон эса бу ҳақда қарор ҳам қабул қилмаган.

Юқорида эслатилган судга Молия вазирлиги томонидан юборилган хатда қуйидаги сўзлар бор:

“1990 йилги давлат мақсадли фоизсиз заёмларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўланиши фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети кўрсаткичларида тегишли харажатлар тасдиқланган ҳолда ва бу тўловларнинг амалга оширилиш тартибини ҳамда бунга масъул бўлган давлат органларини белгилаб берадиган ҳукуматнинг тегишли қарорлари қабул қилинганидан сўнг амалга оширилиши мумкин”.

Заём эгаларининг бир қисми оламдан ўтиб кетди. Лекин ҳукумат фақат ваъда бериш билан чекланмоқда.

Заём харид қилганлардан бирининг таъкидлашича, ўзбекистонликларнинг 70 мингидан ортиғига қарзларни қайтаришни зиммасига олган ҳукумат ўзи чиқарган қонунларни, жумладан, Фуқаролик кодекси ва Конституциянинг бир қанча бандларини бузиб келмоқда.

Молия вазирлигидан заёмлар тақдири масаласида жавоб олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG