Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Қонун яхши, лекин...


2005 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қонун асосида қабул қилган қарорига кўра, 2005 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимига қўшимча равишда жамғариб бориладиган пенсия тизими жорий этилди.

Содда қилиб айтганда, хўжалик субъектларида маош олиб ишлайдиган фуқаролар бундан буён иш ҳақларининг бир фоизини Халқ банкида очиладиган ҳисоб рақамига ўтказади. Фуқаро пенсияга чиққандан кейин бу пулларни бирданига ёки қисман олиши мумкин.

Халк банки раисининг биринчи ўринбосари Атҳам Ҳайдаровнинг “Халқ сўзи” газетасида шу қонунга берган тушунтиришида бундай дейилади:

“Фуқаролар ойлик иш ҳақларининг бир фоизи миқдоридаги маблағ ҳисобланган даромад солиғи суммасидан чегириб ташланган ҳолда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига ўтказилади”.

Мутахассислар бу қонунни ижобий қабул қилмоқда. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати борки, у кўпчиликни ташвишга солаётир. Яъни йиғилган маблағ инфляция туфайли қадрини йўқотиб қўймайдими?

Халқ банки департаментларидан бирининг директори Комилжон Мадраҳимовнинг сўзларига қараганда, Халқ банки ҳар йили йиғилган маблағга инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда фоиз қўшиб боради. Маблағларнинг шаклланиши ва ўз вақтида тўланишига эса давлат кафолат беради.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, қонунда энг асосий жиҳат, яъни жамғарилган маблағнинг индексация қилиниши кўрсатилмаган.

“Инфляция деганда давлатнинг расмий статистикасидаги кўрсаткични эмас, ҳақиқий инфляция даражасини кўрсатиш керак. 2003 йил бошидан то 2004 йил охиригача ҳукумат инфляция даражасини тахминан 4 фоиз қилиб кўрсатмоқда. Аслида эса инфляция 40 фоиздан ошган. Агар жамғарилган маблағга ҳукумат кўрсатган миқдор қўлланилса, фуқаролар кўп нарса йўқотади”, - деди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошев жамғарилган маблағни индексация қилиш давлат томонидан кафолатланиши кераклигини, акс ҳолда бу пул 15-20 йилдан кейин оддий қоғозга айланиши мумкинлигини таъкидлади.

Виктор исмли ҳайдовчининг айтишича, аслида бу анча яхши қонун. Чунки йиғилган пуллар киши қариганда асқотади. Лекин бу қонуннинг хавотирли томони ҳам бор. 1992 йилда банкларга қўйилган пуллар орадан бир йил ўтиб, ўз қийматини минг баробар йўқотганди. Яъни пул ислоҳоти оқибатида минг сўм бир сўм бўлиб қолганди. Афсуски, ҳукумат жамғариладиган маблағлар тақдири ҳам шундай бўлмаслигига кафолат бераётгани йўқ.

Викторнинг фикрича, аслида бундай жамғарма ихтиёрий бўлиши керак. Чунки ҳозир давлат банкларига ишонч йўқ.
XS
SM
MD
LG